Низомга кўра, олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига қуйидагилар асосида ўқишга қабул қилинади:
- Президент ҳужжатлари билан тасдиқланган бакалавриат йўналишлари бўйича давлат гранти, жумладан, таълим гранти асосида;
- Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган умумий қабул параметрлари асосида.
Кириш имтиҳонлари 2 бўлимдан иборат бўлади:
- 1-бўлим – барча бакалавриат таълим йўналишлари учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан тест синовлари;
- 2-бўлим – абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос 2 та фандан тест синовлари ёки таълим йўналишига мос касбий (ижодий) имтиҳонлар.
Қабул жараёни 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқичда 5 июндан 25 июнгача тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудуди;
- 2-босқичда тест синови якунлангач, 15 кун давомида олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлиги танланади.
- Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақида маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади.
Абитуриентнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича танлов натижаси рўйхатдан ўтишнинг 2-босқичи якунлангач, 1 ҳафта муддатда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.








