Ака, пулингиз “туфта-ку”

    Шу денг, Умматалига зарурат юзасидан атиги 100 доллар керак бўлиб қолган эди.

    Қўшниси Зоҳиджонни ёнига олиб, ундан-бундан суриштириб, Қўқон шаҳридаги кафелардан бири олдида Акбар исмли долларфуруш билан учрашишди, Ўзаро келишиб, бир миллион сўмни тепасида 100 долларни олиб уйига қайтди.

    Пулни бериши керак бўлган одамга тутқазган эди, у долларни у ёғи, бу ёғини пайпаслаб: “Ака, пулингиз “туфта-ку” деса бўладими. Бу гапдан Умматалининг томирлари тортишиб, ичаклари йўғонлашиб кетди. Ҳовлиқққанча бориб пулни поччасига кўрсатган эди, у ҳам долларни”фаршивий” деди. Эртасига Умматали сўфи бетини ювмасдан туриб Акбар билан олди-сотди қилган жойга етиб борди. Атрофда кўча супириб юрган аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ. Таваккал қилиб, фаррош опадан Акбарни таниш-танимаслигини сўраган эди, у “Сиз айтган одам ҳали замон келиб қолади” деди.

    Орадан анча вақт ўтиб, кўп қаватли уйни ёқалаб келаётган Акбар кўринди. Умматали сездирмай бориб, чап қўли билан Акбарнинг бўйнидан, ўнг қўли билан билагидан маҳкам ушлади. Акбар жон ҳолатда қочмоқчи бўлди. Қаёқда!? Бу темирни ҳам қайириб юборадиган қўлдан унча-мунча инсон боласи тугул, ёввойи хўкиз ҳам қочиб қутилиши амримаҳол эди. Менинг отам “Мол сотсанг, айбини айтиб сот, деган. Сен маҳлуқ менга сохта долларни кийгизибсан. Пулимни ҳозироқ қайтарасан, қайтармасанг, мажруҳ қилиб ташлайман. Акбар чиранганча, итнинг қасамини ичиб, Умматалини аврамоқчи ва қочмоқчи бўлди. У буни сезиб, Акбарнинг бўйни ва билагини баттар сиқа бошлади.

    Акбар шўрликнинг юзи долларнинг ранггига ўхшаб кўкара бошлагач, Умматали бироз сиқувни бўшатди. Хуллас, Акбар рўпарадаги кафега кириб, Умматалининг пулини олиб чиқиб беришга келишилди. Акбар кафега кириб кетгач, ҳа, деганда чиқавермади. Алқисса, у кафенинг орқа эшигидан “дум” бериб юборган экан. Умматали бир ўзи Акбарни қидириб топа олмагач, воқеа хусусида тегишли органларга мурожжат қилган (Жабрланувчи У. Шукуровнинг суддаги кўрсатмаларидан).

    Ушбу мурожаат ва бошқа омиллар туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан махсус тадбир ўтказилди. Аниқланишича, Акбар Мирзоев ва унинг жиноий шериги Абдусамад Шодиев бу каби қинғир ишлар билан мунтазам шуғулланиб келишган. Хусусан, доллар айирбошлаш операциясида улар томонидан махсус харидор Баҳром Шералиевга (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) дастлаб қалбаки 2 дона 100 АҚШ доллари купюрасидаги жами 200 долларини Қўқон шаҳар, Машраб кўчасидаги 45-уй олдида қонунга хилоф равишда 1 миллион сўмга ўтказган. Бундан ташқари, А. Мирзоев такроран, жиноий ҳамтавоғи А.Шодиев билан гуруҳ бўлган ҳолда шаҳардаги А.Навоий мавзесида жойлашган ошхонада махсус харидор Б.Шералиевга 47 дона қалбаки

    100 АҚШ доллари купюраларидаги жами 4.700 АҚШ доллари миқдоридаги чет эл валюталарини ноқонуний равишда 2.000 АҚШ долларига сотаётган пайтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

    Фарғона вилояти ИИБ 2-МҲММ ЭКБнинг 53 ва 335-сонли эксперт хулосасига кўра юқорида қайд этилган пул белгилари корхона усулида тайёрланмаганлиги, техник воситалар ёрдамида типографик усулда тайёрланганлиги кўрсатилган.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сохта валютафурушлар суд давомида қилмишларидан қаттиқ пушаймон эканликлари, оилавий ҳол-аҳволлари хусусида обдон оҳ-воҳ қилишди. Лекин қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, жиноятчилар кирдикорликлари жуда узоққа чўзилмай фош этилди. Суд томонидан А.Мирзоев ва А.Шодиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми “а,, ,”в” бандлари билан айбдор деб топилиб, ҳар иккиси олти йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

    Ҳуршид ҚОСИМОВ,

    Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг раиси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates