Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бой маънавий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган қадимги ёзма манбаларни ўрганиш масаласи тез-тез урғуланадиган мавзуга айланди. Президентимизнинг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аждодларимизнинг улкан маънавий, илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш бўйича аниқ кўрсатмалар белгилаб берилди.

Айни пайтда ҳар бири ўзига хос илмий-маданий обида бўлган араб, форс, туркий тиллардаги манбаларни тадқиқ этиш, таржима қилиш, энг асосийси, халқимизга соф ҳолда етказиш шарқшунослар зиммасидаги долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Марказий Осиёда ўзининг илмий салоҳияти ва рақобатбардош кадрлари билан пешқадам олийгоҳлардан бири ҳисобланувчи Тошкент давлат шарқшунослик университетида бу борадаги амалий ишлар янада жадаллашмоқда.

Ёзма меросни ўрганиш бўйича бой тажрибага эга илм даргоҳида эътироф этилган айрим изланишлар натижалари ҳақида сўзлаб беришни сўраб, университет ректори ва ёш тадқиқотчи-муаллифларга мурожаат қилдик.

 

Изчиллик талаб этадиган жараён

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра РИХСИЕВА:

Янги Ўзбекистонда халқимизнинг узоқ ҳаётий тажриба, тушунча ва қадриятларига асосланган ўлмас меросимизни ўрганиш маънавият ва маърифатнинг ажралмас қисми сифатида устувор вазифаларга айланди. Тарихда иккита Ренессанснинг асосини ташкил этган илм-фан ва маърифат масаласи бугунги ҳаётимизда ҳам ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлиб, айнан унинг негизида учинчи Ренессансга пойдевор қўйилиши давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилнинг долзарб вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Бу эса, аввало илмий меросимизни чуқур ўрганиш, нималарга асосланган ҳолда қадам қўйишимизда таянч нуқта сифатида илмий асосланган тарғиботларни олиб бориш, қўлёзма манбалар асосида тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз, адабиётимиз – маданиятимиз илдизларини тадқиқ этиш ҳисобланади.

Ёшларимиз орасида бу осон бўлмаган ишга қизиқиши, қобилияти бор иқтидорлиларнинг борлиги қувонарли ҳол. Қўлёзмаларни тарихий, фалсафий, адабий, матншунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганиб, очилмаган янги қирраларни халқимизга намоён этиш, янги асарларни илмий истеъфодага киритишида иштиёқ билан ишлаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Айнан шундай ёшлар илмий натижалари, чиқишлари билан маънавиятимиз, маърифатимизнинг тарғиботчилари бўлади.

Президентимиз бир қатор чиқишларида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд каби аждодларимизнинг ижодини чуқур ўрганиш масалаларига эътибор қаратиб, янги Ўзбекистонни барпо этишда ота-боболаримизнинг маънавий, илмий жасоратлари маҳсули ўлароқ яратилган бебаҳо асарлар бизга дастуруламал бўлмоғи лозимлиги ҳақида таъкидлаган.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида талаба ёшларни илмий тадқиқотларга йўналтиришда ҳам моддий меросини ўрганиш масаласига алоҳида эътибор берилади. Аслини олганда, манбашунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ниҳоятда изчиллик талаб этадиган узоқ жараён. Мазкур жараённи бирмунча қисқартириш мақсадида таълимнинг бакалавр босқичидан бошлаб талаба ёшларни қўлёзма мерос билан мунтазам ишлашга жалб этмоқдамиз. Бу амалиёт талабанинг кейинги босқичларда манбани ҳар томонлама комплекс ўрганишига, таржимаси ва табдилини амалга ошириш, илмий матнларини тузишида катта ёрдам беради ва ўзига хос тажриба бўлиши шубҳасиз. Бу борада Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз бўйича тегишли режаларни амалга оширмоқдамиз.

***

“Ҳаёт булоғи томчилари”

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳриддин УМУРЗОҚОВ:

Шарқ мумтоз адабиёти – худди ўтмишда бўлганидек, ҳозир ҳам ёш авлодга мукаммал таълим беришда, уларни ватанимиз истиқболи учун муносиб тарбиялаб, вояга етказишда бебаҳо қадр-қимматга, улкан аҳамиятга эга. Ана шундай жаҳон маданияти ва фани тараққиётига ўз ижоди билан улкан ҳисса қўшган аждодларимиздан бири Фаҳруддин Али Сафий бин Ҳусайн Воиз Кошифийдир. Унинг ижоди дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларини қамраб олганлиги билан аҳамиятли. Ҳусайн Воиз Кошифий асарлари, хусусан, унинг “Рашаҳот айну-л-ҳаёт” (“Ҳаёт булоғи томчилари”) рисоласида юксак фазилатларга эга бўлган инсонни тарбиялаш, ёшларни соғлом эътиқод ва маърифат орқали кенг фикр-мулоҳаза ва тафаккурга, пок ахлоққа тарғиб қилиш ғоялари ўз ифодасини топган.

Ҳозиргача Фаҳруддин Алий Сафий бин Ҳусайн Воиз Кошифий ҳаёти ва ижоди, унинг илмий адабий-мероси ҳақида биронта ҳам йирик махсус тадқиқот йўқ. Университетимизда тайёрланган “Ҳаёт булоғи томчилари” илмий-оммабоп нашрга асарнинг Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган ягона нодир қўлёзманинг нусхаси асос қилиб олинган. Ушбу нашр “Рашаҳот” асари матни бўйича ҳозирда Ўзбекистонда амалга оширилган ягона йирик ишдир.

Юртимиз ва хориж кутубхоналарида “Рашаҳот” асарининг манбашунослар назаридан четда қолиб келган 135 та нусхаси мавжуд. Асарнинг мазкур нусхалари тўлиқ тавсифланди ва илмий муомалага киритилди.

ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи фондида сақланаётган энг қадимий, ноёб қўлёзма “Рашаҳот” асарининг автограф нусхасини топишимиз эса, шубҳасиз, энг катта илмий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Энди биз “Рашаҳот” асари матнини ва умуман ундаги маълумотлар билан кейинги даврларда китобат қилинган асар нусхаларини мазкур автограф нусха асосида текшириб чиқиш имкониятига эгамиз.

Айни пайтда “Рашаҳот айну-л-ҳаёт” асарининг Тошкент ва хориж қўлёзма фондларидаги нусхаларининг матний тадқиқи устида иш олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад 135 та қўлёзма, 7 та тошбосма нусхаларининг араб, ўзбек ва усмоний-турк тилларидаги таржималарини қиёсий-текстологик тадқиқ этиш, тасаввуф манбаси сифатида мумтоз адабиётимиз тарихида тутган ўрнини ёритиб беришдан иборат.

Амалга оширилаётган янги тадқиқотда асарининг матни, яъни унинг Хожагон адабиётида (Хожагон манбалари) тутган ўрни ўрганилмоқда. Тадқиқот илмий жамоатчиликни Хожагон тасаввуф тариқати билан таништиришга, ирфоний адабиёт манбаларининг моҳиятини кенгроқ ва чуқурроқ тушунтиришга имкон беради.

***

Араб тилидаги манбалар асосида

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Зуҳриддин АЛИМОВ:

Марказий Осиё ҳудудини Шарқ ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида ўрганиш дунё тарихшунослигининг кейинги йиллардаги муҳим илмий йўналишларидан бири эканлигини кўрсатмоқда.

Тошкент воҳаси ҳақида маълумотларни ўзида жам этган IX-XIII асрларда яратилган араб тилидаги тарихий, географик асарларни тадқиқ этиш мобайнида ўша вақтлардаги аҳоли яшаш жойлари, гидронимлар ва топонимларнинг таснифи ишлаб чиқилди. Ёзма манбаларда тилга олинган Харашкат, Дахкат, Арбилах, Жабғукат, Кабарна, Кадок, Фаранкат каби ўрта аср топонимлари конкрет археологик объектлар билан мувофиқ экани исботлаб берилди. Ўрта аср Тошкент воҳасининг шаҳар ва манзилгоҳларини Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашуви ва уларнинг тарихий географияси бўйича Шош, Илоқ, Чирчиқ, Бинкат ва Тункат сингари жой номларининг янги тавсифлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Китаб ғарайиб ал-фунун ва мулах ал-уюн” ҳамда “Мўъжам аш-шуйух” қўлёзма асарларига асосланиб Тошкент тарихий географиясининг диахрон тавсифи очиб берилди.

Тадқиқот натижасида Тошкент воҳаси ҳақидаги маълумотларни жамлаган IX-XIII асрларда яратилган араб тилидаги тарихий, географик асарлар аниқланди. Шу кунга қадар номаълум бўлган “Китаб ғарайиб ал-фунун ва мулах ал-уюн” ҳамда ас-Самъонийнинг “Мўъжам аш-шуйух” асарларининг қўлёзма манбалари билан кенг жамоатчилик таништирилди. 16 та қўлёзма асарлардаги маълумотлар бир-бирига мансублиги ёки ўзига хослиги аниқланиб, Тошкент воҳасининг шаҳар ва манзилгоҳларини Буюк ипак йўли бўйлаб тарихий географиясини комплекс тадқиқ этишга муваффақ бўлинди.

IX-XIII асрга мансуб араб тилидаги қўлёзмалар орқали бизга етиб келган Тошкент воҳаси тарихий географиясига оид маълумотлар таҳлили уларнинг илмий таснифини яратиш ва дастлабки яхлит манбашунослик таҳлилини амалга ошириш ва бу соҳада тадқиқотлар истиқболини белгилаш имконини берди. Араб географларининг қўлёзма асарларидаги маълумотлар билан солиштирган ҳолда Тошкент воҳаси тарихий географиясининг яхлит манзараси шакллантирилди.

***

Термизий алломалар илмий мероси

ТДШУ докторанти Нодир КАРИМОВ:

Халқимиз дунё тамаддунида муҳим роль ўйнаган аждодларини танияпти. Масалан, сўнгги йилларда 100 га яқини маълум бўлган термизлик алломалар сони бугун 200 дан ортиқ экан. Энг сўнгги тадқиқотларга кўра, насафийлар сони ҳам улардан кам эмаслиги аён бўлди. Уларнинг бебаҳо илмий мероси ўз даврида ҳам бугун ҳам тенгсиз аҳамиятга эгалиги эътироф этилди. Аммо, тан олиш керакки, уларнинг асарларини ўрганадиган, содда ва тушунарли тилда халқимиз ва дунёга етказиб бера оладиган ёш манбашунос-шарқшуносларга бўлган эҳтиёж ҳамон катта.

Мен айни пайтда “XX асрнинг иккинчи ярми ––   XXI аср бошларида Ҳаким Термизий ва Абу Исо Термизий илмий меросининг хорижда ўрганилиши мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқдаман. Изланишлар давомида мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар асарларининг нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва мазмун-моҳиятини ўрганишда салмоқли натижаларга эришдик. Хусусан, 500 дан ортиқ айнан Абу Исо Термизий ва Ҳаким Термизий асарларини ўрганишга оид хорижий илмий тадқиқотлар билан танишиб чиқдик. Голландиянинг машҳур Лейден университетида алломалар асарларининг қўлёзма нусхаларини топишга муваффақ бўлдик. Тадқиқотлар натижаси акс этган “Ал-Ҳаким ат-Термизий даври ва илмий мероси хориж тадқиқотларида” ва “Абу Исо ат-Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” номли монографиялар илмий жамоатчиликка тақдим қилинди.

Мазкур тадқиқот натижасида хориж адабиётлари асосида Ҳаким Термизий ва Абу Исо Термизий яшаган даврда вужудга келган “ислом ренессанси”га сабаб бўлган диний, сиёсий, маданий, лингвистик омиллар аниқланиб, мазкур жараёнда мовароуннаҳрлик олимларнинг роли ва аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, IX-XII асрлардаги Мовароуннаҳр диний қиёфасининг асоси ҳисобланган ҳанафийлик мазҳаби, ҳадисшунослик гуруҳи, мотурудийлик таълимоти мавзуларига доир хориж адабиётлари моҳияти тарихшунослик ракурсида ёритилган.

