Адвокатларнинг касбий обрўси ва нуфузини оширишга нима монелик қилади?

    Мамлакатимизда сўнги йилларда адвокатура тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар бу соҳада туб ислоҳотларни бошлаб берди.

    Сир эмаски, авваллари фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий норма йўқ эди. Бу эса - адвокатуранинг тўлиқ мустақиллигини таъминлаш, кафолатлаш, касбий обрўси ва нуфузини оширишга монелик қилар эди. Ўтган йилда қайта қабул қилинган Конституциямизда адвокатлар тўғрисида алоҳида боб киритилиши тарихий муҳим аҳамият касб этди.

    –Адвокатурани ривожлантириш учун мамлакатимизда ўнга яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди, – дейди Андижон вилояти, Балиқчи тумани Адлия бўлими бошлиғи Сайидмуҳаммадали Салоҳиддинов. – Адвокат жиноят, маъмурий ва иқтисодий ишларини судда кўриш жараёнининг шундай бир иштирокчиси ҳисобланадики, усиз суд давлат ҳокимияти сифатида фаолият кўрсата олмайди. Бу ҳолат ўз навбатида, адвокатура институтининг алоҳида мақомини белгилайди.

    Ҳозирги кунда Андижон вилоятида 351 нафар адвокат фаолият олиб боради. Бундан ташқари, вилоятда 228 та адвокатлик тузилмалари мавжуд бўлиб, 26 таси фирма, 199 таси бюро ва 3 та ҳайъат сифатида ташкил этилган. Ўтган 2023 йил давомида адвокатлар томонидан фуқаролар ва ташкилотларга 100 мингдан ортиқ юридик хизматлар кўрсатилган.

    Сўнгги йилларда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 майдаги 3993-сон «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 12 майдаги
    5441-сон «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
    24 сентябрдаги «Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 807-сон қарорлар каби ўнга яқин муҳим хужжатлар қабул қилинди.

    Бошқача айтганда, мамлакатимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсата оладиган, ижтимоий аҳамиятли - махсус ҳуқуқ лаёқатига эга институт сифатида ўз ўрнига эга бўлмоқда.

    — Адвокатура соҳасига бир қатор замонавий ёндошувлар жорий этилди, –дейди Андижон вилояти адвокатлар палатаси раиси Адилжон Юнусов. –Хусусан, адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш ва адвокатларга лицензия бериш давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган бўлди. Адвокатларга ордерлар электрон шаклда расмийлашириш тизими йўлга қўйилди. Адвокатларнинг электрон реестри яратилиб, барча учун очиқ порталга жойлаштирилди.

    Хусусан, Суд ва тергов жараёнларида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди. Бироқ адвокатнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлса-чи? Адвокатга ўз мижозини профессионал ҳимоя қилиши учун кўп нарса керак эмас, аслида. Билим, малака, эркинлик, дахлсизлик берилса бўлгани.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Бу янги норманинг киритилиши суд ва тергов жараёнларида адвокатларнинг имкониятларини янада ошириб юборди.

    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасига биноан адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

    –Янги конституция қабул қилингунга қадар адвокатларнинг дахлсизлиги бўйича қоидаларни қонунларда кўрсатилишининг ўзи етарли эмас эди, – дейди адвокат Олимжон Отахўжаев. –Уларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида белгиланиши ҳаётий зарурат эди. Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатлар фаолиятининг кафолатларини ҳам кучайтириш зарур. Шу сабабли Конституцияга адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига оид янги нормаларнинг киритилиши биринчи галда инсон ҳуқуқларини сифатли ва самарали ҳимоя қилади.

    Ҳар қандай демократик жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда асосий вазифаси бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини профессионал тарзда ҳимоя қилиш бўлган адвокатлар муҳим ўрин эгаллайди. Ўз навбатида адвокатлар эркин фаолият юритишлари учун давлат ва жамият зарур шароитларни яратиб бериши, керак бўлганда тегишли ҳуқуқий механизмлар билан адвокатлар фаолиятини турли тазйиқлардан кафолатлаши лозим. Янги қабул қилинган конституциямизда эса айнан мана шу вазифалар акс этган боб ва моддалар киритилди.

    Охирги йилларда юритимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар адвокатура институтини мустаҳкамлашга, адвокатларнинг ролини оширишга ҳамда ҳимоя ва айблов тарафлари ўртасида балансни таъминлашга эришишга ёрдам берди.

    Азизбек Қодиров,

    Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги

    Судьялар олий мактаби фуқаролик ҳуқуқи 1-гуруҳи тингловчиси.