Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Мисрда яшаб ижод этган улуғ бобомиз Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси эса икки халқ ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган. Улуғ аждодимиз Нил дарёси ўзанида жойлашган Рода оролида сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоот — ниломер, яъни “Миқёси Нил”ни яратди. Қоҳирада Нил бўйида Аҳмад Фарғоний шарафига ўрнатилган ҳайкал икки халқ ўртасидаги қадимий дўстлик ришталарининг азалдан мустаҳкамлиги рамзи ҳисобланади.
Қуйидаги суҳбат Ўзбекистон ва Мисрнинг ўзаро боғлиқ нуқталари ҳақидадир.
Дунё илм-фанига қўшилган беқиёс ҳисса
Қоҳира университети профессори доктор Тағрид Фаёд хоним:
— Ўзбекистон гўзал мамлакат. Аждодларингизнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси беқиёс. Мисрликлар Африка қитъаси ва Яқин Шарқ илм-фани ҳамда маданияти ривожига катта ҳисса қўшгани каби ўзбекларнинг ҳам Марказий Осиёдаги ўрни беқиёс. Бу икки халқ тарихи ва тақдири ўхшаш. Ушбу заминлардан етишиб чиққан етук алломалар, буюк қаҳрамонларнинг ислом маданияти тарихидаги роли катта. Марказий Осиёда илк давлатчилик ўчоқлари худди Нил дарёсининг қуйи оқимида кўҳна Миср давлатчилиги шакллангани сингари сунъий суғориш бирмунча қулай бўлган Амударёнинг қуйи ва ўрта оқимларида ривож топди.
Тарихнинг муайян вақтларида аждодларингиз Мисрда ҳокимлик қилди, амир, қўшинга қўмондон бўлди, ўлканинг сиёсий-идоравий, ижтимоий-маданий ҳаётида нуфузли мавқеларни эгаллади. Бунга мисоллар жуда кўп. Аббосийлар халифалиги даврида бухоролик Аҳмад ибн Тулун ва унинг ўғли Хуморвия Мисрда мустақил Тулунийлар сулоласига асос солган эди. Фарғоналик Муҳаммад ибн Тоғоч ибн Жаф эса Мисрда Ихшидийлар сулоласига асос солган. Мисрда мамлуклар давлати ташкил этилишида ҳам ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангубердининг издошлари, жумладан, унинг қариндоши Сайфиддин Қутузнинг ўрни бор. У Мисрга султон бўлганидан сўнг бу юртни мўғуллар балосидан сақлаб қолади.
Ўзбек заминидан чиққан алломаларни ҳам мисрликлар жуда яхши билади. Ал-Фарғонийнинг ўрта асрларда Нил дарёси сатҳини ўлчашда фойдаланиладиган “Миқёси Нил” иншооти яқин-яқинларгача ишлаб келган. Ал-Азҳар университетида ҳанузгача Маҳмуд Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари ўқитилади.
Шунингдек, “Мадорик ут-танзил ва ҳақойиқ ут-таъвил” асари муаллифи Абул Баракот Насафий Мисрнинг маърифий ҳаётида катта ўринга эга бўлган. Умуман олганда, аждодларимиз нафақат ўз минтақалари, балки бутун мусулмон дунёси илм-маърифати ва давлатчилигига беқиёс ҳисса қўшган.
Афсонавий диёр
Ўрта асрлар тарихига оид илмий тадқиқотлар муаллифи, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари Бекзод Абдиримов:
— Миср биздан ниҳоятда олис, эҳромлар ва битикларга тўла афсонавий ўлка сифатида тасаввуримизда гавдаланади. Аслида, ўзбек миллати билан Миср диёрининг тарихи ва тақдири ўхшаш. Уларнинг ўтмиш деб аталмиш улкан бир манзилда йўллари доимий туташ бўлган, бўлганда ҳам инсониятга илму маърифат тарқатиш, озодлик ва эрк учун курашиш, бунёдкорлик ва эзгулик йўлларида бирлашган. Бу халқлар ҳамиша елкама-елка бир сафда турган, бир-бирига суянчиқ ва мададкор бўлган.
Бугун дунё эзгулик ва ёвузлик, бирлашиш ва айирмачилик, адолат ва зулм, қадрият ва оммавий маданият каби абадий мухолиф кучлар муҳорабасига аввалгидан-да чуқур шўнғиган. Ана шундай бир даврда халқларимиз танлаши лозим бўлган йўлни асрлар олдин аждодларимиз ўз тақдирлари ила кўрсатиб ўтган.
Ислом қалқони, дея таърифланадиган Жалолиддин Мангуберди мусулмон оламига катта фалокат олиб келган мўғулларга қарши 10 йиллар давомида ғалабали курашлар олиб борди. Фақатгина унинг бевақт ҳалокати сабабли мўғулларни буткул тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмади. Бироқ унинг издошлари мусулмон дунёсини мўғуллардан сақлаб қолиш йўлидаги курашларини давом эттирган. Улар орасида Жалолиддин Мангубердининг жияни Сайфиддин Қутуз Миср султони сифатида тахтга ўтирганидан сўнг минтақадаги араблар, туркийларни бирлаштириб, мусулмон дунёсининг сўнгги таянчи Миср ва Арабистон ярим ороли сари илдамлаётган мўғулларнинг энг илғор қўшинини тор-мор қилади.
Бу воқеа 1260 йилда бугунги Фаластин ҳудудида Айн-Жалут майдонида содир бўлади. XIII асрда яшаган тарихчи Қутбиддин ал-Йунунийнинг ёзишича, Сайфиддин Қутуз жанг тугагач, “Мен мўғулларни мағлуб этдим, амаким Жалолиддин Хоразмшоҳ учун қасос олдим”, деган экан. Ғарб олими Артур Гольдшмидт “Сайфиддин Қутузнинг бу ғалабаси мусулмон Африкасини мўғуллар зулмидан сақлаб қолди”, дея таъкидлаган эди.
Собиқ иттифоқ даврида биз буюк аждодларимиз тарихини бор бўйи-басти билан ўргана олмас эдик. Ўрганишга ҳаракат қилганлар турли бўҳтон ва айбловлар билан таъқиб остига олинарди. Фақат мустақилликдан сўнг қаҳрамон аждодларимиз тарихини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар бошланди. Эътиборли жиҳати, Миср тупроқларида илк маротаба эрк ва озодлик йўлида муросасиз кураш ҳамда жасорат тимсоли бўлган Жалолиддин Мангубердининг ибратли тақдири саҳналаштирилгани, Сайфиддин Қутуз ҳақида ХХ асрнинг ўрталаридаёқ кинофильмлар тасвирга олингани икки миллатнинг тафаккури ва хотиралари азалий узвий боғланганини кўрсатади.
Миср кутубхоналарида ҳам тарихимизга оид ноёб асарлар мавжуд. Биз сўнгги икки йилда мисрлик тарихчилар — Салим Сабрийнинг “Хоразм турклари ислом Шарқида (1231-1246)”, Саллобийнинг “Сайфиддин Қутуз ва Айн Жолут жанги” асарларини ўзбек тилига таржима қилдик. Шунингдек, айни вақтда Сибт ибн ал-Жавзийнинг “Мироти аз-замон” асарининг тегишли қисмлари ўзбек тилига ўгирилмоқда. Ўзимизнинг илмий тадқиқотларимиз жараёнида “Икки буюк саркарда ёхуд Жалолиддиндан Қутузгача” номли монографиямиз нашрдан чиққан.
Айни вақтда ёш тарихчи олим Ғуломжон Отажонов билан ҳаммуаллифликда Сайфиддин Қутуз ҳақида 3 тилдаги (ўзбек, инглиз, араб) китобимиз нашр этилиш арафасида.
Маданий алоқаларимиз ҳам кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда. 2022 йилда биринчи марта Хоразмда ўтказилган халқаро “Лазги” фестивалида мисрлик раққосанинг “Танура” миллий рақси биринчи ўринни эгаллади.
Бугун Янги Ўзбекистон ва Мисрнинг замонавий тарихи ҳам яратилмоқда. Миср араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб мамлакатимиз мустақиллигини тан олган юрт сифатида тарихга кирган. Юртимиз олимларининг мисрлик илм аҳли билан илмий-ижодий ҳамкорлиги янаям ривож топиб бормоқда.
Мисрнинг “Йилнинг энг яхши олими” сертификати
Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти, фалсафа фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева:
— Ўзбек санъати, маданияти, адабиёти ва шеърияти ҳамиша дунёни ўзига оҳанрабодек тортиб келган. Бугун ҳам маданиятимиз, адабиётимизга қизиқиш ниҳоятда кучли. Мисрга бир неча бор қилган сафарларимиз давомида бунга кўп бора гувоҳ бўлдик. Қоҳира шаҳридаги “Тагрид Фаёд” адабий уюшмаси таклифига биноан, 2021 йил ёзида бир гуруҳ ижодкорлар билан Мисрда ўтказилган халқаро анжуманда қатнашдик. Инглиз ва араб тилларида нашр этилган “Ўзбек адабиёти ва санъати антологияси” асари тақдимотида ҳам иштирок этдик.
2021 йил декабрь ойида Мисрга навбатдаги сафаримиз давомида Қоҳира университетида инглиз ва араб тилларида нашр этилган “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари” антологияси тақдимотини ўтказдик. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ходимлари ва журналистлар иштирок этган халқаро анжуманда араб ва ўзбек халқлари дўстлиги, илмий-ижодий ҳамкорлигига оид қизиқарли, мулоҳазали маърузалар тингладик. Тадбир доирасида ўзбекча рақслар ижро этилиб, дилтортар қўшиқлар ва шеърлар янгради. Айниқса, баҳрибайт мушоираси мисрликларда катта таассурот қолдирди.
2022 йил октябрда ҳам Мисрнинг Қоҳира ва Искандария шаҳарларида бўлдик. Бу сафар Искандария университети доценти, доктор Манара Элдиеп томонидан “Араб тафаккури” нашриётида ўзбек адибларининг бир қанча асарлари инглиз ва араб тилларида чоп этилди. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг “Ватанжон”, Аъзам Ўктамнинг “Азон”, Минҳожиддин Мирзонинг “Шеър билан олам гўзал” шеърий тўпламлари, ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим” тарихий романи, филология фанлари доктори, профессор Раъно Сайфуллаеванинг “Ўзбек жадид олимлари тил ва маънавият ҳақида”, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Лазги”: муҳаббат ва қалб рақси” монографиямиз шулар жумласидан.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ҳамда Искандария шаҳридаги Медиа университетида китоблар тақдимотини ўтказиш баробарида илмий анжуман ҳамда адабий-маданий учрашувлар, радиожурналистикадан маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Искандария кутубхонасига ўзбек олимлари ва ижодкорларининг китоблари тақдим этилди. Улар, айниқса, таниқли шоир ва таржимон Минҳожиддин Мирзонинг “Соҳибқирон ёғдуси” достони ва тарихчи олим Бекзод Абдиримовнинг “Икки буюк саркарда ёхуд Жалолиддиндан Қутузгача” монографияларини катта қизиқиш билан қабул қилди, уларни араб тилига таржима қилиш истагини билдирди.
Ҳамкорликдаги ишларимиз юқори баҳоланиб, Миср илмий-адабий жамоатчилиги томонидан таниқли адибамиз Шаҳодат Исахонова “Йилнинг энг яхши ёзувчиси”, камина эса “Йилнинг энг яхши олими” сертификати билан тақдирландик. Биз Мисрнинг қайси шаҳрида бўлмайлик, ким билан суҳбатлашмайлик, улар Ўзбекистон ҳақида, тарихи ва тақдири туташ ўзбек ва миср халқлари ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирди. Доимий ҳамкорларимиз доктор Тағрид хоним ва доктор Манара хоним Ўзбекистон Президентининг одилона сиёсати, бунёдкорлик ислоҳотлари бутун дунёни ҳайратга солаётганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда мисрлик ҳамкасбларимиз ҳам Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро конференция ва семинарларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, яқинда Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўтказилган халқаро анжуманда доктор Манара Элдиепнинг “Миср ва Ўзбекистон маданий, адабий ва илмий алоқалари тарихига оид” номли маърузаси барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Улар билан илмий-ижодий ҳамкорлигимизни бундан кейин ҳам давом эттирамиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА
ёзиб олди.