«Тошкент молиявий хабга айланиши учун катта салоҳият бор» — халқаро молия марказини яратиш масаласи муҳокама этилди

    Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Марказий Осиё» халқаро молия марказини (ХММ) яратиш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтини халқаро бизнес ва инвесторлар учун минтақадаги етакчи молиявий хаб, рақобатбардош инвестицион молиявий марказга айлантириш мақсадида Тошкентда халқаро молия марказини яратиш ишлари жадал кечяпти. ХММни яратиш «Ўзбекистон-2030» Стратегияси мақсадларини амалга оширишда муҳим ҳаракатлантирувчи куч, шунингдек, қўшимча инвестицияларни жалб этиш ва корпоратив бошқарувнинг энг яхши амалиётлари ҳамда ЭСГ ва технологияларни жорий этиш мақсадларини кўзда тутади.

    Давра суҳбати чоғида экспертлар Тошкентнинг глобал инвесторларни жалб этишдаги устунлиги, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги омиллари ва уни оширишда зарур шароитларни муҳокама қилди. Шунингдек, лойиҳанинг ҳозирги ҳолати ва уни амалга оширишдаги дастлабки қадамлар кўриб чиқилди.

    Модератор вазифасини Hudson Sandler LLP бош директори Эндрю Хейс бажарди.

    Давра суҳбати иштирокчилари:

    - ХМК таҳлил идораси директори Алёна Долгова

    - Uzum Holding бош кенгаши раиси, Сергей Саликов

    - Franklin Templeton тўғридан тўғри инвестициялар директори Тек Хоан Он

    - Avesta Investment Group бошқарувчи ҳамкори Карен Срапионов

    - J.P. Morgan ҳудудий директори Тимур Курманбаев

    - Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши раиси, Ғолиб Ҳолжигитов

    Давра суҳбатини олиб борган Модератор Эндрю Хейс Ўзбекистон президентининг Тошкентни ХММга айлантиришда тутаётган ўрнини алоҳида таъкидлади.

    «Президент айтиб ўтганидек, молиявий хизматлар иқтисодий ривожланишнинг асосий жиҳатларидан биридир. Тошкент эса вақт ўтиши билан минтақадаги етакчи молия марказига айланиш, инвесторлар учун жозибадор молиявий хаб бўлиш учун ҳар қандай салоҳиятга эга».

    Халқаро молия корпорацияси таҳлил идораси директори Алёна Долгова халқаро молия маркази сифатида Тошкент учун учта асосий устун борлигини айтибди ўтди:

    «Биринчиси, маъмурий ва ҳуқуқий инфратузилма. Бу инвесторлар учун жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Айниқса халқаро миқёсдаги ҳуқуқнинг элементлари мамлакатда бўлиши катта аҳамиятга эга. Иккинчиси, албатта мутахассисликдир. Бу ерда асосий муҳим жиҳат инвесторларга анъанавий молиявий усуллар ва маҳсулотлардан фойдаланишга кенг имконият бериш десак бўлади. Минтақада Исломий банкларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли Тошкент учун стратегик йўналишга айланиши кутиляпти. Учинчиси эса — иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг йиллик ўсиши 2030 йилгача 5 фоиздан юқори бўлади. Мамлакат жуда тез ривожланиб боряпти ва пойтахт Тошкент глобал инвесторлар учун қулай муҳит яратяпти.»

    Ж.П. Морган ҳудудий директори Тимур Курманбаев, мамлакатга инвестициялар оқимининг кўпайиши учун нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.

    «Туркия Бош вазири айтиб ўтганидек бу учун иккита нарса керак — сиёсий муҳит барқарорлиги ва келажакдаги сиёсатнинг аниқлиги. Биз мамлакатни халқаро капитал бозорига каттароқ таъсир қилишини хоҳлаймиз, чунки бу бизнес эгалари хоҳлайдиган ва кутадиган даража. Мамлакат ИПО ва бошқа тадбирлар орқали халқаро иқтисодиётга очиқлигини кўрсатаётгани бизни хурсанд қиляпти. Буни узоқ вақтдан бери кўпчилик кутаётган эди», — дейди у.

    Франклин Темплетон тўғридан тўғри инвестициялар директори Тек Хоан Онг таъкидлашича, капитал бозори мамлакат ривожланишида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

    «Бу фақат иқтисодиёт ёки компаниялар учун эмас, балки кўпинча кам эътибор қаратиладиган оддий одамлар учун ҳам фойдалидир. Мамлакат аҳолисига пулини сармоя қилиш учун майдон керак, худди капитал бозори каби. Инвесторлар биринчи навбатдан мамлакатга сармоя киритишдан аввал ишончни қидиради. Молиявий сектордаги барқарорлик ва ХММнинг яратилиши эса бу ишончни беради», — дея ўз фикрини билдирди Тек Хоан Онг.

    Яна бир спикер Карен Срапионов, сўнгги йилларда бир қанча катта компаниялар хусусийлаштирилганини қарамасдан, уларнинг аксарияти маҳаллий бозордан йўқолиб қолганини таъкидлади. Срапионов, мамлакат молиявий секторида қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини айтиб, Халқаро молия марказининг яратилиши жараённи тезлаштиришга ёрдам беришига умид қилишини билдирди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates