116,1 миллион сўмлик стартап лойиҳа камбағалликдан чиқаришга ҳисса қўшади

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 12 май сонида журналист Хуршида Эрназарованинг “116,1 миллион сўмлик стартап лойиҳа камбағалликдан чиқаришга ҳисса қўшади” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Мамлакатимиз ёшларини илмий ва инновацион фаолиятга жалб этишнинг самарали механизмларини жорий қилиш ва улар ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар бажарилмоқда. Жумладан, инновацион ҳудудлардаги муаммолар ечимига қаратилган стартап лойиҳалар давлат грантлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида турли кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

    Биргина мисол. Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали тадқиқотчиси Шукрулло Муродовнинг “Инновацион ресурстежамкор кичик ёпиқ майдон” лойиҳаси вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси ўтказган ҳудудий стартап лойиҳаларнинг 3-босқичида ғолиб топилди ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 116,1 миллион сўмга молиялаштирилди.

    Дастлаб мазкур стартап лойиҳани шакллантиришда илмий тадқиқотчи Самарқанд вилоятидаги мингдан ортиқ томорқа хўжалиги фаолиятини тизимли равишда икки йил ўрганди. Хусусан, ҳар бир уй хўжалиги учун томорқадан юқори даромад олиш нуқтаси, экин майдонлари, оила бошлиғи ва аъзолари бандлиги, билим ва кўникмалари, ресурс имкониятлари ва ерда инновациялардан фойдаланиш ҳолати каби омилларга илмий асосланган ҳолда иқтисодий баҳо берилди.

    Тадқиқотчи Япониянинг Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университетида олган билим ва тажрибаси ҳамда вилоятда ўтказган илмий-тадқиқот натижалари асосида қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини қондириш, бозорда барча фасллар учун сабзавот маҳсулотлари баҳосини барқарорлаштириш мақсадида ушбу лойиҳа ишлаб чиқилганини таъкидлайди.

    — Инновацион кичик ёпиқ майдон анъанавий кичик ёпиқ майдонга нисбатан ҳар томонлама ресурстежамкорлиги, мустаҳкамлиги ва самарадорлиги илмий асосланган, — дейди тадқиқотчи. — Хусусан, анъанавий кичик ёпиқ майдоннинг 70-75 фоизидангина фойдаланилса, иннова цион ресурстежамкор кичик ёпиқ майдон сабзавотни 95-100 фоиз етиштириш ва ердан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Шунингдек, экинларни суғоришда сув ресурсларини 33-35 фоизгача тежайди. Унда ишлатиладиган плёнкадан 3-5 йил фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, баҳор фаслида қулупнай ҳосилига, куз фаслида эса ер токида пишган узум сифатига ёғингарчиликнинг салбий таъсирининг олдини олади.

    Лойиҳа учун ажратилган маблағ ҳисобидан шу йил апрель ойида Оқдарё, Пастдарғом, Пайариқ туманларида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон, ишсиз 20 нафар аёлга инновацион ресурстежамкор кичик ёпиқ майдон қуриб берилди. Уларга серҳосил помидор кўчати етказилди. Шунингдек, ТДАУ Самарқанд филиали, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва қабул қилиб олувчи уй хўжалиги ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.

    Қишлоқ хўжалигида бир сотих инновацион ресурстежамкор кичик ёпиқ майдондан экин турларидан келиб чиққан ҳолда йилига ўртача 13-15 миллион сўм даромад олиш мумкин. Шунингдек, лойиҳа доирасида тажриба сифатида филиалнинг 5 сотих майдонида инновацион ресурстежамкор кичик ёпиқ майдон қурилиб, серҳосил “ложайин” F1 навли помидор экилди ва 5 нафар талабанинг бандлиги таъминланди. Талабалар бу ерда меҳнатига яраша ҳосилдан тушган даромадга эга бўлади ҳамда илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates