Аёл илмли бўлса – миллат илмли бўлади

    Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбия­лайдилар

    Аёл кишининг илм билан шуғулланиши унинг оиласи, фарзандлари, қариндош уруғлари ва жамиятнинг илмли, маданиятли бўлиши учун мустаҳкам пойдевордир. Донишмандларимиз айтганидек, “Эркак илмли бўлса – фарзанд илмли бўлади, аёл илмли бўлса – миллат илмли бўлади”.

    Демак қадимдан аёлларнинг илмли, оқила, фозила бўлишидан жамият манфаатдор бўлиб келган. Ривожланган жамиятда тараққиёт ва цивилизация даражаси аёлларга бўлган муносабат, улар учун яратилган имкониятлар билан белгиланади. Ўзбекистон тарихи саҳифаларида жанговар, шоира, олима, зукко аёллар кўп бўлган. Улар ҳамиша ўзларининг оқилона фикрлари, донишмандона маслаҳатлари билан кишини ҳайратда қолдирган.

    Тумарис, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Зебунисобегим каби маликалар фикримиз далилидир. Хусусан, Амир Темур ҳазратлари ҳамиша Бибихоним (Сароймулкхоним) сўзларига қулоқ тутганлар, маслаҳатларини эътиборга олганлар ҳамда темурий шаҳзодалар асосан Бибихоним тарбиясини олганлар. Маликалар, хусусан, темурий малика Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегимнинг шахсий узук-муҳри ҳам бўлиб, у бугунги кунда Санкт-Петербург давлат Эрмитажида сақланади.

    Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзининг “Бобурнома” асарида 72 та аёл ўз даврининг энг зукко, билимли, шоира аёллари, маликалари ҳақида маълумот бериб ўтади.

    БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги 70-сессиясида 11 февраль – “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида расман эълон қилиниб, 2016 йилдан бошлаб мазкур сана дунёнинг кўплаб давлатларида кенг нишонланиб келинмоқда.

    Бугунги кунда мамлакат академик доираларида аёлларнинг ўрни ва мавқеини ошириш, янги авлод олималарини тарбиялаш ҳамда истиқболли лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Кўзланган мақсад-вазифаларга эришиш эса илм-фан соҳасини ислоҳ этиш масаласига тизимли ёндашувни талаб қилади. Ташаббускор илмий лойиҳалар танлови айнан хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.

    Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш уларнинг ижтимоий жараёнлар, бизнес ва илм-фандаги иштирокини кенгайтиришда намоён бўлади, шунинг учун ҳам гендер тенглиги мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий қисмидир.

    Хусусан, бугунги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида фаолият олиб бораётган 27 нафар илмий даражага эга олима аёлларнинг 4 нафари фан доктори ҳисобланади. Уларнинг илмий тадқиқотлари бевосита санъатшунослик, музейшунослик ва дизайн санъатининг ўзига хос сир-асрорларини тадқиқ этишга қаратилган.

    2022-2023 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий лойиҳалари танловида ғолиб бўлган лойиҳа раҳбарларининг икки нафари ҳам аёл олималардир.

    Уларнинг илмий раҳбарлигида бажарилган амалий лойиҳалар натижасида институт ижодкор талабаларининг “онлайн – музейи” ҳамда Ўзбекистон тарихи Давлат музейи билан музйшунослик кафедраси ўртасида имзоланган шартнома асосида музейнинг 3D анимацияли виртуал галереяси яратилгандир. Бугунги кунда ушбу лойиҳалар натижасида тўпланган илмий маълумотлардан институт талабалари ва илмий тадқиқотчилари фойдаланишлари мумкин.

    Абдулла Авлонийнинг “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбия­лайдилар”, деган ўгити бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

    Олий таълим вазирлигининг ташаббуси билан ОТМ ларда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланаётган талаба-қизлар учун замондош ибратли аёлларимиз номлари билан махсус стипендиялар ҳам таъсис этилганлиги юртимизда яна бир бор хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирларнинг устувор эканлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, илк аёл рассоми Шамсирўй Хасанова, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева, олима Суйима Ғаниева номлари билан таъсис этилган стипендиялардир. Бундай стипендияларнинг таъсис этилиши ёш, илмга, ижодга чанқоқ талаба қизларимиз учун муҳим далда бўлиб хизмат қилиши табиийдир.

    Аёл қадрини қанчалик юқорига кўтаришга муяссар бўлсак, миллий ғуруримиз, маънавият ва маданиятимиз янада юксалиши, оилаларимиз барқарорлиги таъминланиши, ҳалол ва пок, фидойи, ватанпарвар, жамиятга фойда келтирувчи, миллатимизни бутун жаҳонда кўз-кўз қилувчи фарзандларимиз сони кундан-кунга кўпайиб бориши табиий ҳолдир. Зеро, ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлиши чин ҳақиқатдир. Биз қураётган жамиятнинг оғир юкини дадил кўтариб, унинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч – хотин-қизлар эканлигини, улар эса ўз навбатида, оила шаъни, маҳалла виждони, юрт тимсоли бўлмоғи лозимлигини унутмаслигимиз керак.

    Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

    Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,

    тарих фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates