Фанлар академияси академиги, таниқли физик олим Назар Тўраев 3 октябрь куни 85 ёшида вафот этди.
Бу ҳақда ЎзР Фанлар академияси матбуот хизмати маълум қилди.
Назар Тўраев 1938 йили Денов туманида туғилган. Физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1988), физика-математика фанлари доктори (1980), профессор (1982).
Назар Тўраевнинг илмий ишлари атом зарраларнинг қаттиқ жисмлар сиртида сочилиши назарияси, ионларнинг бирламчи ва иккиламчи сочилишига оид. У назарий физика масалаларини компьютерда алгоритмлаб ечишни Ўзбекистонда биринчи бўлиб амалга оширган. Унинг раҳбарлигида лазер нури билан қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини нурлантириш илмий лабораториялари ташкил этилган.
Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (1990-95). “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган (1998).