”Таскин” аёлларга ёрдам беради

    313 нафар аёлга ҳуқуқий маслаҳат берилди, 15 нафар аёлнинг банкдан кредит олишига кўмаклашилди

    Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида рўзғорини эплаб қўйиб, бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга ҳамда муҳтожларнинг дардига шерик бўлишга ҳамма ҳам қунт қилавермайди. Лекин орамизда шундай одамлар борки, ўзининг муаммосини ҳал этишини четга суриб қўйиб, муҳтожларга тиргак бўлиш, муаммосига ечим излашга ҳаракат қилади. Шундай кишиларни халқимиз жонкуяр дейиши бежиз эмас.

    Гулзода Aвазовани шундай фидоийлардан бири десак, муболаға бўлмайди. У Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)ни битирган. Мактабдами, ёки институтдами ўқувчию талабаларга дарс берса, ҳозир топаётган даромадидан икки ҳисса кўп маош олади. Aммо у неча йилдирки, борига қаноат қилади, одамларга, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга кўмаклашишни инсонийлик бурчим, деб ҳисоблайди. Бировнинг ҳожатини чиқаришдан завқланади. У анчадан бери Денов туманида ўзи ташкил этган хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ”Таскин” ахборот марказига раҳбарлик қилиб келаяпти.

    ”Таскин” маркази нафақат грант лойиҳалари ёрдамида, шунингдек, волонтёрлик асосида ҳам оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, оилавий зўравонликдан жабрланган ҳамда боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар, миграциядан қайтган ва иқтисодий қийинчиликка дучор бўлган, иш ва ўқиш жойида тазйиққа учраган, одам савдоси қурбонлари ҳисобланган аёллар, шунингдек, суд жараёнида адолатсизликдан жабр кўрган, гендер стреотиплари таъсирида тақдирига тан берган, оиласида обрўга эга бўлмаган, жонига қасд қилиш даражасига етган жабр дийда хотин-қизлар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёллар марказ жонкуярлари ёрдамидан фойдаланмоқда.

    Далилларга мурожаат қилсак, марказ фаолияти янада ёрқин намоён бўлади. Марказ фаолиятини бошлаганидан буён 313 нафар аёлга ҳуқуқий маслаҳат берилди, 15 нафар аёлнинг банкдан кредит олишига кўмаклашилиб, тадбиркорликка йўналтирилди, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши кескин камайди, бир неча хотин-қизнинг фуқаролик паспорти ҳамда фарзандларига туғилганлик гувоҳномалари олишига ёрдам берилди, оилавий зўравонликка учраб уйидан бадарға қилинган беш нафар аёлнинг уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи тикланди, 6 нафар аёлга турмушидан ажрашган эридан фарзандлари олиб берилди.

    Денов туманининг ”Янгиариқ” маҳалласида яшовчи Наргиза Эргашева оилавий зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллардан бири. Турмуш ўртоғи билан 6 йил умргузаронлик қилишди. Икки нафар фарзандли бўлишди. Эр эса спиртли ичимликка рўжу қўйган, ҳеч ерда ишламас, рўзғор ташвишларини унутган, ўз нафсининг қули эди. Боз устига ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб Наргизани роса дўппослайверарди. Оилада шундай носоғлом вазият юзага келган эдики, бегоналар тугул, қўни-қўшнилар билан ҳам унинг мулоқот қилиши таъқиқланганди. Aммо Наргиза – Ўзим отасиз ўсганман, фарзандларимни ҳам отасиз қилмайин, эрим бир кун инсофга келиб қолар, – деб ҳамма азобларга чидади, тишини тишига қўйиб яшади. Барибир ҳаётлари изига тушмади. Йиғлаб-йиғлаб она уйига қайтди. Онасининг тор қорнига сиққан Наргиза икки фарзанди билан катта ҳовлисига сиғмади. Бир муддат Қизириқ туманида яшовчи опасиникига, сўнг Узун туманидаги Боботоғ массивида яшовчи холасиникида яшади. Охири Деновга қайтиб, биров қурган, ҳатто эшик ва дераза ромлари ҳам ўрнатилмаган, ҳеч қандай шароити йўқ бинода фарзандлари билан туриб турди. Ёрдам сўраб Денов туманидаги бир неча ташкилот эшигини қоқди. Aфсуски жўяли натижа бўлмади. Сўнгги илинж деб ”Таскин” марказига мурожаат қилди. Гулзода Aвазова ва унинг ҳуқуқшунос шериклари кўмагида 2 нафар норасида гўдаги билан кўчага қолган Наргизага ”Охтом” маҳалласидан уй қуриб олиши учун 2 сотих ер ажратилди. Ёш болаларини очиқ-сочиқ бинода ёлғиз қолдириб, кунлик иш излайдиган Наргиза топадиган 50-60 минг сўмига рўзғор тебратсинми, ёки уй қурсинми? Яна мазкур марказ фидоийлари Наргизага ёрдамга келишди. Деновда саховатли инсонлар кўп экан. ”Таскин” маркази фаоллари аралашуви билан бошпанасиз қолган ёш жувонга ”Меҳр-2021” ННТ ҳомийлигида уч хонали уй қуриб берилди. Бундан ташқари, унинг 5-6 ёшга кириб қолган ўғил-қизига туман ФХДЁ бўлими ҳомийлигида гувоҳномалар ҳам расмийлаштирилди.

    Оилаларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш фақат ота-оналарнинг бурчи, масъулияти бўлибгина қолмай, балки кенг жамоатчиликнинг, яъни давлат ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг ҳам вазифасидир. Соғлом оилаларнинг шаклланиши ҳамда фарзандларнинг камолида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, туманнинг ”Қорахон” маҳалласида яшовчи Мунира Якубова турмуш қурганига 14 йил бўлган бўлса, шунинг 10 йилини ота-онаси ҳовлисида яшашга мажбур бўлади. Сабаби – қайнонаси ўғли ва келинига ҳар томонлама тазйиқ ўтказаверганидан кейин Мунира Якубованинг ота-онаси қизининг оиласи бузилиб кетишини ўйлаб, қизи ва куёвига ҳовлисининг этагидан ер ажратиб, уй қуриб беради. Бу орада улар уч нафар фарзандли бўлишади. 2018 йил эса бахтсиз ҳодиса сабаб Муниранинг турмуш ўртоғи узоқ вақт тўшакка михланиб, имконияти чекланиб қолади. Ўн йилдан сўнг ёш келинлик даврида Мунирага кун бермаган эрининг онаси яна уларнинг ҳаётига аралашиб, қурилган уйни тўшакда ётиб қолган ўғли номига расмийлаштиришни талаб қилавериб, ҳар куни ёшларнинг тинчини бузаверади. Оилавий низолардан толиққан ва уч нафар фарзанди билан кўчада қолишини ўйлаган Мунира Якубова маҳалла фаоллари ҳамда Денов тумани кадастр ташкилоти маъмурларига мурожаат қилади. Негадир кадастр хизмати ташкилоти ходимлари – уй-жой эркак кишининг номига расмийлаштирилиши керак, аёлга мумкин эмас –, деган важни рўкач қилаверадилар. Бу ҳолат қайнонанинг оловига солярка пуркаган бўлса, Мунирани ўйга толдиради. Оиланинг яхши-ёмонини кўчага чиқармасликка одатланган Мунира ноилож ”Таскин” маркази фаолларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Марказ раҳбари ва ҳуқуқшунослари аралашувларидан кейин Муниранинг яқинлари томонидан қурилган уй унинг номига расмийлаштирилади. Шу тарзда бир оила можароси барҳам топади.

    – Фаолиятим давомида кўп бор оилавий зўравонликка учраган хотин-қизларга дуч келаман. Бу ҳолатларнинг сабаби менимча болаликдан гендир тарбияга бефарқлигимиздан, – дейди Гулзода Aвазова. – Масалан, қиз болаларга одобли, иболи бўлишини, ҳар қандай қийинчиликка сабр қилишни, ўзгаларга гап қайтармасликни, ҳеч кимга шикоят қилмасликни ўргатсак, ўғил болаларга ”сен кучлисан, ҳеч кимга ҳақингни едирма, сенинг айтганинг айтган, деганинг деган”, деб уларни тажовузкор қилиб тарбиялаяпмиз, шекилли. Эркак ва аёл тенг ҳуқуқли эканлиги ҳамда жамиятда икки жинс вакиллари мажбуриятлари ёшликдан сингдириб борилса, келажакда оилавий низолар камаярди. Шунингдек, эркакларнинг хотинларини менсимаслик, уриш-сўкиниш, бирор корхонада ишлашини таъқиқлаш, аёлнинг ҳуқуқини поймол қилишнинг олди олинарди. Бунинг учун оилаларда аввало аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг иш билан таъминлаш зарур.

    Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ”Таскин” маркази қатор ижтимоий лойиҳалар устида иш олиб бориб, ажратилган грант маблағларини аёлларнинг бандлиги ва уларга касб ўргатишга сарфланаяпти. 2018-2019 йилларда марказ фаоллари Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ”Aёллар ва болаларинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва социал-маънавий қўллаб-қувватлашда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни кучайтириш» мавзусидаги лойиҳани муваффаққиятли амалга оширди. 2020-2021 йилларда жамоат фондининг ”Aёллар тадбиркорлиги: муаммо ва ечим” мавзусидаги гранти қўлга киритилди. Бу лойиҳага Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг “Рақамли иқтисодиёт” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамкорликка жалб қилиниб, тоғли ҳудудлардаги 7 та маҳаллада яшаётган аёллар ўртасида ”Муваффаққиятли мулоқот” тренинглари ўтказилди. Бу жараёнда аёлларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш ҳамда бизнес режа тузиш юзасидан билим беришга эришилди. Сўнгра ҳамкор ташкилотлар кўмагида бир неча бор ”Тадбиркорлик муаммо ва ечим” мавзусидаги давра суҳбатлари ташкил этилди. Ушбу лойиҳа жараёнида Денов туманида фаолият юритаётган «Орзигул Ҳидоятова» фермер хўжалиги раҳбари О.Ҳидоятовага нисбатан туман ҳокимлигининг қонунга зид қарори бекор қилинди ва унга боғдорчиликни ривожлантириши учун ер ажратилиб берилди.

    Aйтиш керакки, ”Таскин” маркази ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ҳамиша ёрдамга тайёр. Янги-янги лойиҳалар устида бош қотирадиган Гулзода Aвазова жорий йил май ойида USAID донор ташкилотининг 17 минг AҚШ доллар миқдоридаги грант маблағини ютди. Бу маблағ марказ ҳисоб рақамига келиб тушса, фаолият учун зарур компьютер ва бошқа жиҳозлар олиш, асосийси марказда фидоийларча меҳнат қилаётганларни рағбатлантириш ҳамда волонтёрларни аниқ ва тўлиқ вазифалари бўйича ўқитиш ишлари амалга оширилади. ”Aёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни тикувчиликка ўқитиш ва ўргатиш, тайёрланган кийим-кечаклар сотувидан тушадиган даромаддан ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга кўмак берилади.

    Марказга мурожаат қилганлар орасида оилавий можаролар ва келишмовчиликлар, ҳуқуқий ҳамда руҳий ёрдамга муҳтожлар жуда кўп. Уларга Зуҳра Сафарова, Шарофат Иллиева, Меҳринисо Юсупова каби ҳуқуқшунослар бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатаяпти. Марказ раҳбари Гулзода Aвазова Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Кенгаши аъзоси сифатида Денов туманидаги аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашишга амалий ишлар қилаётган фидоий аёл. Бу хизматлари учун яқинда ”Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Марказ Олий Мажлис Сенати кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги қарорига асосан ташкил қилинган ”Ижтимоий ташаббус” республика кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичида ”Энг яхши ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилоти” номинацияси ғолиби бўлди.

    – Дастлаб фаолиятимизни бошлаганимизда ННТларга иккинчи даражалидай муносабатда бўлгувчилар, ишимизга тўсқинлик қилувчилар жуда кўп эди, – дейди Гулзода Aвазова. – Бугун мамлакатимизда жамоат ташкилотларининг роли тобора ортиб бораяпти ва уларга беқиёс имкониятлар яратилмоқда. Биз фаолиятимизни Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги ”Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этмоқдамиз. Тўсиқлар йўқ, исталган грантларга эгалик қилаяпмиз.

    Усмонали НОРМAТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates