Электрон рақамли имзо тўғрисида янги қонун қабул қилинди

    Рақамлаштириш 18 октябр 2022 2953

    Президент томонидан 2022 йил 12 октябрдаги «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги ЎРҚ-793-сон Қонун имзоланди.

    Ҳужжатга мувофиқ, юридик шахснинг ЭРИси билан тасдиқланган электрон ҳужжат, қуйидаги барча шартлар мавжуд бўлганда қоғоз шаклдаги юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган ҳужжатга тенглаштирилади:

    • Электрон рақамли имзо ҳақиқийлиги тасдиқланганда;
    • Электрон рақамли имзо калити сертификати ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган пайтда ёки электрон ҳужжат имзоланган (ҳужжатни имзоланган вақтини аниқлаш имкони бўлганда) амалда бўлганда;
    • ЭРИ унинг калити сертификатида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилганда.

    ЭРИдан фойдаланиш соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари белгиланмоқда:

    • ушбу соҳада ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш;
    • давлат дастурларини тасдиқлаш;
    • тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
    • Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари, шунингдек дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари орқали ЭРИ калитларини бериш тартибини белгилаш;
    • “Ишончли учинчи тараф хизмати” фаолияти тартибини белгилаш.

    АКТ вазирлигининг ваколатлари кенгаймоқда:

    • ЭРИ калитларини рўйхатга олиш марказлари фаолиятини назорат қилиш ва камчиликлар аниқланганда уларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш;
    • “Ишончли учинчи тараф хизмати” фаолиятини ташкил этиш.

    ЭРИ калитларини рўйхатга олиш марказларига қўйиладиган талаблар, уларни аккредитация қилиш, гувоҳнома бериш, аккредитациядан ўтказишни рад этиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш, марказларни тугатиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормалар акс эттирилмоқда.

    Маълумот учун: ЭРИ калитларини рўйхатга олиш марказлари – ЭРИдан фойдаланиш соҳасида фаолият юритувчи, аккредитациядан ўтган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс.

    ЭРИ калитларини рўйхатга олиш марказларининг “булутли технологияларида” (ишончли сақлаш тизимида) ЭРИ калитларидан фойдаланиш камида икки омилли аутентификация қилиш тартиб-таомилидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади

    Шунингдек, тарқатилиши чекланган электрон ҳужжатлар учун ЭРИ калитига қўшимча талаблар қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

    ЭРИ калитини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишнинг муддати белгиланмоқда (1 иш куни).

    ЭРИ калитини рўйхатдан ўтказиш ва олиш учун:

    • жисмоний шахслардан – шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ЖШШР ва ЭРИ калитидан фойдаланиш мақсади кўрсатилиши лозим;
    • юридик шахслардан – СТИР, юридик шахс ЭРИ калитини олувчи шахс кўрсатилган ишончнома, ишончномада кўрсатилган ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ЭРИ калитидан фойдаланиш мақсади кўрсатилиши лозим.

    Рўйхатга олиш марказларидан жисмоний ва юридик шахслардан ЭРИ калитларини олиш мақсадига оид бўлмаган маълумотларни тақдим этишни талаб этиш тақиқланади.

    Жисмоний ва юридик шахслар бир нечта ЭРИ калитларига эга бўлишлари мумкин.

    ЭРИ калитининг сертификатини амал қилиш муддати рўйхатдан ўтказилгандан бошлаб 24 ой амал қилади. Сертификат амал қилиш муддати икки маротабадан зиёд узайтирилиши мумкин эмас.

    ЭРИ калити эгаси – юридик шахс раҳбари бошқа мажбуриятлар қаторида шунингдек:

    • юридик шахс қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда бу ҳақда рўйхатга олиш марказига хабар бериши;
    • у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор бўлганда ЭРИ калитини топшириши шарт.

    Юридик шахснинг янги тайинланган раҳбари юридик шахсга тегишли бўлган электрон рақамли имзонинг калитини белгиланган тартибда («булутли технологиялардан» фойдаланилганда аутентификация қилиш омилларини алмаштириш мажбурияти билан) қабул қилиб олади.

    Қонун билан ишончли учинчи тараф хизмати – ахборот ва электрон ҳужжатларни алмашиш чоғида ишончни таъминлаш мақсадида электрон ҳужжатдаги ЭРИнинг унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текширишга доир фаолиятининг тартиби белгиланмоқда.

    Ишончли учинчи тараф хизматининг вазифаларини амалга оширадиган шахс АКТ вазирлиги томонидан тайинланади ҳамда идоралараро ва трансчегаравий ахборот ҳамкорлиги жараёнида электрон ҳужжатларнинг дахлсизлиги ҳамда ишончлилигини сақлаш кафолатларини вақтнинг муайян пайтида таъминлаш бўйича ахборот воситачиси сифатида иш юритади, шунингдек уларнинг юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди.

    Чет давлатларнинг ЭРИ калитларининг сертификатлари Ўзбекистонда икки ҳил йўл билан тан олинади:

    • халқаро шартномаларида белгиланган тартибда;
    • Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан ҳақиқийликни тасдиқлаш йўли билан.