«Замин» фонди томонидан БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ва миллий ҳамкорлар кўмагида «Тоза ҳавонинг инсон ҳаёти сифати учун аҳамияти» мавзусида муҳокама ўтказилди.
«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз кириш сўзида:
«Сайёрамиз келажаги - ҳаммамизники, демак, атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз, ўзимиздан бошлаб хусусий секторгача, жамоат ташкилотларидан ҳукуматларгача - ҳаммамиз биргаликда иш олиб боришимиз шарт.
Бу борада амалларнинг катта-кичиги йўқ, атроф-муҳит учун барча ҳаракатлар: ўсимликларга зарар етказмаслик ёки кичик дарахт экиш ҳам, катта корхоналарда чиқиндиларни камайтириш ҳам ўта аҳамиятли», деб таъкидлади.
Тадбирда «Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида эришилган натижалар тақдимот қилинди, бу борадаги халқаро тажриба муҳокама қилинди, ҳавони назорат қилиш чора-тадбирларини энг намунали халқаро амалиётга мувофиқ ҳолда такомиллаштириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.