Бугун мамлакатимиз улкан ислоҳотлар, бунёдкорликлар майдонига айланган. Юзлаб боғча, мактаб, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари бинолари, янги уй-жойлар барпо этилмоқда. Ўнлаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Шу ўринда Москва давлат университети ректори, академик Виктор Садовничийнинг мамлакатимиздаги янгиланишлар ҳақидаги эътирофи эсимга тушди: “Кўпдан бери Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораман. Сўнгги йилларда юртингизда содир бўлаётган ўзгаришлар гўё “портлаш эффекти”ни ёдга солади. Халқнинг ижодкорлик қуввати арифметик эмас, геометрик прогрессия билан ортаётгандек тасаввур уйғотади. Президент Шавкат Мирзиёев халқ ҳаётини мукаммал тушунади, муаммоларни хас-пўшламасдан рўй-рост очиб ташлайди. Энг асосийси, уларнинг ечимини донолик билан топа олади. Мана шу фазилати билан ҳам у ҳар қанча таҳсинга сазовор. Айниқса, олий таълим ва илм-фан соҳасини инновацион ғоялар сари бураётгани менга манзур бўлди”.
Мамлакатимиз қиёфаси мутлақ янгиланяпти. Шунга мутаносиб тарзда халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг дунёқараши ўзгаряпти. Уларда келажакка умид, ишонч мустаҳкамланмоқда. Илм-фанга, касб-ҳунар эгаллашга қизиқиш ортди. Йигит-қизлар шу орқали жамиятда ўз ўрнини топиши, эл-юртга хизмат қилиб, яхши яшаши мумкинлигини ҳис қилди. Энди бу ишончни биз — олий таълим муассасалари масъуллари, профессор-ўқитувчилари оқлашимиз, ёшларнинг орзу-умидлари, интилишларини рўёбга чиқариш йўлида жонбозлик, шахсий намуна кўрсатишимиз керак. Бунинг учун бугундан бошқача фикрлашимиз, бошқача ишлашимиз, янгиланишни, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз зарур. Бироқ тан олиш керак: олий таълим тизими олдига қўйилган стратегик мақсад ва вазифаларни ҳали тўлақонли англаб етганимизча йўқ.
Мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион ривожлантиришга қодир, фундаментал билимларга эга, танқидий ва креатив фикрлайдиган, ватанига содиқ юқори малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда рақамли иқтисодиёт, “ақлли” технологиялар, сунъий интеллект, робототехника, ядро энергетикаси, “яшил” энергетика, нанобиотехнологиялар, биокимё ва биофизика каби муҳим йўналишларда илмий-инновацион фаолиятни йўлга қўйиш, янги илмий мактаблар яратиш, илмий ишлар самарадорлигини оширишдан иборат вазифаларимизни етарлича бажара оляпмизми, деган саволлар кун тартибида устувор турибди.
Очиғини айтсак, бу борадаги ишларимизни талаб даражасида, дейиш мушкул. Таълим сифати, битирувчиларимизнинг билими ва амалий кўникмаси иш берувчиларни ҳам, ўзимизни ҳам қониқтираётгани йўқ. Профессор-ўқитувчилар малакаси, илмий ишларимиз самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва улар билан мақсадли ишлашни тизимли асосда йўлга қўя олганимиз йўқ. Фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, тажрибасини умумлаштириш, соҳа ва ҳудудларни тараққий эттириш дастурларидан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олишимиз ва ижросини таъминлашимиз зарур.
Барча шароит яратиб берилгани, маошимиз 3–4 баробар оширилганига қарамай, илмга, вазифамизга муносабатимизни ўзгартира олганимизча йўқ. “Мен олимман, фан доктори, фан номзоди илмий даражаларим бор, шунинг ўзи етади. Бу ёғига илмда натижа бермасам ҳам давлат катта маош бериши керак” деган боқимандалик кайфиятида юрибмиз. Бу кайфиятни, дунёқарашни ўзгартирмасак, илмда ҳам, таълимда ҳам натижа бўлмайди.
Илмни илмий даража ва унвон олинадиган воситага айлантирдик. Алишер Навоий бобомизнинг неча асрлар аввал ёзган “Илмни ким воситайи жоҳ этар, Ўзинию халқни гумроҳ этар” деган мисраси бугунги ҳолатимизга ҳам айнан мос келади. Мақолалар, ўқув-услубий қўлланмаларни илмни ривожлантириш ёки таълим сифатини ошириш учун эмас, балки доцент, профессор бўлиш учун ёзяпмиз. Чунки бу унвонларни олсак, маошимиз янада ошади. Боз устига диссертация ва илмий лойиҳалар мавзусини соҳа муаммолари ва долзарб масалалардан келиб чиқиб эмас, балки ўзимизга қулай ва диссертациябоп қилиб танлаймиз. Фанлар академияси ва ишлаб чиқариш билан ҳамкорлигимиз ўта суст.
Олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тизимли йўлга қўйилмаган. Инновацион тадқиқотлар асосида қўшимча маблағ топиш, интеллектуал мулкни тижорийлаштиришга асосий даромад манбаи сифатида қаралмайди. “Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор – факультет – кафедра – илмий гуруҳ” тизими яхши ишламайди. Узвийлик йўқ. Илм билан шуғулланиш, илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўпчилик профессор-ўқитувчилар учун факультатив машғулотга ўхшаб қолган, яъни дарсдан, ўқув-услубий ишлардан бўш вақтдагини шуғулланилади, холос.
Профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар билан иқтисодиётнинг реал сектори, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилмаган, улар муаммоларни билмайди ёки ичига кира олмаяпти. Шунингдек, йирик компаниялар, соҳа мутахассислари ўзининг асосий йўналишлари бўйича масалаларни олимларга илмий-техник тилда тақдим этиш малакасига эга эмас. Шу сабабли ҳам ишлаб чиқариш билан олимлар ўртасида узилиш юзага келган. Очиғина айтадиган бўлсак, илмий салоҳиятимизни юқори, деб айта олмаймиз, илмий ишларимиз натижадорлиги ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши ниҳоятда паст. Мавжуд илмий салоҳиятдан ҳам самарали фойдаланаётганимиз йўқ. Биз одатда соҳаларда ечимини кутаётган реал илмий-техник муаммолар қолиб, ўзимиз учун қулай бўлган ва илмий гуруҳлардагина долзарб деб топилган масалаларга ўралашиб қолдик. Агар фундаментал тадқиқотларни жадал олиб бориш билан бирга, мавжуд салоҳиятни соҳалар ривожи ва ишлаб чиқаришнинг реал муаммолари ечимига йўналтира олсак ва унинг устида тизимли ишласак, илмий ишлар самарадорлиги ҳам ошади.
Дунёда ҳал этилмайдиган муаммо жуда кам. Инчунун, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, илмий тадқиқотчилик фаолиятини жонлаштириш бўйича ҳам асосли таклифлар йўқ эмас. Бу борада олдимизда турган вазифаларни изчил рўёбга чиқара олсак, муайян даражада мақсадимизга яқинлашамиз.
Аввало, таълим сифатини ошириш, ишлаб чиқариш билан интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда предметлараро боғлиқликни кучайтириш орқали талабаларни инновацион фикрлашга, соҳасидаги масалалар ечимини топишга ўргатишимиз зарур. Бизнингча, ёшларнинг масалага ноанъанавий ёндашув малакасини шакллантиришга эришиш учун “3+1” моделини қўллаш мақсадга мувофиқ. Яъни талаба 4 йиллик бакалавриат таълим дастурини 3 йилда тўлиқ ўзлаштиради. Қолган 1 йилини тўлиқ амалиётга — мустақил ишлаш ва битирув-малакавий ишларини бажаришга йўналтиради.
Таклиф этилаётган модель талабанинг назарий билимларни чуқур ўзлаштириши билан бирга, ўзига хос амалий-касбий малакага эга бўлишини таъминлайди ҳамда кафолатли иш ўрнига эга бўлиш имкониятини бир неча баробар оширади. “Университет – ишлаб чиқариш” интеграциясининг қоғозда эмас, амалда ишлашини таъминлайди (бундай тажриба хорижий давлатларнинг нуфузли ОТМларида, жумладан, Москва давлат университетида яхши натижа бермоқда).
Университетда бакалавриатнинг баъзи фан ва муҳандислик таълим йўналишлари учун қўшимча тўлов эвазига асосий ихтисослик ва педагогикага оид фанларни ўқитиш, қўшимча кредит балл олиши ҳисобига талабага танлаган мутахассислиги билан бирга қўшимча квалификация бериш ҳам мумкин. Бу, ўз навбатида, ривожланаётган янги сохалар учун малакали кадрларни етказиб бериш ҳамда чекка ҳудудларда мутахассислиги бўйича иш топа олмаётган битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишга бир ечим бўлади.
Дунёнинг етакчи “ақл” марказлари таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб меҳнат бозорининг 70–75 фоизини рақамли технологиялардан фойдаланиш малакасига эга кадрлар эгаллайди. Шундан келиб чиқиб, предметлараро 3 йиллик бакалавриат ва 2 йиллик магистратура дастурини жорий этиш таклифини илгари суряпмиз. Унга кўра, бакалаврлар учун аниқ фанлар бўйича рақамли иқтисодиёт, стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш, табиий фанлар бўйича биотехнология, нанотехнологиялар, сунъий интеллект ва математик моделлаштириш магистрлик дастурлари жорий этилади. Барча таълим йўналишларида рақамли технологияларга оид замонавий фанлар ўқитиш йўлга қўйилади.
Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини касбий фаолияти натижадорлигига қараб тоифалаштириш ҳам муҳим масалалардан. Халқаро даражада аҳамиятга эга илмий-техник янгиликлар қилишга қодир профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини кескин камайтириб, бевосита иқтисодиётнинг реал сектори муаммолари билан шуғулланишга ва ушбу тадқиқотлар доирасида магистр ва фалсафа докторлари (PhD) тайёрлашга йўналтириш мумкин.
Юксак савияда маъруза қилувчи ва амалий машғулотлар билан муваффақиятли шуғулланаётган профессор-ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш орқали уларнинг салоҳиятидан хорижий тажриба асосида бойитилган дарслик, ўқув қўлланма, фан дастурлари тайёрлаш, хорижий университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли талабалардан халқаро ва республика танловлари ғолибларини тарбиялашда фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Зеро, бундай ёндашув чет эл университетларида мавжуд ва самара бермоқда.
Иқтисодиётнинг реал сектори, йирик ишлаб чиқариш корхоналаридаги илмий-техник муаммолар ечимига қаратилган муҳим йўналишлар бўйича, техник-иқтисодий таҳлилларни амалга оширадиган, Фанлар академияси ва олийгоҳлар олимлари олдига кўйиладиган илмий-техник топшириқларни шакллантирадиган ҳамда уларни тижорийлаштирадиган махсус илмий-тадқиқот, консальтинг марказларини ташкил этиш мумкин.
Иқтидорли ёшларни саралаш ва улар билан тизимли асосда шуғулланиш механизмини яратиш, чуқурлаштирилган махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиб амалиётга жорий этиш муҳим масала. Ҳозир Термиз давлат университетида ушбу дастурга мувофиқ, 250 нафарга яқин талаба етти таълим йўналишида тажриба-синов тарзида таҳсил олмоқда. Аммо, бу ҳали етарли дегани эмас ва бу борадаги ишларимизни тизимли ривожлантирамиз. Умумтаълим муассасаларига кириб боришимиз, оталиққа олишимиз, виртуал сиртқи-масофавий ва якшанбалик мактабларни ташкил этишимиз керак.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш орқали дахлдорлик ҳисси билан яшашга ўргатиш олдимизда турган алоҳида вазифалардан. Шундан келиб чиқиб, бу йўналишдаги фаолиятимизни ҳам мутлақо янгидан кўриб чиқишимиз ва ёшлар билан ишлаш тизимимизни такомиллаштиришимиз шарт.
Авазжон МАРАҲИМОВ,
техника фанлари доктори, профессор