Дунё олимлари ва тадқиқотчилари Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ҳаким Термизий асарларига кўпроқ мурожаат қилганлиги аниқланиб, уларнинг асарлари дунё тадқиқотчилари томонидан юксак қадрланиши илмий асослаб берилган, олимларнинг жамият ҳаётига таъсири илк маротаба тарихшунослик жиҳатидан баҳоланганнини кўриш мумкин.

“Ҳакимия” мактабини тадқиқ этишга йўналтирилган хориж адабиётлари таҳлил қилиниб, мазкур мактабнинг кейинги тасаввуф гуруҳларига ҳам таъсир этганлиги очиб берилган.

Президентимиз тўғри эътироф этганидек, “бизнинг қонимизда”, замонавий тил билан айтганда “генимизда бор”. Аждодлар меросига фақатгина тарихий ёдгорлик сифатида қараб эмас, уларни амалий ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган.

***

Тарбия ва маънавий камолот

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Малоҳат ПЎЛАТОВА:

Алишер Навоий илмий-адабий меросини ўрганишда унинг муҳим тарбиявий аҳамиятга эга бўлган – “Арбаъин”, “Сирож ул-муслимин”, “Муножаат” каби ирфоний асарлари айни пайтга қадар матншунослик ва адабий манбашунослик нуқтаи назаридан тўлиқ ўрганилмаган эди. Бизнинг “Шарқ мумтоз адабиётида “Арбаъин” ёзиш анъаналари (Жомий, Навоий, Фузулий асарлари мисолида)” мавзусидаги тадқиқотимиз навбатдаги изланишлардан биридир.

Дастлаб араб тилида турли маъноларда ишлатилган “арбаъин” истилоҳи ўз тарихий этимологик тараққиётида VIII-XII асрлар давомида соф диний адабиётдаги бир жанр маъносида келган бўлиб, кейинги ривожланиш жараёнида унинг мавзулар доираси фалсафий-тасаввуфий ва адабий йўналишлар сари кенгайиб, XV-XVI асрларда Жомий, Навоий ва Фузулий ижодида мустақил адабий-бадиий жанр сифатида намоён бўлган.

Жомий, Навоий ва Фузулий ижодига мансуб “Арбаъин” – “Чиҳил ҳадис” асарлари матншунослик ва адабий манбашунослик йўналишида тадқиқ этилди. “Арбаъин” асари ахлоқий-тарбиявий мазмундаги 40 та ҳадис шарҳига бағишланган бўлиб, ҳар бир ҳадиснинг маъно-моҳияти ўқувчига осон тушунилиши ва унинг онгига енгил сингиши мақсадида шеърий тарзда талқин қилинган. Тадқиқот ишида “Арбаъин”нинг миллий маънавиятимиз ва адабиётимиз такомилидаги ўрни ва ёш авлодни тарбиялашдаги муҳим аҳамияти кўрсатиб берилган.

Мазкур тадқиқот Тошкент давлат шарқшунослик университети манбашуослик бўйича илмий ишлари режаси асосида бажарилган бўлиб, унга институт фондида сақланаётган 80 га яқин “Арбаъин” асарларининг қўлёзмалари жалб этилган. Шу билан бирга араб, форс ва ўзбек тилларида ёзилган арбаъинларнинг 38 та қўлёзма нусхалари ҳам тўлиқ тавсифланган.

“Арбаъин”лар ҳам мумтоз, ҳам замонавий адабиётда анъанавий жанр эканлиги, Жомий, Навоий, Фузулий “Арбаъин”лари сирасидаги ирфоний асарларнинг жанр хусусиятларини аниқлаш, шу каби асарларнинг қўлёзма нусхаларининг матний таҳлили, қиёслаш бўйича амалга оширилган тадқиқотларда умумлашмалар, назарий хулосалар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Ундан чиқарилган илмий хулосалар ва назарий умумлашмалардан олий таълим тизими учун “Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи”, “Адабиётшунослик” ҳамда “Матншунослик ва адабий манбашунослик” фанлари бўйича дарслик, ўқув қўлланмалар тузишда, шунингдек, олий ўқув юрти талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари учун Жомий, Навоий, Фузулий “Арбаъин” асарлари бадиияти бўйича ўқув-услубий қўлланма, маърузалар тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

***

Мовароуннаҳр шоирлари ҳақида янги маълумотлар

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳулкар СУЛАЙМОНОВА:

Мовароуннаҳр тарихида сомонийлар ҳукмронлиги даври (875-999 йиллар) илмий, маданий ва адабий ҳаётда ривожланиш, тараққиёт даври сифатида ўчмас из қолдирган. Айниқса, Бухоро ўз даврининг олим, шоир ва адиблари тўпланган буюк илм маскани шарафига эришди. Айни шу даврда илм аҳли икки тилда араб ҳамда форс-тожик тилларида ижод қилиши кузатилган.

Бунда илмий рисолалар ёзишда, асосан, араб тили, бадиий адабиёт учун эса форс-тожик тилларидан фойдаланиш анъанага айланган. Буни X-XI асрларда Мовароуннаҳрда яшаб, араб тилида ижод қилган шоирлар мисолида яққол кўришимиз мумкин. Бу борадаги тарихий маълумотларни бизга Абу Мансур Саолибий (961-1038)нинг бир неча адабий тазкиралари очиб беради.

Саолибий ўша давр мусулмон шарқининг кўплаб ўлкаларига турли мақсадларда сафар қилган. Унинг дунёга машҳур “Йатимату-д-даҳр” тазкирасининг тўртинчи қисми айнан Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ижод этган 124 нафар шоирлар ва адиблар ижодига бағишланган. Олимнинг яна кўплаб асарларида Х аср ва XI асрнинг биринчи ярмида фаолият олиб борган мовароуннаҳрлик адибларимиз ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Шундай асарлардан бири “Канзу-л-куттаб” (“Ёзувчилар хазинаси”) тазкираси бўлиб, Саолибий унда шошлик, бухоролик ва хоразмлик ўнга яқин ижодкорлар асарларидан намуналарни тақдим этган.

Абу Мансур Саолибий ҳаёти ва унинг илмий меросини ўрганиш давомида адибнинг машҳур ватандошимиз Абу Бакр Хоразмий билан бўлган муносабатлари алоҳида диққатимизни тортди. Саолибий устози Абу Бакр Хоразмийга бўлган юксак эҳтиромини ўзининг машҳур “Йатимату-д-даҳр” тазкирасида баён этиб, унга “замонасининг энг доноси, катта илм ва фазл ҳамда идрок соҳиби” дея таъриф беради.

Араб тилидаги манбаларни ўрганиш асосида Саолибий ватандошимиз Абу Бакр Хоразмий билан шахсан таниш бўлибгина қолмасдан, балки улар ўртасида ўзаро устоз-шогирд муносабати ҳам мавжуд бўлган. Бу икки алломанинг қалин дўстлиги ва устоз шогирдлик муносабатлари ҳақида ўрта асрлар араб адабиёти тадқиқотчиларининг аксарияти таъкидлаб ўтганлар.

Абу Мансур Саолибийнинг қўлёзма асарлари тошкентлик шоирлар Абу Муҳаммад Матроний, Исмоил Шоший Амирий ва бухоролик Абулҳасан Лаҳҳом Ҳарроний ҳақида маълумот берувчи ҳозирча ягона манбалардир.

***

Арузшунослар билан тиллашиб...

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Дилдора ХУДЖАНОВА:

Шарқ адабиётининг аруз илмига оид қўлёзма манбаларини адабий манбашунослик ва матншунослик нуқтаи назаридан ўрганиш шарқшуносликнинг устувор вазифаларидан бири саналади. Арузшунослик илмининг шаклланишида хизматлари беқиёс бўлган мовароуннаҳрлик олимларнинг мўътабар асарларига бағишланган қатор тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ ҳали илмий муомалага киритилмаган, ўрта асрларда ёзилган аруз илмига оид қўлёзма асарлар мавжуд бўлиб, уларни ҳар томонлама ўрганиш давр талабидир. Илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган “ХII асрда Мовароуннаҳрда яратилган аруз илмига оид манбалар (Маҳмуд Замахшарий ва Абу Ҳафс Насафий асарлари асосида)” мавзусидаги тадқиқотда айнан буюк ватандошларимизнинг ҳали ўрганилмаган арузга оид қўлёзма асарлари ўрганилган.

Аруз ўз даврида Испаниядан Хитойгача, Ҳиндистондан Волга бўйигача ҳудуд шоирлари ижодини забт этган ҳамда XX аср бошигача барча мусулмон ўлкаларнинг мадрасаларида диний ва адабий илмлар билан бир қаторда ўқитилган. Бироқ ҳозирги кунга келиб, аруз илмини билиш даражаси бироз сусайди. Шу нуқтаи назардан Маҳмуд Замахшарий ва Абу Ҳафс Насафийларнинг аруз илмига бағишланган рисолаларини матншунослик ва адабий манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этиш, илмий истифодага олиб кириш, арузшунослик илми ривожига қўшган ҳиссаларини аниқлаш ҳамда ўзбек арузшунослиги тарихини ўрганишдаги аҳамиятга молик.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги шундаки, ҳозирга қадар ўрганилмаган Абу Ҳафс Насафийнинг “Мухтасар ал-Аруз” рисоласи илк бор тадқиқ этилиб, илмий муомалага киритилган. Шунингдек, Маҳмуд Замахшарийнинг “Аl-qisṭās al-mustaqīm fī ʿilm al-ʿarūḍ” асари эса биринчи бор комплекс ўрганилган. Тадқиқот доирасида “Аl-qisṭās”нинг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган 19 та қўлёзма нусхалари аниқланди ва уларнинг 12 таси текстологик тадқиқ қилинди.

“Аl-qisṭās” асари қўлёзмаларини қиёсий текстологик ўрганиш жараёнида асарнинг энг ноёб ва тўлиқ нусхаси Туркиядаги Кўня кутубхонасининг “Бурдур” фондида сақланиши аниқланди. Шунингдек, унинг Берлиндаги Тубинген давлат кутубхонаси фондида сақланаётган нусха бошқа қўлёзмалардан тубдан фарқ қилиши, кўлёзманинг иккинчи қисми мовароуннаҳрлик олим Садрушшариa Бухорийнинг “Xamsa abyāt bi ‘adadi davāir al-‘arūd” асаридан кўчирилганлиги ҳамда учинчи қисми араб олими Абужайш Андалусийнинг “Al-Risāla-Andalusīya” (“Андалусий рисоласи”) асарига тегишли экани исботланди.

* * *

Ҳозирда университетда “Мумтоз филология ва адабий манбашунослик”, “Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси” кафедраларида айнан қадимги ёзма манбаларни ўрганиш бўйича тизимли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Биргина сўнгги олти ой мобайнида айнан адабий ва тарихий манбашунослик, матншунослик ихтисосликлари бўйича 4 нафар тадқиқотчи PhD докторлик диссертацияларини мувафаққиятли ҳимоя қилгани ва яна 2 та диссертация ҳимояга олиб чиқилгани ҳам университетда манбашуносликнинг янги илмий мактаби яратилаётганидан далолат беради. Ҳимоя қилинган ишларнинг барчаси IX-XV асрларда яратилган, бироқ ҳали қўл урилмаган асл манбалар бўйича олиб борилган тадқиқотлар.

Улар орқали дунёнинг машҳур қўлёзма фондларидаги бир неча муҳим манбалар биринчи марта илмий истеъфодага олиб кирилди. Мазкур тадқиқотлар натижаларига кўра, номи илм аҳлига маълум бўлмаган бир неча адиблар ва уларнинг илмий мероси ҳақидаги дастлабки маълумотлар тақдим этилди, ҳали ўрганилмаган асарлар топилиб, адабиётшунослик, матншунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этилди.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Нодир МАҲМУДОВ ёзиб олди