Айни пайтда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олимлари томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Ўзбекча номлаш лабораторияси” ҳамда интернет тармоғида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун uznom.uz сайти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу сайт воситасида тадбиркорлар ўзлари очаётган янги фирма, корхона, савдо иншоотлари ҳамда ишлаб чиқарган янги маҳсулотлари учун ўзбекона ном танлаш имконига эга бўладилар.
Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилаётганини алоҳида қайд этган эди. Мазкур хизмат тури ёрдамида ном қўйиш жараёнида ўзбек тили меъёрларининг бузилиши ҳолатларига чек қўйилади.
Университетда бажарилаётган “Ўзбек тилидан инглиз тилига бадиий асарларни таржима қилиш учун электрон луғат яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа натижасида ўзбек адабиёти намуналарини инглиз тилига бадиий таржима қилиш сифатини кескин оширадиган ўзбек-инглиз бадиий таржима луғати яратилади, ўзбек ва инглиз тилларида инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат тасвирига оид бадиий тасвирларни ўз ичига олган расмли электрон поэтик луғат ишлаб чиқилади. Мазкур электрон луғат ижод намуналари лексикасини тўлиқ қамраб олади, тасвирлар орқали акс эттиради ва ўз интернет саҳифасига эга бўлади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда 4,4 миллиард сўм қийматдаги тематик мавзуларни шакллантирди. Мазкур танлов ўзбек тилининг жамиятдаги ва халқаро миқёсдаги мавқеи ҳамда нуфузини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлат тилининг тўлақонли жорий этилиши бўйича мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш, давлат тилини ривожлантиришга оид илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилади.
Танловга вазирлик, идора, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларидан 28 та лойиҳа тақдим этилди. Дастлабки техник экспертиза натижаларига кўра, илмий аҳамияти юқори, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган 15 та илмий лойиҳа бугунги кунда вазирлик ҳузуридаги Филология, психология, педагогика фанлари бўйича илмий-техник кенгаш томонидан илмий экспертизадан ўтказилмоқда.
Танловда “jadid.uz” электрон платформасини яратиш” инновацион, “Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш”, “Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг методик таъминоти бўйича электрон платформа яратиш”, “Янги авлод ўқув луғатлари ва уларнинг мобиль иловаларини яратиш” каби мавзуларда амалий лойиҳалар ҳам эълон қилинди. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “...биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз.
Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, деб алоҳида таъкидлаган эди. Вазирлик эълон қилган “jadid.uz” электрон платформасини яратиш” инновацион лойиҳасининг бажарилиши натижасида жадидчилик ҳаракати, адабиёти ва драматургияси, жадидларнинг миллий тил ва имло масалаларига муносабати кенг ёритилган электрон платформа юзага келади.
Илмий тадқиқот натижасида жадидчилик ҳаракати, жадид адабиёти ва драматургиясига оид манбалар, тадқиқотлар ўрганилади, таҳлил қилинади, шу даврда “Ойина”, “Инқилоб”, “Ҳақиқат”, “Маориф ва ўқитувчи” журналлари, “Садойи Туркистон”, “Иштирокиюн”, “Туркистон”, “Қизил Ўзбекистон”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Фарғона”, “Зарафшон”, “Бухоро ахбори” каби газеталарда босилган материаллар жорий имлога ўтказилади. Миллий корпус — миллий тил хазинаси. Ундан лингвист, лексикограф, компьютер лингвистлари, дастурчи, муҳаррир, таржимон, журналист, ношир, олим, ўқитувчи, таълим олувчи каби жуда кўп соҳа мутахассислари кенг фойдаланади. Айниқса, она тили ва чет тилларни ўқитиш ҳамда ўрганиш борасида корпусларнинг ўрни беқиёс. Бугун дунё миқёсида тил ўргатиш тизими корпусларга йўналтирилаётгани сир эмас.
Шу боис, таълим, шева, поэтик, оғзаки, илмий ва расмий матнлардан иборат микрокорпусларнинг тузилаётгани эътиборга молик. Бироқ ўзбек тили корпусини яратиш иши ортга суриб келинаётган эди. Вазирлик эълон қилган “Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа ана шундай мақсадга қаратилган. Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш соҳасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш, 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғат яратиш белгиланган.
“Янги авлод ўқув луғатлари ва уларнинг мобиль иловаларини яратиш” амалий лойиҳаси ана шундай мақсад ва вазифалар ижросига қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида умумтаълим мактабларининг 5–11-синфлари учун “Ўзбек тилининг омонимлари ўқув луғати”, “Ўзбек тилининг паронимлари ўқув луғати”, “Ўзбек тилининг морфем ўқув луғати” услубий қўлланмалари ва ўқувчиларнинг мустақил ишлаш қобилиятларини ривожлантириш учун янги авлод ўқув луғатлари ва уларнинг мобиль иловалари яратилади. “Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг методик таъминоти бўйича электрон платформа яратиш” амалий лойиҳаси ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг халқаро стандартлар талабларига мос методик таъминоти (тил билишнинг А1, А2, В1, В2 даражалари учун дарслик, луғат, сўзлашгич ва хрестоматиялар)нинг электрон платформасини яратишга қаратилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этиш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек тилидан тўлиқ фойдаланилишини таъминлаш мақсадида “Innovative Developers” (www.idev.uz) корхонаси билан ҳамкорликда кирилл ёзувидаги матнларни лотин ёзувига ўгирадиган дастурий таъминот яратди. Бу дастур Word файлларида ишлайди, матнларни хатосиз ва форматини бузмасдан у ёзувдан бу ёзувга ўгиради.
Мазкур дастур жорий йил 21 октябрда, яъни Ўзбек тили байрами кунида барча вазирлик ва идораларга, ташкилот ҳамда ҳокимликларга беғараз тақдим этилди. Бугунги кунда Наманган давлат университетида бажарилаётган “Ўзбек фольклорининг веб-сайти ва мультимедиа маҳсулотини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳадан асосий мақсад ўзбек фольклори тарихи, тараққиёти, бугунги миллий маданиятимизда тутган ўрнини тарғиб этишга қаратилган илмий тўплам, веб-сайт ва ios, Android платформалари учун мобиль илова яратишдан иборат.
Энциклопедик хусусиятга эга бўлган ушбу лойиҳа натижасида ўзбек фольклори тарихи ва тараққиётини бугунги кун талаблари асосида тарғиб этган материаллар тадқиқ этилади, улар асосида илмий нашрлар амалга оширилади, ўзбек фольклорининг ўзига хос хусусиятлари илмий тадқиқот, аудио ва видеоматериаллар воситасида намойиш этилади. “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа миллий адабиётимиз тарихи, тараққиёт даврлари, адабий жараёнда кечаётган ўзгаришлар ва жаҳон адабиётида тутган ўрнини тарғиб этишга қаратилган кўп тилли электрон платформа яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўзбек ва Шарқ тилларини узвий равишда тадқиқ қилиш, қадимги қўлёзмаларни юртимизга қайтариш ишларини ташкил этиш мақсадига қаратилган яна бир инновацион лойиҳа доирасида Финляндия, Нидерландия, Франция, Италия, Германия, Австрия каби мамлакатларда сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базаси шакллантирилади, қўлёзмаларнинг илмий тавсифи, “Yevroturcologika.uz” вебсайти яратилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтидорли ёш олимларнинг илмий-инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалари танловини эълон қилган эди. Танловнинг асосий мақсади иқтидорли ва истеъдодли ёш олимларнинг илмий тадқиқот фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат.
Мазкур танловда бошқа фанлар билан чамбарчас тарзда ўзбек тили тадқиқотини олиб бориш масаласига мисол сифатида “Математика фанидан ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларидаги изоҳли луғат онлайн платформасини яратиш” инновацион лойиҳасини келтиришимиз мумкин. Бу лойиҳа натижасида узлуксиз таълим тизимида математика фанига оид атамаларнинг ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларидаги изоҳли луғатлар базасини яратиш, онлайн платформага босқичма-босқич равишда математика фанига оид атамаларни тушунтиришнинг анимацион (видео) файлларини жойлаштириб бориш, математика фанига оид атамаларнинг ўқувуслубий таъминотини яратиш, онлайн платформанинг мобиль иловасини яратиш кўзда тутилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, Ватан, халқ келажаги, ўзликни англаш, ўз она тилининг софлигини таъминлаш йўлида огоҳ, фидокор бўлмаслик мумкин эмас. Бу даъваткор сўзлар ҳеч вақт ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки қадрияти мустаҳкам халқимиз тилимизга эътиборини ҳеч ҳам сусайтирмайди.
Ноибахон МАМАДАЛИЕВА,
Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий котиби, филология фанлари доктори