Алишер Навоий ижоди ҳар замон, ҳар бир давр учун сабоқ бўладиган ўлмас ғоялар, фикр ва қарашлар уммонидир. Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорда замонамизнинг маънавий эҳтиёжига малҳам, муаммоларига ечим бўла оладиган бу ўлмас чашмани асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш борасида муҳим вазифалар белгиланган. 

— Суҳбатимиз аввалида айнан жорий йилда ўзбек тилига бўлган эътиборнинг кучайгани бевосита Алишер Навоий даҳосига бўлган эҳтиром билан чамбарчас боғлиқ эканига тўхталиб ўтсак. Тўғри, ҳар йили улуғ шоиримизнинг таваллуд айёмини адабиёт ва маърифат байрами сифатида нишонлаб, бир қатор тадбирлар, мушоиралар ўтказиб келдик. Лекин бу тадбирлардан кўнглимиз тўлмаётган эди...

— Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам, —

деганида Алишер Навоий ҳақ эди. Сабаби, у ўз ижоди орқали туркий миллат ва элатларни якқалам қила олди, бирлаштирди. Нафақат ўзбек тили, балки ўнлаб туркий тилларнинг бадиий жиҳатдан мукаммаллик касб этишида Алишер Навоийнинг қилган саъй-ҳаракатлари беқиёс. Зотан, бир йилча илгари хорижий конференциядаги учрашув чоғида туркиялик ҳамкасбимиз: “Модомики Ер юзининг қайсидир бурчагида туркий тилдаги сўз янграр экан, бу тилда гапирувчи ҳар бир инсон Алишер Навоийдан миннатдор бўлиши шарт”, деганида ниҳоятда фахрланган эдик.

Президентимиз томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланганида беихтиёр кўзимга ёш келди. Ҳозирги пайтда бу ҳақда гапириш жуда осон. Лекин биз тенги авлод ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлганмиз ўзбек тили давлат тили бўлиш учун маърифатпарвар юртдошларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз, зиёлиларимиз қанчалар жонфидо бўлиб курашганига. Жуда оғир кунлар, тортишувлар, мунозаралар бўлиб ўтган. Аллоҳга шукрки, не-не инсонлар орзу қилган кунларни кўриш бизга насиб этди.

Таъкидлаш лозимки, тил гегемонлиги учун курашни бизга Алишер Навоий бобомиз бошлаб берган. Форс тили Ўрта Осиёда минг йил давомида ҳукмронлик қилган. “Ёш шоирлар шеърлари катта устозлар назарига тушиши учун форс тилида ижод қилишар эди”, дейди Навоий бир асарида. Шундай бир шароитда Алишер Навоий турк тилини ҳимоя қилиш учун катта майдонга чиқади. Ҳатто Ҳусайн Бойқарога айтиб, ижодкорлар турк тилида ижод қилсинлар, деган мазмунда фармон чиқартиришга ҳам эришади. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида турк тилини форс тили билан солиштириб, ушбу тилнинг афзалликларини очиб беради. Шунингдек, туркий тилнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши учун 100 000 мисрадан иборат ноёб ижод намунасини биз авлодларга мерос қилиб қолдирди. “Мажолис-ун нафоис”да қайд этилишича, Навоий давридаги 400 нафар шоирнинг 30 нафаригина туркий тилда ижод қилган. Ўша давр муҳитида бу 30 нафар шоирнинг ижод қилиши осон бўлмаган. Президентимиз бежиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги ҳужжатни Ўзбек тили байрами куни олдидан эълон қилмади. Бу жараёнлар мантиқан бир-бирини тўлдириб, элимиз маърифати ва маънавиятини юксалтиришда жуда катта аҳамият касб этади.

— Қарорда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Президентимизнинг ­“Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор ло­йиҳасини ишлаб чиқишдек муҳим вазифа белгиланган. Мазкур фонд ташкил этилиши билан шу пайтгача ечимини топмай келаётган қайси муаммолар ҳал бўлади?

— Айтайлик, сиз Алишер Навоий ижоди бўйича бирор янгиликни кашф этдингиз ёки бирор китоб тайёрладингиз. Нашриётга олиб борсангиз, маблағ сўрайди. Институтга олиб борсангиз, бу ерда ишламайсиз-ку, дейишади. Ёки Навоий даври билан боғлиқ бир изланиш олиб бормоқчисиз дейлик. Ана шундай кезларда балки ўша даврдаги барча асарларни ўзида жамлаган улкан кутубхонаси бор мазкур фонд бизга ёрдам берар. Демак, навоийшуносларни қўллаб-қувватлайдиган, уларнинг бошини бир жойга қовуштирадиган бир ташкилот бўлиши жуда зарур. Мен неча йиллардан буён Алишер Навоий асарлари бўйича тайёрланган ижодий ва илмий ишларни йиғиш билан шуғулланаман. Уларнинг ҳар бирини варақлаш, ўрганиш жараёнида жуда кўп янгиликларни кашф этишингиз мумкин. Мана, яқинда Украинада “Фарҳод ва Ширин” асарини таржима қилишибди. Шунга ўхшаш асарларни жамлаган кутубхона ташкил этилиши бизга кўп маълумотларни ўрганишимизда ёрдам беради. Мазкур фонд навоийшунос олимларни бир даврага йиғиб, мунозара ва муҳокамалар юритишга имкон яратиб беришига умид билдирамиз.

Навоий ижоди орқали хорижликлар маънавиятимизни, руҳиятимизни танишади. Хорижлик бир ҳамкасбимиз: “Навоийдек буюк шоир фақат ўзбекларда бор. Унинг ижодидан таъсирланиб ёзилган ғазаллар ва асарлар ниҳоятда кўплигини кўриб ҳайратга тушаман”, деган эди.

— Шу боис, Алишер Навоий асарлари таржимасига ниҳоятда эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик билан муносабатда бўлишимиз керак. Шундай эмасми?..

— Албатта, бунинг учун эса ўзимиз ­Навоий даври тили ва муҳитини синчковлик билан ўрганишимизга тўғри келади. Қолаверса, илгари Навоий асарлари асосан рус тилига таржима қилинган бўлиб, 1968 йилда 10 жилдлиги нашр қилинган. Мана шу нашрнинг ўзи ҳам қайта-қайта чоп этилди. Ҳозирги кунда эса кўпроқ инг­лиз, француз, корейс, хитой ва япон тилларига ҳам таржима қилиниши керак. Чунки ҳар бир миллат ўзининг буюк шахслари орқали дунёга танилади. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк шахсларимиз миллатимизни асраб турувчи кўҳна ва боқий илдизларимиздир. Фақат бир муаммо бор, таржима жараёнида асарнинг мазмунига таъсир қилиши мумкин. Битта тилнинг грамматикасини билиш ўша тилни тўлиқ ўрганиш эканини англатмайди. Ўша тилда сўзлашадиган халқнинг руҳиятини ҳис қила олиш, анъана ва урф-одатларини ўрганиш жуда муҳим. Бунинг устига, ўрта аср руҳиятини бериш жуда мураккаб жараён. Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтмоқчиман. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида дарс бериш жараёнида компьютерга боғланиб қолган авлодни кузатдим, уларга Навоий асарларини тушунтириш осон бўлмаяпти. Бугун нафақат чет элликларга, балки ўз боламизга ҳам Навоий асарларини ўргатиш жуда қийин кечяпти. Ўша замондаги мезонлар, талаблар бошқача бўлган. Демак, биз ҳозирги авлод қалбига Навоий асарларини сингдиришнинг ўзига хос замонавий усулларини излаб топишимиз керак.

— Биз сўз юритаётган қарорда айни жараён борасида ҳам муҳим вазифалар киритилган. Яъни “... бешта муҳим ташаббус доирасида ёш дастурчиларни кенг жалб этган ҳолда Алишер ­Навоий асарларининг мобиль иловаларини яратиш ва уларни ёшлар ўртасида оммалаштириш” белгиланган...

— Бугунги авлод дунёқараши телег­рам, фейсбук, инстаграм орқали оламни қабул қилишга мослашган экан, биз ана шу воситалардан ҳам ўринли фойдалана билишимиз керак. Масалан, бола телефонини очганида яхши нарсаниям, ёмон нарсаниям қизиқиб бир кўриб қўяди. Шунчаки бир қараб қўйса ҳам ўша нарса ёки маълумот секин-секин унинг онгига жойлашади. Бошида шубҳа билан қараса ҳам такрор-такрор ўша нарсага дуч келаверса, уни ҳақиқат деб қабул қила бошлайди. Шу боис, керакли маълумотларни тарғиб қилишнинг интернетга мос вариантини ишлаб чиқишимиз ниҳоятда зарур.

Тўғри, Навоий даври тилини, фалсафаси чуқур мисраларни тушуниш осон эмас, иложи борича креатив, яъни ижодий усуллардан фойдаланганимиз маъқул. Мен 30 йилдан буён Навоий ижоди бўйича талабаларга дарс бериб келаман. Энди иш бошлаган кезларим, албатта, қийналганман. Вақт ўтиши билан эса тажрибам ошиб борди. Бир куни “Лайли ва Мажнун” достони бўйича дарс ўтгани кирдим. Баҳор фасли бўлгани боис йигит-қизлар дарс тинглашдан кўра ойнадан гуллаган дарахтларга термулиб хаёл суришни афзал кўришяпти. Севги мактубларини ўқигандай, хаёллари жойидамас. Бундай лаҳзаларда домлаларнинг зерикарли ва фалсафий маърузасини ким ҳам тингларди?.. Шу боис, мен ҳам ишқ-муҳаб­бат ҳақидаги замонавий шеърлардан сўз бошлаб, “Лайли ва Мажнун” воқеасини айтишга киришар эканман, ўртага савол ташладим: “...Мажнуннинг отаси Лайлининг отаси ёнига бориб унинг қизини келинликка сўрабди. Қани айтинглар-чи, қизингиз бўлса Мажнун каби девона йигитга берармидингиз?”.  Ана шу саволдан кейин қизғин мунозара бошланиб кетди. Бири Мажнунга, бири Лайлига, яна бири қайнотага, қолганлари қайнонага айланишди. Ҳатто дарслар жараёнида “Бугунги кунда мажнунона муҳаббат керакми?” деган саволни қўйиб иншо ҳам ёздирганман. Шундай пайтларда давра бирдан жонланиб кетади. Ва... мен ҳам гапни асосий мавзуга буриб юбораман. Гап шундаки, талаба сиз айтиб бермоқчи бўлган воқеани ўз ёнида содир бўлаётгандек қабул қилиши керак. Шундагина яхшироқ ҳис қилишга, тушунишга ҳаракат қилади. Мен ёшлар билан тенгма-тенг баҳслашиш, уларнинг ишончига кириш учун улар ёқтириб томоша қиладиган сериалларни кўришга, тинглайдиган қўшиқларини ўзимни мажбурлаб бўлса ҳам тинглашга ҳаракат қиламан. Дарс пайтида улар берган саволга ҳам жавоб бера олишим керак. “Анави машҳур қўшиқни эшитдим, менга мана бу жойлари ёқмади”, десам тала­баларнинг кўзлари чақнаб: “Йўғ-е, сиз ҳам эшитасизми шу қўшиқни?” дея ажаб­ланишади. Бугунги авлод бизни ҳурмат қилишини истасак, биз ҳам уларни ҳурмат қила олишимиз керак бўлади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ижод аҳли ўз қўшиғи, шеъри ва ҳикояси билан ҳам ёшларнинг руҳиятига таъсир қила олишлари жуда муҳимдир. Шу боис, ижодкорларимиз ўз устиларида кўпроқ изланишса, ўзбек тилини яхшилаб ўрганишса, жуда яхши бўлар эди. Чунки улар муомалага киритган сўзга ўз-ўзидан атрофдагиларнинг қизиқиши ҳам пайдо бўлади.

— Сиз айни пайтда Ўзбекистонга оид хорижий маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида ҳам фаолият юритяпсиз. Мазкур марказ чет давлатларда сақланаётган, ­Алишер ­Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш борасида қисқа муддатда жуда катта ишларни амалга оширди. Шу кунгача мутафаккир шоиримизнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга ўз ҳиссасини ­қўшиб келаётган қайси олимлар ҳамда илмий-ижодий муассасаларнинг из­ланишларини таъкидлаб айтган бўлардингиз?

— Хорижда ўзбек мумтоз адабиётини ўрганиш бошланганига анча бўлди. Хусусан, Алишер Навоий ва унинг ижоди ғарб олимларининг диққат марказига тушганидан бери бир неча аср ўтди. Афсуски, ХХ асрда шўро тузуми сиёсати оқибатида маънавий ва илмий алоқалар узилиб қолгани боис хориждаги ўзбек адабиёти тадқиқотчиларининг изланиш­ларидан кўп жиҳатдан бехабар ва бебаҳра қолдик. Эндиликда ғарб олимлари ва улар яратган илмий асарлар билан танишиш имкони кенгайиб бормоқда.

Мумтоз адабиётимиз тадқиқотчиларининг кейинги юз йилдаги таниқли вакиллари сифатида канадалик Мария Сабтел ва Элизар Бирнбаум, германиялик Ингеборг Балдауф ва Зигрид Клайн­миҳел, Венгриядан Бенедек Пери ва Ференч Чиркес, франциялик Марк Тоутант, туркиялик Фуод Кўпрулзода, Заки Валиди Тўғон, Камол Эраслан, Осман Серткая, Танжу Сейҳан, озарбайжонлик Ҳамид Орасли, Жаннат Нағиева сингари олимларни айтиш мумкин.

Германиялик доктор Зигрид Клайнмиҳел ярим асрдан бери ўзбек адабиёти билан шуғулланиб келмоқда. Ўзбек тилида жуда равон сўзлаша олишидан ташқари, эски ўзбек тилидаги қўлёзмалар устида ҳам ишлайди. Кейинги бир ярим аср давомида Фарғона водийси ва Хоразмдаги ўзбек аёллари маросимларида ўқилган қўлёзма асарлар таҳлилига бағишланган китоби нашр қилинган. Ҳозирги пайтда у ўзбек адабиётини тадқиқ этаётган фаол олимлардан бири. Бу йўналишдаги илмий фаолиятини 1901-1934 йиллардаги ўзбек адабиётини ўрганишдан бошлаган ва шу даврдаги сўз санъатига оид китобини немис тилида чоп эттирган. 1990-2000 йилларда З.Клайнмиҳел Алишер Навоий ижоди бўйича мақолалар ёзди. Жумладан, “Алишер Навоий ва Аҳмад Пошо” номли бир юз ўттиз беш саҳифадан иборат тадқиқотини эълон қилган. Бундан ташқари, “Алишер Навоий ва усмонли шоирлари” номли мақоласи ҳам чоп этилган. Бу мақолаларда Алишер Навоий ижодининг усмонли турк адабиётига таъсири, Навоий асарларининг сўнгги беш юз йил мобайнида усмонли турк тилига қилинган таржималари ҳақида сўз юритилади. Олима ўзбек адабиётига доир тадқиқотларини давом эттиряпти.

Профессор Бенедек Пери эса Будапешт шаҳрида яшайди. Шарқшунослик институти директори, айни пайтда Этош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири, шу университетда инг­лиз, форс ва туркий тилларни ўрганган. Университетни 1992 йили тамомлаб, туркий адабий матнлар бўйича мутахассис бўлиб етишган. Мазкур туркийшунослик кафедраси Ўрта Осиё туркий матнларини ўрганиш бўйича бой анъанага эга. Кафед­рага 1870 йили Арминиус (Армин) Вамбери (1832-1913) асос солган. Венгер туркийшунослиги мактабига мансуб Бенедек Пери талабалик давридан бошлаб ўзбек адабиётини ўрганишга қизиққан. Шайбоний, Саккокий, Турди, Увайсий, Иззат Султон, Уйғун, Зулфия, Назир Сафаров, Саид Аҳмад каби адабиётимиз намояндалари ижоди бўйича тадқиқотлар олиб борган. Олим илмий қизиқишларининг катта қисмини ўзбек мумтоз адабиёти масаласига оид изланишлар эгаллайди. Сўнгги йилларда Бенедек Пери кўпроқ Алишер Навоий ижоди билан машғул бўлди ва мақолалар эълон қилди. Масалан, Ўзбекистонда унинг усмонли турклар султони Салим I нинг (1512-1520) форс тилидаги ғазаллари ҳақида инглизча мақоласи чиқди. Олимнинг кузатишлари қизиқарли: Навоийдан кейин яшаган султон Салим форс тилида девон тузган ва ғазалларида форс адабиёти классикларига эргашган. Айни пайтда, Навоийнинг “Девони Фоний”даги йигирмата ғазали таъсирида шеърлар яратган. Бенедек Перининг асосий хулосаси муҳим: султон Салим ва Навоий форсий девонлари шеърларидаги ўхшашлик шуни кўрсатадики, XVI аср бошидан Навоий форсий лирикаси форс мумтоз адабиётининг бир қисми деб тан олинган. 2017 йили олим Тошкентга Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган анжуманга келганида ­Навоий ҳайкали пойида маъруза қилган эди. Бугунги кунда Бенедек Пери “Бобурнома”нинг можор тилига таржимаси устида ишламоқда.

— Навоий шаҳрида ўтказилиши белгиланган “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциядан нималарни, қандай яхши натижаларни умид қиляпсиз? Ушбу конференцияда қайси ёш навоийшунос тадқиқотчилар иштирок этишини истайсиз?

— Ҳар бир соҳадаги тадқиқотчи ёки олим ўзидан кейин келадиган авлодни яратиш ва шу йўналишда ишлашни фаолиятининг бир қисми деб билиши керак. Тўғрисини айтиш лозим, ҳозирги кунда аксарият ёшлар аниқ фанларга қизиқади. Уларни гуманитар фанларга ҳам қизиқтира олишимиз, тарбия ва маънавиятга катта эътибор қаратишимиз лозим. Фарзандларимиз қайси соҳани танламасин, унинг адабиётга, санъатга, гўзалликка бўлган эҳтиёжи ҳам юқори савияда бўлишини истайман. Гуманитар фанлар орқали янги авлоднинг маънавий оламини юксалтира олсак, миллатимиз руҳиятини ҳам юксалтирган бўламиз.

 Навоий шаҳрида ўтказилиши мўлжалланган халқаро илмий-амалий конференцияда, албатта, ёш олимлар иштирок этади. Ёш навоийшунослар сафи бугунги кунда анча сийраклашиб қолган. Чунки совет замонида одамларимиз мумтоз адабиётдан атай узоқлаштирилган, қўл­ёзмалар жоҳилларча ёқиб юборилган, фикрлайдиган одамлар қатл қилиб юборилган. Бу жараёнлар миллатимиз руҳиятига жиддий таъсир кўрсатган. Аксарият ёшлар замонавий адабиёт билан шуғулланиб иложи борича тезроқ ютуқларга эришишни истайди. Қолаверса, рақамли технологияга боғланиб қолган янги авлодни мумтоз адабиётга қизиқтириш жуда қийин. Улар моддий томондан катта фойда кўрадиган соҳаларни кўпроқ кўзлашяпти. Мумтоз адабиёт билан шуғулланиш сабр ва матонатни талаб қилади. Шукрки, айни пайтда ўз билими ва ҳаракатлари билан Алишер Навоий ижодини ўрганаётган истеъдодли ёшларимиз ҳам астойдил изланиш­лар олиб боришмоқда. Рустам Жаббор Навоийнинг хориждан топилган янги қўлёзмаси бўйича докторлик диссертациясини ёқлаш арафасида. Шерхон Қораев Алишер Навоий ижодидаги адабий мажлислар бўйича илмий иш олиб бормоқда. Акром Малик, Ойсара Мадалиева ҳам янги топилган қўлёзмалар билан шуғулланиб, тинимсиз изланиш­лар олиб боришмоқда.

 Умид қиламизки, мазкур қарор ижросидан сўнг навоийшуносларнинг яна бир янги авлоди улғаяди ва мутафаккир бобомизнинг асарларини англагувчи, умум­инсоний ғоялар атрофида бирлашиб, эзгу мақсадларни амалга оширгувчи, билимли ҳамда маънан олийжаноб ёшлар сафи кенгайиб боради. Зеро, Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганларидек:

Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,

Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

суҳбатлашди.