Қайд этилишича, 2025 йил 30 июнь куни Россия Федерациясининг Камчатка ўлкаси қирғоқларига яқин жойда жойлашган Тинч океанида кучли зилзила содир бўлди. Зилзиланинг эпицентри Петропавловск-Камчатский шаҳридан 161 км жануби-шарқда, 32 км чуқурликда жойлашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ер силкиниши 8,7 балл магнитудада бўлиб, 1952 йилдан буён Камчатка ҳудудида қайд этилган энг кучли зилзилалардан бири ҳисобланади.
Мутахассислар келгуси бир ой давомида яна шундай кучли зилзилалар содир бўлиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда. Ҳозирда вазият Камчатка ўлкасидаги ваколатли хизматлар томонидан қатъий назоратга олинган.
Зилзила ортидан Камчатка ва Сахалин ҳудудларида жойлашган бир қатор аҳоли пунктлари учун сунами хавфи эълон қилинди. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини сув сатҳидан баландроқ жойларга кўчишга ва денгиз соҳилларига яқинлашмасликка чақирмоқда.
Камчатка ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, зилзила вақтида жабрланган маҳаллий фуқаролар шифокорлар назоратида, барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жиддий жароҳатланганлар аниқланмаган.
"Мазкур табиий офат натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.
Ўзбекистон Республикасининг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси Камчатка ва Сахалин ҳудудларида вақтинча бўлиб турган юртдошларимизни Фавқулодда вазиятлар хизмати кўрсатмаларига қатъий риоя қилишга ва хотиржамликни сақлашга чақиради.
Зарур ҳолатларда +7 (423) 260-48-00 ва +7 (902) 078-70-07 телефон рақамлари орқали Бош консулхонага мурожаат қилишингиз мумкин", дейилади хабарда.









