“Алишер Навоий энциклопедияси” тўрт жилдлик китоби чоп этилди

    Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг бизгача етиб келган адабий мероси, шубҳасиз, дунё адабиёти учун улкан хазина ҳисобланади. Бобомиз бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади.

    Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

    2020 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бобомиз хотирасига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлиб, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Қарор ижроси доирасида Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими томонидан тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” нашрга тайёрланди.

    Ёзувчилар уюшмасида китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбек тили, адабиёти ва фолклор институти директори Н.Маҳмудов, Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Н.Холбўтаев, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева, Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ижрочи директори О.Давлатов ва бошқалар сўзга чиқди.

    Ушбу тўрт жилдлик нашр 1985 саҳифа, 3 мингдан ортиқ энциклопедик характердаги мақолаларни ўз ичига олади. Унда Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, яқинлари, дўстлари, устозлари, Навоийнинг мумтоз адабиётимиз тарихида тутган беқиёс ўрни хусусида атрофлича маълумотлар қамраб олинган.

    Энциклопедияга юртимиз ва жаҳон кутубхоналарида сақланаётган Навоийнинг қўлёзма ва тошбосма китоблари киритилган. Шу билан бирга, ҳайкалтарошлик, театр, кинода мутафаккир сиймосини акс эттирилишига оид мақолалар жо бўлган. Тўпламда 78 нафар ўзбекистонлик навоийшунослар, ёш тадқиқотчилар, туркиялик ва озарбайжонлик олимларнинг мавзуга оид мақолаларини ҳам ўқиш мумкин.

    Тўрт жилдлик китоб Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан “Ўзбекистон” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди. Сўзга чиққанлар бу сингари китоблар шоир ижодини мукаммал ўрганишда дастуруламал вазифани ўташи ва давлат тилининг нуфузи ва мавқейини оширишда ўзига хос ўрин тутишини таъкидлашди.

    “Алишер Навоий энциклопедияси” тегишли тақсимот асосида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, юртимиздаги барча кутубхоналарга бепул ва беғараз асосда тарқатилиши кўзда тутилган.


    Нодир Маҳмудов

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates