Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш соддалаштирилди

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга ўтиш, барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш ишлари жадал ривожланмоқда.

    Бунинг натижасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада кучаймоқда ва бир қатор соҳалар вакиллари фаолиятининг самарадорлиги ошмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, рақамлаштириш жараёни адвокатура соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Жумладан, 2022 йил 5 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

    Мазкур қарор билан адвокатлик фаолиятини лицензиялаш учун талабгорнинг хоҳишига кўра, “Лицензия” ахборот тизими ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартиби, адвокатлик фаолиятини лицензиялашни фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга ошириш, талабгорнинг адвокатлик лицензиясини олиши учун талаблар ва шартларни белгилаш назарда тутилган.

    Шунингдек, лицензияловчи орган (Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари) томонидан ўн иш куни ичида “Лицензия” АТ орқали талабгорнинг аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш тартиби, талабгор ёки литсензиат томонидан лицензияловчи орган ёки унинг мансабдор шахси қарорлари ёхуд ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳамда уни кўриб чиқиш муддатлари, тартиби ва шартлари, адвокатга адвокатлик гувоҳномасини берган тегишли адлия органи томонидан адвокатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини назорат қилиш, Адвокатлик фаолияти учун берилган лицензияларнинг давлат реестрини “Лицензия” ахборот тизимида электрон шаклда юритиш тартиблари белгилаб қўйилди.

    Талабгор лицензия олиш учун аризани “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон юборади. Аризалар ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин.

    Танланган ҳар бир ихтисослик бўйича малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун 3 ой ичида тегишли лицензияловчи органга мурожаат қилиши керак.

    Лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади.

    Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи (150 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим тўлангач, ариза автоматик тарзда талабгорнинг доимий яшаш жойидаги лицензияловчи органга юборилади. Шунга кўра, ариза 10 иш кунида кўриб чиқилади.

    Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга хабарнома юборилади. Талабгор хабарнома юборилган кундан бошлаб 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга давлат божи (БҲМнинг 1 баравари – 300 минг сўм) тўлайди. Давлат божи тўлангач, талабгорга электрон шаклда QR-код қўйилган лицензия юборилади.

    Мазкур тартиб 2023 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

    Ахрор Эсонбоев,

    Тошкент вилоят адлия бошқармаси

    етакчи маслаҳатчиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates