Аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди

    Ҳукумат 10 апрел 2023 4533

    “Ташаббусли бюджет” дастурида ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳаларга ҳам маблағ ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган йиғилишда мутасаддиларга кўрсатма берди.

    Мамлакатимизда ижтимоий инфратузилмадаги камчиликлар манзилли ҳал этилмоқда. Энг муҳими, бу лойиҳалар аҳолининг талаб ва таклифлари асосида шакллантирилмоқда.

    Шундай ишлар доирасида сўнгги уч йилда 9 минг 500 та маҳаллага 57 триллион сўм ажратилган. Бу маблағлар ҳисобига 3 минг 500 та маҳаллада ички йўллар, яна шунчасида боғча, мактаб ва шифохона таъмирланган. 1 минг 19 та маҳаллада ичимлик ва оқова суви таъминоти яхшиланиб, 452 таси замонавий қиёфага келтирилган.

    Инсон қадри тамойили асосида бу йил маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар кўлами 25 триллион сўмга етказилди. Хусусан, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 8 триллион сўм кўзда тутилган.

    Яқинда ушбу дастурнинг 1-мавсуми якунланди. Йиғилишда унинг натижалари ва амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берилди.

    Бу мавсумда аҳоли томонидан йўл, сув, электр, мактаб, боғча ва шифохоналарни яхшилашга 34 мингта лойиҳа таклифлари овозга қўйилган. Овоз бериш жараёни якунига кўра, 1 минг 666 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

    Бу борада одамларнинг фаоллиги ошгани ҳам эътиборга молик. Масалан, 2021 йилда овоз бериш жараёнида 1 миллион 200 минг аҳоли иштирок этган бўлса, бу йил 1-мавсумнинг ўзида уларнинг сони 16 миллиондан ошди. Шунингдек, илк маротаба “Ташаббусли бюджет” дастурида республиканинг барча маҳаллалари ўз лойиҳаси билан иштирок этди.

    Давлатимиз раҳбари ғолиб лойиҳаларни сифатли бажариш билан бирга бошқа лойиҳаларга ҳам эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

    – Масалан, 1 минг 300 та лойиҳага 2 мингдан ортиқ аҳоли овоз берган бўлса-да, ғолиб бўлмаган. Бу – 4 миллиондан ортиқ аҳоли кўтарган масала ечимини топмади, дегани. Шунинг учун аҳолининг бу хайрли таклифларини қўллаб-қувватлашимиз зарур, – деди Президент.

    Ушбу лойиҳаларга қўшимча 1 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

    Яна бир муҳим жиҳати, “Ташаббусли бюджет” дастурида қатнашган 34 мингта лойиҳа келгуси йил бюджетини шакллантириш учун тайёр таклиф. Масалан, маҳаллалардаги тиббиёт муассасаларини таъмирлаш бўйича мингдан ортиқ, мактабларни парта ва компьютер билан жиҳозлашга 5 мингдан зиёд лойиҳа таклифи келиб тушган.

    Президент “Ташаббусли бюджет”да 1 минг 500 дан ортиқ овоз тўплаган лойиҳаларни 2024 йилги бюджетни шакллантиришда инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates