Аҳмадали АСҚАРОВ: Ҳар бир археологик объект остида катта хазина — тарих бор

    Ўзбеклар 4 минг йил олдин пахта эккан, ипак матолар Хитойдан олдин бизда ишлаб чиқарилган экан.

    Тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Аҳмадали Асқаров ҳақида кўпчилик яхши билади. Бир кам тўқсон ёшни қоралаган бу инсоннинг умри археологик экспедицияларда ўтди. Ҳозиргача янги объектларни очишда қатнашади. Асосий фаолияти Ўрта Осиёда сақланиб қолган моддий-маданият ёдгорликларини очиш ва уларда археологик тадқиқотлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон халқлари тарихини ўрганишга бағишланган. Илмий изланишлари натижалари 20 дан ортиқ монография, 600 дан зиёд илмий мақолалар, 1 та дарслик ва 8 та ўқув-методик қўлланмадан жой олган. Илмий ишларининг кўпи дунёнинг турли давлатларида чоп этилган.

    Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашиш учун кириб борганимизда, китоб ўқиб ўтирганларига гувоҳ бўлдик. Кўринишидан анча тетик, басавлат бу одам китобни кўзойнаксиз ўқиётган эди. Атрофида эса аёли нарсаларни тартибга солиш билан овора. Онахоннинг ҳам ҳаракатлари ёш келинларникидек чаққонгина. Киришдан уларга ҳавас қилдик: бизни ҳам шу ёшларга етказсин, уларга кўз тегмасин.

    Мени ва ёнимдаги фотомухбирни самимий қарши олишди. Қаҳрамонимиз қўлларидаги китобга ишора қилиб, тарихий роман экани, яқинда чоп этилгани, муаллиф уларга илк ўқувчилардан бири сифатида совға қилиб, фикрларини билдиришларини сўраганини айтди. Асар бу инсонга жуда маъқул келибди, тарбиявий аҳамияти катта эканини таъкидлади. Асар мазмуни ҳақида ҳам бир қанча мулоҳазаларини билдирди. Шундан сўнг салкам тўрт соат давом этган суҳбатимизга киришдик. Аҳмадали аканинг ўзи айтганидек, эслаб қолиш қобилияти ўта яхши экан. Нутқи ҳам равон бўлгани учун тинглаш жуда мароқли бўлди. Аслида, археологларнинг фаолияти доим ҳам шундай қизиқ бўлса керак. Архивнинг ўзгинаси бўлган бу одам билан суҳбатлашиб, ўтган асрнинг мустақилликкача бўлган даврлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар олдик. Ҳар бир ҳикоясини жон қулоғимиз билан тингладик. Мен ҳикоя деб атаётганим, аслида, бир инсоннинг бутун бошли умри, бошдан кечирганлари, салкам 90 йиллик тарих.

    Тақдир ҳазили ёки...

    Болалигим қишлоқда — Наманган вилояти Норин туманида ўтган. Оиламизда 14 фарзанд дунёга келган, нобуд бўлганларидан қолганимиз 8 нафар эдик. Онам раҳматли кўп болали аёл сифатида қаҳрамон бўлганлар. Отам оддий миришкор деҳқон эди. Умр бўйи ҳалол меҳнат ортидан 5 ўғил, 3 қизни тарбиялаб вояга етказишди. Мен бошқалардан фарқ қилардим. Қўлимдан китоб тушмас, хотирам ниҳоятда яхши эди. Доим отамнинг ёнларида юриб, уларга кўмакдош бўлардим. Шунданми, уларнинг менга меҳрлари бўлакча эди. Отамнинг йўлидан кетсам, деҳқон бўлишим керак эди. Аммо мактабни тамомлагач, уларга ўқиш ниятим борлиги, деҳқончилик ёмон иш эмаслиги, аммо менинг илм олишга меҳрим баланд экани, оиламизда ҳам ўқимишли инсон чиқиши мумкинлигини айтдим. Шунда отам “ака-укаларингга нисбатан менга бўлган меҳринг, қўлимдан ишни олишга уринишинг менга ёқади болам, сен кетсанг қанотимдан айрилиб қоламан. Ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам олим бўлавермайди, деҳқон бўлсанг ҳам элга хизмат қиласан”, деди. Бутун вужудим билан ўқишга интилишим борлигини айтиб, отамни кўндирдим. Энди Тошкентга бориб ўқиш учун пул топиш керак эди. Колхоздан ёрдам сўраганимизда имконлари йўқлигини айтишди.

    Ўшанда 50-йилларнинг бошлари эди. Қишлоғимизда бир қурувчи бўларди. Шу одам ўқишга кетишим учун пул кераклигини биларди. Бир куни менга ярим гектар майдони борлиги, шу ердаги шолизорни ўт-ўландан тозалашим эвазига пул таклиф қилиб, кунига 10 рубльдан тўлашини айтди. Ўша даврда бу катта пул эди. Мен рози бўлдим ва ишни 10 кунда битириш эвазига 100 рубль тўлашига келишдик. Меҳнатдан қочмайдиган, ҳар қандай ишни тез ва аъло даражада бажаришга одатланган йигитман. Шолипояда тонг саҳардан ярим кечгача тинмай ишладим, отам раҳматли менга овқат таширдилар. Шу зайл белгиланган майдонни 3 кунда ўтаб қўйибман. Келишувга кўра, 100 рубльни олдимда, 50 рублини ота-онамга қолдириб, қолгани билан Тошкентга йўл олдим.

    Шарқшунос бўлиш мақсадида ҳозирги Миллий университетга ҳужжат топширдим. Еттита фандан имтихон олинарди. Шундан олтитасидан аъло баҳога ўтдим, аммо рус тилини билмаслигим панд берди. Хотирам кучли бўлгани учун рус тилидан баён ёзиш имтихонини яхши топширдим, лекин оғзакига келганда ўта олмадим. Қишлоғимизда ўрислар бўлмагани, амалиёт йўқлиги сабаб бу тилда сўзлаша олмасдим. Ўқишга қабул қилинмаганимдан ҳафа бўлиб кетаётганимда, ўша куни давлатимтихонлари бўйича масъул саркотибни учратдим. У Шайҳонтоҳур туманида янги Юридик институт очилгани, унга мени қабул қилишлари мумкинлигини айтди. Қишлоққа қайтишга орим йўл бермади ва ўша ўқишга бориб, қабул қилиндим. Бир ой ўқиганимиздан кейин талабаларни пахтага жўнатадиган бўлди. Мен қишлоғимга бордим. Ота-онамга Юридик институтга кириб, таҳсил олаётганимни айтдим. Шунда онам бу нима дегани эканини сўради. Мен содда эса у ерда судя, прокурор бўлиб чиқишимни, одамларни суд қилишимни айтдим. Буни эшитган онам ваҳима ва йиғига тушди: “Сен энди одамларни суд қилиб, жиноятчига чиқарадиган бўласанми”, деди. Гап шундаки, ўша пайтда онамнинг кенжа укаси молиячи бўлгани учун яқинларининг гапига кириб 1947 йилда пул алмаштиришда ноқонуний ишга қўл ургани ортидан 12 йилга қамалиб кетган эди. У бизнинг уйда тарбиялангани боис, бу ҳолат онамга қаттиқ таъсир қилган. Шу боис, менинг юрист бўлишимга қаршилик қилди ва ўқимайсан, деб туриб олди. Онамнинг гапини икки қила олмадим — ўқишга қайтиб бормадим. Бир йил қишлоқда қолиб кетдим.

    Салкам 70 йилдан буён бирга, ёнма-ён

    Ҳар нарса яхшиликка, деб бежиз айтишмайди. Онанинг сўзини ерда қолдирмаган Аҳмадали келаси йили яна Тошкентга келиб, Низомий номидаги Педагогика институтига ҳужжатларини топширди ва тарих факультетига ўқишга кирди. 1957 йилда ўқишни аъло баҳолар билан тамомлади. Талабалик йилларида билимга чанқоқ, ақлли бу йигит устозларининг эътиборига тушганди. Фанлар Академиясининг ўша вақтдаги Президенти Ҳабиб Абдуллаев ҳар йили олий ўқув юртини аъло баҳо билан битирган йигит-қизлар учун Москвага бориб, 150—200 тагача СССРнинг марказий шаҳарларида аспирантурада ўқиши учун ўрин олиб келарди. Йўлланмани қўлга киритганлар орасида Аҳмадали Асқаров ҳам бор эди. Уни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида археология фанидан ўқитган устози Яхё Ғуломов тавсия қилди. Аҳмадали йўлланмани олади, аммо аспирантурага кирмасдан, қишлоққа — ота-онасининг олдига қайтади.

    — Қишлоққа бориб, мактабда болаларга тарих фанидан дарс бера бошладим, — дейди А.Асқаров. — Орада тўйим бўладиган бўлди. Ўзим 21 ёш, танлаган қизим 17 ёш эди. Қонунчиликка кўра, вояга етмаган қизга уйланиш тақиқланган экан, биз бундан бехабар тўйни бошлаб юбордик. Тўй куни тегишли ташкилотлар келиб, маросимни тўхтатди, ўзимни қамоққа олмоқчи бўлишди. Лекин ҳамма мени ўта меҳнаткашлигим, кунига 300—350 килогача пахта теришимни биларди. Талабалик давримда ҳам, мактабда ишлаб юрганимда ҳам энг кўп пахта терувчилар қаторида бўлганман. Қамалмаслик учун мени ўқитувчи ва болаларни пахтага жалб этилган вақтида 4-синф болаларига пахта тердириш вазифасидан озод этиб, ўзимни теримга чиқаришларини сўрадим. Шунда энг орқада қолган бригададан 7 гектар ер беришди. Аламимдан тинимсиз пахта терардим, кунига ўртача 350 килогача топширардим. Далада бир хона ажратилган, ўша ерда ётардим. Бир ойда қўлларим қавариб, панжалари шишиб кетди. Менинг пахта теришим бутун республикага ёйилди, ҳар томондан журналистлар келди. Мен ҳақимдаги мақолаларни ўқиган Наманган вилояти ижрокоми олий маълумотли эканимни кўриб, пахта майдонига келди. Мен билан суҳбатлашгач, муаммойимни эшитди ва тўйни ўтказишга рухсат қоғози тайёрлаб берди. Шундай қилиб, 14 ноябрь куни тўйимиз бўлди. Салкам 70 йилдан буён кўз очиб кўрган аёлим билан аҳил, иноқ яшаб келяпмиз. Оиламизда ортиқча жанжал, тўполонлар бўлмаган. Биргаликда 4 ўғил, 1 қизни тарбиялаб, вояга етказдик. Ҳаммаси ўзи танлаган касбдан кетди ва бунга асло қаршилик қилмадик. Бир этак набира, авараларимиз бор, Аллоҳга шукр.

    Аҳмадали аканинг турмуш ўртоғи Муборак ая ҳам наманганлик. Иккалалари бир қишлоқдан, бир мактабда олдинма-кетин ўқишган. Ая ҳозир 84 ёшда, касби тарихчи. Тўртинчи фарзандни дунёга келтиргандан кейин тарих йўналишида таҳсил олган экан. Бир муддат Самарқанддаги археология институтида, кейин 10 йил мактабда тарих фанидан дарс берган. Тошкентга кўчиб келганларидан кейин ҳам икки йил ишлаб, сўнг нафақага чиққан.

    Аҳмадали ака ҳар гап орасида аёлини қўшиб гапиришига эътибор бердим. Албатта, авайлаб, эркалаб гапиряпти. Муборак ая билан четроқда қилган алоҳида суҳбатимизда Аҳмадали ака билан яшаш қандай бўлгани, феъллари ҳақида сўраб олдим. Пиру-бадавлат бўлиб яшашнинг сирига қизиқдим. “Бу одам ойлаб, йиллаб экспедицияда юради, ишлари шундай. Характери инжик инсонлардан эмас. Уйга келганида дарров иссиқ овқатини бериб, ишга чиройли кийинтириб жўнатсам бўлди. У қилмабсан, бу қилмабсан, деган гаплаб, зарда, урушишлар шу пайтгача бўлмаган Аллоҳга шукур. Бордию, сал овозлари баландласа, дарров ташқарига чиқиб кетаман, шу билан ўзига келиб қолади. Биргаликда турли давлатларга бўлдик. Ўғилларимнинг орқасидан ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳатлар қилдим”, дейди ая кўзлари чақнаб.

    Ўз фарзандларидек қабул қилди

    Хўш, Аҳмадали аканинг археолог сифатидаги фаолияти қачон бошланди. У аспирантурада ўқидими ёки йўқ. Бу саволлар ўқувчиларимиз каби мени ҳам қизиқтирарди. Қаҳрамоним эса шошмасдан гапириб беришда давом этди.

    — Мактабда ўқитувчи бўлиб юрганимда, мени Норин тумани партия ташкилотининг биринчи котиби чақириб, райкомнинг тарғибот бўлимида ишлашимни айтишди. Бунинг учун Тошкентга бир ойлик курсга юборишди, — дейди А.Асқаров. — Борсам, бари ўзимнинг институтда дарс берган домлаларим. Бир ой ўша ерда ўқидим. Бир куни зерикиб, дарсдан кейин шаҳар айланиш учун 10-трамвайга чиқдим. Қарасам, трамвайда менга дарс берган академик Яхё Ғуломов ўтирибди. Ўша вақтда Фанлар Академиясида тарих ва археология институти директори экан. Мени кўриши билан бу ерда нима қилиб юрганим, мени тоза излашгани, аспирантурага ўқишга боришим кераклигини айтди. Мен тарғиботчи бўлмоқчилигимни айтганимни биламан, жаҳл билан қўлимдан судраб тушиб, тўғри институтга олиб борди. Ҳужжатларимни топшириб, имтихонлардан ўтдим ва аспирантурага қабул қилиндим. Бу орада Норин тумани ҳарбий бўлими мени ҳарбий хизматга олиб кетмоқчи бўлди, аммо вилоят ҳарбий комиссариати йўлланмани кўриб, мени хизматдан озод этишди.

    Шундай қилиб, аспирантурада ўқиш учун Ленинградга йўл олдик. У ерда биз аспирантларни илмий раҳбарларга бириктиришди. Менга Михаил Грязнов деган археолог олим илмий раҳбар бўлди. Домла ўша куниёқ уйига олиб кетди. Ёлғиз аёли билан яшаркан, иккиси ҳам машҳур археолог, илмга берилган одамлар экан. Қўлида 20 дан ортиқ шогирди бўлсада, ўта тиришқоқлигим ва илмга чанқоқлигимни сезиб, фақат мени ёнида олиб юрарди. Ўзлари жамоат уйида яшайди, 40 тача оила бир дарвозадан кирадиган жамоат уйида яшаркан. Эр-хотин археологларга биттагина хона берилган, унинг ҳам ичи тўла китоб. Битта фарзандлари бор бўлиб, жой бўлмаганидан Қозоғистонда яшаркан. Шу кичкинагина уйнинг китоб жавонлари орасидан бир бурчагини менга ажратишди, ўз фарзандларидек қабул қилди. Рус тилини билмасдим, улар менга ҳам рус тили, ҳам археологияни ўргатди. Олти ойда мени нафақат рус тилида гапирадиган, балки шу тилда археология бўйича мақола ёзадиган қилиб юборди. Барча экспедицияларига олиб борарди. Эр-хотин ўзига алоҳида, менга алоҳида палатка тикарди. Илмий ишим мавзуси Бухоро воҳаси билан боғлиқ бўлгани учун, бу ердаги экспедицияларимга ҳам келишарди. Ана шу инсонлардан археология сирларини ўргандим.

    1962 йилда Краснояр ГЭСИ қурилиши муносабати билан археологик экспедиция ташкил этилди. Унга домлам Михаил Петрович бош бўлди ва Ўрта Осиё бўйича битта мени ўзи билан олиб кетди. Вазифамиз ГЭС қурилишидан олдин ҳудудни ўрганиб, майдонни бўшатиб бериш эди. У вақтда ҳар қандай қурилиш археолог рухсати билангина бошланиши шарт бўлган. Домлам ўрганишим учун битта объектни берди. Қўлимда 40 дан ортиқ руслар ишлайди. Объектда туркийзабон аждодларимизнинг Андранова маданиятига тегишли қабрлари бор экан. Қабрларнинг бири баландроқ экани, қабр устига ёпилган плита тошлари бутун эканини кўриб, дарҳол қабила сардорининг қабри эканини билдим. Қизиғи, бу қабр ўғирланмаган эди. Гап шундаки, ўша вақтларда қабр ўғирлари бўлган ва камдан-кам қабр улардан сақланиб қолган. Қабила сардорининг қабри эса бус-бутун эди. Шов-шув бўлмаслиги, ўғрилар кўпаймаслиги учун қабрни ҳимоялаб, тегишли ташкилотга хабар бердим. Улар 4 кун деганда етиб келди ва объектни очдик. Салкам 5 квадрат метр майдон ўртасида эркак киши қабри, унинг атрофи тўла қимматбаҳо бойликлар эди. Қабр бундан 3,5 минг йил олдин қазилган ва қабила сардори унга бутун бойликлари билан кўмилган. Қабрдан чиққан барча нарсаларни 2 кун деганда йиғиб олдик ва улар 4 яшик бўлди. Хомашё сифатида расмийлаштирилиб, қоидага кўра, белгиланган сумманинг 20 фоизи менга берилди. Бу ўша вақтда 5 минг рубль эди. Пулларни олиб қишлоққа қайтдим ва отам берган уйни бузиб, буткул қайтадан қурдим. Энг замонавий қурилиш материалларидан фойдаландик. Уй 40 кунда битди.

    Дунё тан олган топилма

    Ўқишдан қайтгач, Аҳмадали Асқаров турли лавозимларда ишлади, кўпчиликнинг эътиборига тушди. 1970 йилда Самарқандда Археология институти ташкил этиладиган бўлди. Институт очилишига рухсат олиш учун Аҳмадали 6 ой Москвада юриб, 40 та экспертнинг розилигини олади. Ўша пайтда СССР бўйича иккита Археология институти бўлган, бири Москвада, бири Киевда. Учинчиси эса Самарқандда ташкил этилди. Бунга археолог Аҳмадали Асқаровнинг Сополтепадаги очган катта кашфиёти ҳам сабаб бўлганди.

    — Ўша кезлари илмий ишим доирасида Сополтепа ёдгорлигини ўрганганман ва бундан 4 минг йил бурунги шаҳар маданияти намуналари, санъат асарларини топишга муваффақ бўлдим, — дейди археолог олим. — Биз топган турли хил сопол идишлар чиннидек сифатли эди. Улар шундай енгилки, чертса жаранглайди. Унга қадар шаҳарсозлик маданиятини Ўзбекистонга Ахамонийлар ва Искандар Зулқарнайн олиб кирган, ўзбек халқи чорвадор, чўпон эди, маданият деган нарса йўқ эди, деб келинган. Менинг кашфиётим эса барча фаразларни ўзгартириб юборди. Тўрт йил давомида тадқиқот олиб бориб, объектни тўлиқ очдим. У ерда пахтачилик, ипакчиликни аждодларимиз бундан 4 минг йил аввал кашф этгани аниқланди. Ўзбеклар 4 минг йил олдин ғўза навли пахта эккан. Ипак матолар Хитойдан олдин бизда ишлаб чиқарилган экан. Буни ипак кийимга ўралган одамларнинг қабрлари исботлади. Ипак қурти боққан аёллар қабрларини очдим, уларнинг бошида тут дарахтидан қилинган тароқлари бор эди. Сополтепада жами 138 та қабр очдим ва уларнинг бари уйларнинг остига кўмилган эди. У вақтлари ҳали Ислом дини кириб келмаган ва маҳаллий аҳоли одатига кўра, ўлган киши ҳаётлигида нима билан шуғулланган бўлса, барча асбоб-ускунаси билан қўшиб кўмилган. Одамлар нариги дунёда ҳам шу иши билан шуғулланади, деган тасаввур бўлган. Қабрлардан чиққан мато, ускуналарга қараб ўша одамнинг деҳқон, дурадгор, тўқувчи, заргар, темирчи, доя ёки бошқа касб эгаси эканини билиш мумкин. Бойлар эса бутун бисоти, энг кенжа аёли, унинг канизаги ва бойликлари билан қўшиб кўмилган. Буларнинг бари ҳақиқий этнография. Умрим давомида 10 мингдан ортиқ шундай қабрларни очишга муваффақ бўлдим.

    Ана шу кашфиёт Самарқандда археология институти очилишига сабаб бўлди. Аҳмадали Асқаров эса унга 1987 йилга қадар директорлик қилди. Кейин эса Республика раҳбарияти мени Тошкентга кўчириб келиниб, Фанлар Академияси Президенти аъзолиги ва гуманитар фанлар бўлимини бошқаришни топширди. Устоз эса археологик фаолиятини янада фаол давом эттирди.

    Қаҳрамонимизнинг топилмалар мавжуд объектни аниқлаш қобилиятини Худо юқтирган. Манзилни бориб кўргандаёқ у ерда бирор нима бор ёки йўқлигини сезади. Олимнинг энг катта ишларидан бири Сурхондарёдаги Жарқўтон ёдгорлигидан топилган 100 гектарлик қадимий шаҳар ва бронза даврига оид ибодатхона харобаларидир. Бу Ўзбекистон заминида топилган зардуштийлик динига оид биринчи ибодатхона эди.

    — Қадимий шаҳарчанинг бир гектардан ортиқ майдонида монументал ибодатхонани очдик, — дейди олим. — У ерда Зардуштийликка оид оловга, тупроққа, сувга сиғинишнинг ҳаммаси моддий материалларда ўз аксини топганди. Унга қадар жаҳонда зардуштийлик бундан 2,5 минг йил олдин илк темир даврида пайдо бўлган, деб ҳисобланарди. Менинг топилмаларим билан зардуштийликнинг анча аввалроқ — бронза даврида юртимиз ҳудудларида пайдо бўлганини исботлаб бердим. Буни дунё олимлари тан олди ва ЮНЕСКО Авесто юбилейини юртимизда ўтказиш ҳуқуқини берди. Бунга қарши чиққан мамлакатлар ҳам бўлди. Мен ўша давлатларга ҳам бориб, дунё олимларига илмий асослаб бердим.

    Археологик объектларни музейларга айлантириш нега кечикяпти?

    Ўзини илм-фан, бирор соҳага фидо қилган инсон ўша соҳанинг ривожи учун ҳам қайғуриши табиий. Айни пайтда таниқли археологни ҳам ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалалар бор. Бу юртимиздаги археологик объектларни сақлаб қолиб, очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш ва келажак авлодларга етказиш билан боғлиқ. Бу борада давлатимиз раҳбарининг топшириқлари, тегишли қарорлар ҳам бор. Аммо иш чўзилаётгани олимни ўйлантирмоқда.

    — Аввалги даврларда кўплаб археологик тадқиқотлар олиб борилган, маблағлар ажратилган, лекин топилмалар фақат музейларгагина қўйилган, алоҳида ҳолда туристик объект сифатида сақланмаган, — дейди А.Асқаров. — Дастлаб мустақиллик йилларининг бошларида ҳам бу нарсага деярли эътибор берилмади. Масалан, мен Археология институтига директор этиб сайланган давримда Ўзбекистонда 15 мингта археологик объект бор эди, ҳозир 4,5 мингта қолибди. Кўпи бузилиб кетган, ер майдонлари ўзлаштириб юборилган, иморатлар қурилган. Объектлар атрофидаги ҳимоя зоналарида ҳам одамлар ўзбошимчалик билан қурилишлар қилиб ташлаган. Тошкент шаҳри ҳудудида 50 та Оқтепа бўлган, ҳозир шундан 4-5 таси қолган холос. Шоштепа объекти ҳам абгор аҳволда. Улардан топилган меъморий қурилмалар йўқ бўлиб кетяпти. Ана шуларни сақлаб қолиш, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан айтилган музейлар ташкил этиш вазифасини амалга оширишимиз керак. Давлатимиз раҳбари бу масалага жуда катта эътибор қаратди, олимларни тўплаб, объектларни музейга айлантириш вазифасини қўйди, топилмалар йўқ бўлиб кетмасин, сақлайлик деяпти. Лекин амалда айрим масъуллар сусткашлик қилаётгани кишини қийнайди.

    Маданий мерос агентлиги томонидан 18 та археологик объектни музейга айлантириш белгиланганига 3 йилдан ошяпти. Лекин бирортаси ҳам ҳалигача музейга айлантирилмади. Ана шу объектлардан биринчиси қадимий Ахсикент шаҳри ва мен очган Наманган вилояти Норин туманидаги Учтепа қишлоғидан топилган қадимги Ҳайлам шаҳри зардуштийлик ибодатхонасидир. Ибодатхона Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган. Учтепа 2 объекти илмий жиҳатдан ўрганилди, аммо уни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳаси ҳозиргача якунига етказилмади. Учтепа қишлоғининг ўрни қадимда Хайлам шаҳри деб номланган. Хайлам эса икки дарё — Қорадарё ва Нориндарё ўртасидаги ҳозирги Норин, Учқўрғон, Уйчи, Наманган туманлари ва Андижоннинг Избоскан тумани ҳудудида жойлашган музофотнинг пойтахти ҳисобланган. Шу ердаги зардуштийлик ибодатхонасидан нақ 70 та оташкада топилди. Бунақа кўламдагиси дунё миқёсида ҳали ҳам топилмаган. Қўлга киритган манбаларимизнинг илмий қиммати ва аҳамияти беқиёс.

    Ана шу объектни музейга айлантириш ишлари бошланган, лекин айрим сабабларга кўра ҳалигача охирига етмаяпти. Ибодатхона қолдиқлари Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан енгил конструкциялар билан ўралиб, усти ёпилди. Норин туман ҳокимлиги ҳудудда ер текислаш ва девор олиш ишларини амалга оширди. Энди бу ерда бир маромдаги ҳароратни таъминлаб берадиган муҳит яратиш зарур. Бунинг учун мажмуани қишин-ёзин 22 даражадаги ҳарорат билан таъминлайдиган махсус қопламалар талаб этилади.

    Бу ишларга пул ажратиляпти, лекин жойига етиб бормаяпти. Бир археолог сифатида шуларни ўйлаб қайғураман. Ҳар бир тепалик таги хазина, уларда жуда катта тарих ётибди. Ўзбекистонда ҳозирнинг ўзида 100 дан ортиқ шундай объектлар бор, уларнинг рўйхатини берганман. Агар шуларни музейга айлантирсак, сайёҳлар оқими ҳам кескин ортади. Асосийси, археологик объектларни сақлаб қолишимиз, келажак авлодга етказишимиз керак.

    Аҳмадали ака ҳозир ҳам археологик экспедициялар олиб бормоқда. Объектларнинг бири Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Суюрлитепа бўлса, иккинчиси Оҳангарон тумани, Олмалиқ шаҳридан 12 км шимоли-шарқда жойлашган Тункат ёдгорлигидир. Уларда ҳам сўнгги антик давридан то сомонийлар ва қорахонийлар даврига оид қадимий ёдгорликлар топилган. Тадқиқот ишлари эса давом этмоқда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    “Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 10.02.24 й, 30-сонида эълон қилинган”

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates