Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Ўқувчилар қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаларини илгари суришлари мумкин:
- автоматик тарзда — лойиҳа намуналари орасидан ўзига ёққан лойиҳани танлаш орқали (шаблон лойиҳалар рўйхати – бу ерда);
- мустақил равишда — тақдим этилган лойиҳа намуналари орасида мавжуд бўлмаган лойиҳаларни янгидан шакллантириш орқали.
Лойиҳанинг 1-босқичи доирасида 1, 2 ва 4-тоифага киритилган 112 та тумандаги 4 минг 987 та мактаб иштирок этади. Мазкур босқичда иштирок этаётган 112 та туман рўйхати – бу ерда.
Лойиҳа киритиш босқичи «Очиқ бюджет» порталида 31 октябргача давом этади. Киритилган лойиҳалар 10 ноябрга қадар сараланиб, 11-20 ноябрь кунлари овоз бериш босқичи бўлиб ўтади. Бу мавсумда иштирок этмаётган қолган мактаблар декабрь ойида бўладиган 2-мавсумда қатнашади.
«Менинг мактабим» доирасида ўқитувчилар ва мактаб маъмурияти учун товар ва хизматларни харид қилиш тақиқланади. Бундан ташқари, қуйидагича лойиҳалар илгари сурилишига йўл қўйилмайди:
- ўқувчилар ўртасида низо келтириб чиқарадиган, фақат бир гуруҳ ўқувчилар фойдаланиши учун мўлжалланган лойиҳалар;
- санитария меъёрларини бузиши ёки табиатга зарар етказиши мумкин бўлган лойиҳалар (ичимлик сувидан самарасиз фойдаланиш ва бошқалар);
- мактабни сақлаш билан боғлиқ харажатлар (коммунал хизматлар ва бошқалар);
- ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг соғлиғи (хавфсизлиги)га таъсир қилиши мумкин бўлган лойиҳалар (аттракционлар ва бошқалар);
- ўқувчилар вақтини беҳуда ўтказишига олиб келадиган, ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатадиган лойиҳалар (PlayStation каби ўйин машиналари ва бошқалар).
Ҳар бир ғолиб мактабга туман (шаҳар) бюджетидан БҲМнинг 150 баробари – 61,8 млн сўмгача маблағ ажратилади. Киритиладиган лойиҳалар қиймати ана шу миқдордан ошмаслиги керак.








