Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ОТМларга тавсиянома бериш учун аризалар қабули бошланди

    Ижтимоий ҳаёт 30 май 2025 1729

    Талабгорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ахборот тизими — tavsiyanoma.ijro.uz орқали 30 майдан 8 июнгача онлайн ариза қолдиришлари мумкин.

    Шу йилнинг 30 май санасидан бошлаб, эҳтиёжманд оилалардаги 2 минг нафар хотин-қизларга олий таълим муассасаларига қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида тавсиянома бериш учун аризалар қабули бошланди.

    Тавсияномалар кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларга, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларга, турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга, ногирон фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга, 2 ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандларига ва ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга берилади.

    Талабгорларнинг аризалари 10 июнга қадар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади. Тавсияномалар электрон шаклда 15 июнга қадар ўз эгаларига етказилади.

    Маълумот учун, ушбу тавсияномалар ОТМга киришда ҳеч қандай балл қўшиб бермайди, тавсиянома олиш абитуриентнинг 100 фоиз ўқишга киришини кафолатламайди. Ўтган йили тавсиянома олган, лекин ўқишга кира олмаган хотин-қизлар жорий йилда яна қайта мурожаат қилишлари керак.