Аҳоли ҳуқуқларини чеклайдиган, фуқароларга ноқулайлик туғдирадиган қурилишларга йўл қўйиб бўлмайди

    Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалла фуқаролар йиғинидаги футбол майдони ва яшил ҳудуд ўрнида бино қурилиши режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлди.

    Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси депутатлари ушбу масалага тезкор эътибор қаратиб, муаммо жойига чиқиб ўрганилди.

    Ўрганиш давомида мазкур ҳудуддаги 30 сотих ер Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан шаҳар захира фондига киритилгани, шунга кўра яшил ҳудуд ва футбол майдони жойлашган ер кимошди савдоси орқали тадбиркорга сотилгани, тадбиркор у ерда кўп қаватли бино қурмоқчи экани аниқланди. Фуқаролар яшил ҳудуд ва стадион жойлашган ерни шаҳар захира фондига олиш тўғрисидаги ҳоким қарорини бекор қилиш тўғрисида суд органларига мурожаат қилишган, бироқ барча суд инстанцияларида ҳоким қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

    Масаланинг бошқа томони шундаки, қурилиш мўлжалланган стадион 7 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада ягона ҳисобланади. Ер кодекси 64-моддасига мувофиқ, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар) аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари ҳисобланади ҳамда умумий фойдаланишдаги ерларда бу ер қайси мақсадга хизмат қилса, фақат шунга мос келадиган иморат ва иншоотлар қуришга рухсат берилади. Қолаверса, Президентнинг 30.12.2021 йилдаги ПФ-46-сон фармони билан дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланган. Ушбу ҳудудда эса кўплаб дарахтлар мавжуд.

    Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси кўп қаватли уйлар, аҳоли яшаш пунктлари яқинида аҳоли ҳуқуқларини чеклайдиган, фуқароларга ноқулайлик келтирадиган қурилишларга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ушбу қарорини қайта кўриб чиқиш ва ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш лозим деб ҳисоблайди. Бу борада партия Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўз нуқтаи назарини баён этиш юзасидан депутатлик сўрови юборади.

    Ўзбекистон Халқ демократик партияси

    матбуот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates