Сўнгги ойларда Тошкент шаҳрида айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва амалдаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар аниқланди.
Қатор ҳолларда қурилиш ишлари зарур рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномаларсиз бошланган. Шу орқали фуқароларга уй-жойларни ноқонуний равишда сотишга уриниш ҳолатлари кузатилган.
Бундай ҳолатлар натижасида баъзи фуқаролар виждонсиз компанияларга ишониб, молиявий йўқотишларга учраган ва уй-жойсиз қолган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур масалада қатъий позицияни эгаллаб, қонунбузарлик ҳолатларига нисбатан чоралар кўрмоқда. Шаҳарнинг бир қатор туманларида тўлиқ ҳужжатларга эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари тўхтатилди. Ушбу объектлар электр тармоғидан узилган. Қурилиш майдонларида назорат ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда. Аниқланган ҳар бир қонунбузарлик ҳолати юзасидан белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолини кўчмас мулк харид қилишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Хусусан:
- фуқаролардан харид қилинаётган уй-жойга оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини талаб қилиш,
- уларни синчковлик билан ўрганиш,
- пул маблағларини нақд ёки норасмий йўллар орқали тўламаслик,
- шартнома мазмунини тўлиқ англаб имзолаш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, қурилиш компанияси ёки объект қонунийлиги бўйича шубҳалар пайдо бўлса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий платформалари орқали мурожаат қилиш мумкин. Мурожаат этувчиларга объектнинг ҳуқуқий мақоми юзасидан расмий маълумот тақдим этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча тадбиркорлар ва қурувчилардан қурилиш ёки савдо фаолиятини бошлашдан олдин қонунчиликда белгиланган барча рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни сўрайди. Қурилиш меъёрларининг бузилиши ҳамда фуқаролар манфаатларига зарар етказувчи ҳаракатлар ҳолатида ҳокимлик томонидан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланмоқда.









