Аёллари бахтли элнинг йўли ёруғ, истиқболи чароғондир

    Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари томонидан “хонадонбай” юриш ва “фуқаробай” ёндашув асосида суҳбатлар натижасида 15 миллион­дан зиёд хотин-қизнинг маълумоти янгиланди.

    Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг бош мақсади. Жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани эса хотин-қизларга бўлган муносабат ва ғамхўрлик билан белгиланади.

    Шу боис, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, ўқиши, ишлаши, саломатлиги, оиласи учун шароитлар яратиш масаласи тараққиёт йўлини кўзлаган ҳар бир давлат сиёсатида устувор ўрин эгаллайди.

    Бундай эзгу мақсад ривожланишнинг юксак марраларини кўзлаб илгарилаб бо­раётган янги Ўзбекистон сиёсатининг ҳам устувор йўналишига айланган. Кейинги йилларда ҳуқуқий-ташкилий, ижтимоий- иқтисодий ва бошқа соҳаларда амалга оши­рилаётган муҳим чора-тадбирлар бунга мисол бўла олади. Хусусан, сўнгги йиллар­да хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатла­рини ҳимоялаш, ижтимоий қўллаб-қув­ватлаш бўйича қатор институционал ўзгаришлар амалга оширилди.

    Президентимизнинг 2022 йил 7 март­даги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғриси­да”ги фармони бу жабҳадаги ишлар кўла­мини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева билан суҳбатимиз мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатлигини асраш, гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг амалдаги самаралари ҳақида бўлди.

    — Бугунги файзли ҳаётимизни, обод ва фаровон турмуш барпо этиш йўлидаги эзгу ниятларимиз рўёбини ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимиз, оқила қизларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди О.Парпибоева. — Шу боис, опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, ислоҳотларда фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли ишлар қилиняпти.

    Жумладан, хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича 2022-2026 йиллардаги чора-тадбирларни ўз ичига олган миллий дастур қабул қилинди. Маҳаллага ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди. Республикамизда илк бор хотин-қизлар ҳақида тўлиқ маълумотларни қамраб олган “Xotin-qizlar.uz” миллий платформаси, 17 та йўналиш ва 138 та маълумот базасини ўз ичига олган “Хотин-қизлар баланси” яратилди.

    Президентимиз бу йўналишдаги ислоҳотларнинг мақсад-моҳияти ҳақида тўхталар экан, “Хотин-қизлар ва оила масаласи — бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, дея таъкидлаганди.

    Дарҳақиқат, аёл бахтли бўлса, оила ва жамиятдаги муҳит барқарор бўлади. Барқарорлик бор жойда эса улкан марраларни кўзлаб юксакка интилиш мумкин. Шу мақсадда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга кўмак бериш, оилавий шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари томонидан “хонадонбай” юриш ва “фуқаробай” ёндашув асосида суҳбатлар натижасида 15 миллион­дан зиёд хотин-қизнинг маълумоти янгиланди. “Муаммолар” модули орқали қарийб
    559 мингта муаммо аниқланиб, асосий қисми бартараф этилди. Миграциядаги 9,5 мингдан ортиқ хотин-қизнинг оилаларига ёрдам кўрсатилди, вояга етмаган фарзандлари бор аёллар миграциядан қайтарилди.

    Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича изчил иш олиб бориляпти. Бу борада “Аёллар дафтари”ни юритиш йўлга қўйилгани самарасини беряпти. 2023 йилда 4-босқичда ушбу дафтарга киритилган 1 миллиондан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизнинг қарийб барчасига ёрдам кўрсатилди. Улардан 423 мингдан ортиғининг бандлиги таъминланди, салкам 49 минг нафарига 448,1 миллиард сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, уй-жойга муҳтож опа-сингилларимизнинг қарийб 1,5 минг нафари уйли бўлди. 7175 нафарига ижара компенсацияси тўланди, 6 мингдан ортиғининг уй-жойи таъмирлаб берилди. Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги, шунингдек, қарамоғида ногирон фарзандлари бор 512,5 мингдан зиёд хотин-қизга 900 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Муҳими, бундай эзгу ишлар орқали қанча хонадонларга қувонч ва шодлик кирди, минглаб аёлларнинг руҳи кўтарилиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди.

    Хотин-қизлар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллий генофондни яхшилаш мақсадида ўтган йили 2,7 миллиондан ортиқ хотин-қиз текширувдан ўтказилиб, 3190 нафари соғломлаштиришга жалб этилди. Хонадонларда соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича “Хонадон гигиенасини баҳолаш” электрон платформаси яратилди. Хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда 30 мингдан зиёд спорт мусобақаси, ҳафталик ва фестиваллар ўтказилди. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 10,5 мингдан зиёд хотин-қиз 13 миллиард сўмлик реабилитация воситалари билан таъминланди. 2137 нафарига жарроҳлик амалиётлари ва даволаниш харажатлари учун 35,5 миллиард сўм йўналтирилди.

    Хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб, бюджет маблағларидан тўлаб бериш тартиби йўлга қўйилди. 2022 йилда 3700 дан ортиқ аёлга шу турдаги нафақа пуллари тўланган бўлса, 2023 йилда 12 минг 140 нафари бу имкониятдан баҳраманд бўлди.

    — Аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай натижа беряпти?

    — Уддабуронлик, ишбилармонлик, борига барака киритиш ўзбек аёлининг оқилалиги ва донолигини ифода этувчи гўзал сифатлардан. Меҳридарё опа-сингилларимизнинг шундай гўзал фазилатлари туфайли оилаларда тўкинлик, меҳр-оқибат муҳити барқарор. Бугунги кун бундай миллий анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш баробарида замон билан ҳамнафас қадам ташлашни ҳам талаб этмоқда. Яъни аёллар нафақат оила, рўзғор ишларида, балки жамиятнинг ҳар бир соҳаси, айниқса, тадбиркорлик йўналишида фаол бўлиши давр талабидир.

    Бу борада хотин-қизлар учун имконият ва имтиёзлар йил сайин кенгайиб боряпти. Буни биргина ўтган йили тегишли дастурлар дои­расида 187 минг 599 аёлга 3,223 триллион сўм кредит, 39 мингдан зиёдига 179,1 мил­лиард сўм субсидия ажратилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришда ҳар битта маҳаллада хотин-қизлар фаоллари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга масъул ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилгани айни муддао бўлди. Ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан, хотин-қизларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш амалиёти жорий этилди.

    Ҳудудларда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида касаначиликни янада ривожлантириш орқали ишсиз аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва пудрат шартномаси асосида касаначиликни ташкил этишга рухсат берилди, айнан кичик бизнес субъектларида ривожлантириш учун шароитлар яратилди.

    Ўтган йил аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ана шундай кенг қамровли ишлар натижасида 405 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Қарийб 210,5 минг нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Бир қарашда бу рақамлар айтишга осон. Лекин масалага ҳар бир рақам ортида бир инсон, хотин-қиз тақдири, демак, бир оиланинг фаровонлиги, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек муҳим жиҳатлар тургани нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу муҳим жараён, катта ютуқ экани ўз-ўзидан англашилади.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу ишларга янгича руҳ бағишлади. Қарор ижроси доирасида ўтган вақт мобайнида 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада 981 та тикувчилик, 104 та пазандалик, 34 та қандолатчилик, 397 та фитнесс ва шейпинг каби хизмат кўрсатишга ихтисослашган ишлаб чиқариш ва саломатлик маркази фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 9,5 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 14 минг 700 нафарга яқини эса касб-ҳунарга ўқитилди.

    Ушбу натижаларга қарамай, олдимизда ҳали вазифалар ҳам талайгина. Хусусан, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида режаларимиз кўп. Бунинг учун, энг аввало, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш керак. Тегишли молия муассасалари билан ҳамкорликда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиб, уларни муваффақиятли якунлаган хотин-қизларга имтиёзли шартларда кредитлар ажратилади. Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида ўқиб сертификат олган аёлларнинг лойиҳаларини қисқа муддатда молиялаштириш чоралари кўрилади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хотин-қизларга кредитлар ажратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

    — Хотин-қизларнинг таълим олиши, илм-фан соҳасида фаолият юритиши учун ҳам кўплаб имкониятлар яратиляпти. Булар опа-сингилларимиз ҳаётида қандай ижобий ўзгаришга туртки бўлмоқда?

    — Тўғри айтасиз, олий таълим олиш ­ниятида бўлган қизларга енгилликлар яратиш алоҳида эътиборда турибди. Бу ишлар самараси туфайли олийгоҳларда ўқиётган хотин-қизлар сони бир неча баробар кўпайди. Яъни бугунги кунда олий таълим олаётган талабалар орасида қизларимизнинг улуши 50 фоизга етгани тарихимизда мисли кўрилмаган натижа бўлди.

    Бундай натижага эришишда уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, 2022-2023 ўқув йилида 14 минг 110 нафар магистрант қизнинг 153,4 миллиард сўм контракт тўлови тўлаб берилди. Шу даврда қарийб 230 минг талаба хотин-қизга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди ҳамда таълим кредитлари учун ҳисобланган фоиз маблағлари тўлаб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда вояга етаётган қизлар ҳамда илк маротаба мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар қўмита тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинмоқда.

    Бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, ёшларимиз камолотида муҳим ўрин тутмоқда. Булар опа-сингилларимизнинг оилада ва жамиятда фаоллигини ошириш, орзу-умидини рўёбга чиқариш, янгиланиш жараёнларида ўз ўрнини кенг намоён этишига мустаҳкам замин яратди. Натижада хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ишларида иштироки кенгаймоқда, турли соҳаларда самарали меҳнат қиляпти.

    — Гендер сиёсатининг самараларига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    — Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Иккита муҳим қонун — “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

    Қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортди. Уларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорликда 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга етди.

    Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курслари ташкил этилиб, ҳар йили камида 100 нафар хотин-қиз ўқитилмоқда. Туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимида 5 нафар аёл фаолият юритмоқда.

    Олий Мажлис Сенати кенгаши қарори билан ушбу йўналишдаги ишларни чуқур таҳлил ва тарғиб қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамият ҳаётида фаоллигини янада ошириш мақсадида 2020 йилдан буён “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ўтказиб келинмоқда.

    Гендер тенгликни таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекис­тоннинг айнан шу йўналишдаги позиция­си қатор халқаро рейтингларда босқичма-­босқич яхшиланиб бормоқда. Ўзбекистон 2022 йилдаги Глобал инновацион индексида 4 поғона юқорилаб, 82-ўринни (2021-йилда 86-ўрин) эгаллади. Парламентда хотин-қизлар сони БМТнинг тавсияларига мос ­даражага етди. Очиқ гендер маълумотлар индексида эса 69,7 балл тўплаган ҳолда жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат сафидан жой олди.

    Яқинда Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” йиллик ҳисоботи эълон қилинди. Ҳужжат 190 та давлат, жумладан, Ўзбекис­тонда аёлларнинг аҳволини 10 та кўрсаткич: “хавфсизлик”, “ҳаракатланиш эркинлиги”, “бандлик”, “меҳнатга ҳақ тўлаш”, “никоҳ”, “ота-оналик”, “болаларни парваришлаш”, “тадбиркорлик”, “мулкни бошқариш” ва “пенсия таъминоти” бўйича баҳолайди. Бу даврда атиги 18 та давлат ёки индексда баҳоланган давлатларнинг 10 фоизидан камроғи юқоридаги кўрсаткичлар доирасида аёлларнинг мавқеини яхшилайдиган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширган. Қувонарлиси, Ўзбекистон бу жабҳада энг катта муваффақиятга эришган бешта давлат қаторидан жой олди.

    — Сир эмас, жамиятимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида эришилаётган ана шундай ютуқларга соя соладиган иллатлар ҳам учраб турибди. Бу ҳолатларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблайсиз.

    — Тўғри, аёллар ҳуқуқини ҳимоялаш бў­йича ютуқларимиз салмоқли, аммо муаммолар йўқ эмас. Ҳаётимизда бот-бот учраб турадиган оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги, оилалардаги зўравонлик, эрта унаш­тирув, қариндошлар никоҳи каби ҳолатлар бунга мисол.

    Ўтган йили Фарғонада Президентимиз раислигида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига ҳам эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки жамиятда барқарорлик муҳитига эришиш учун, аввало, аёлларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш лозим. Шу мақсадда ижтимоий-маиший муаммоси бор оилалар билан ишлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланган эди.

    Бу борада қўмитамиз томонидан ҳам кенг қамровли ишлар қилиняпти. Аёллар ўртасида жиноятчиликни кескин қисқартириш бўйича “Фарғона тажрибаси” яратилди. Натижада “Хавфсиз оила” тамойили асосида алоҳида иш тизими йўлга қўйилди.

    Адашиб турли жиноятларга қўл уриб, профилактик ҳисобга олинган хотин-қизлар билан тизимли ишланяпти. 2023 йилда профилактик ҳисобда турган қарийб 58,7 минг хотин-қизнинг 23 минг нафарга яқини моддий-маънавий, ижтимоий масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳисобдан чиқарилди.

    Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ҳамда “Ижтимоий маслаҳатхона”лар орқали 2023 йилда руҳий тушкун ҳолатдаги 17 мингга яқин хотин-қизга маслаҳат ва тавсиялар берилиб, ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Оилавий зўравонликка қарши мунтазам тарғибот юритяпмиз. Таз­йиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларга ҳимоя ордери бериляпти. Бу ишлар натижасида 2023 йилда 15,5 мингга яқин оила яраштирилди, қарийб 18,5 мингта низони бартараф этишга эришилди.

    “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида йўлга қўйилган янги тизим асосида профилактика инспекторлари томонидан хотин-қизлар фаолларига тақдим этилган хулосаларнинг ҳар бирини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш орқали аёлларга турли масалаларда кўмак берилди.

    Жорий йилда давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган долзарб масалалар қаторида вояга етмаган қизларни унаштириш ва яқин қариндош­лар ўртасидаги никоҳ билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, оқибатларини тушунтириш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаётгани ўринли танқид қилинди.

    Халқимиз, ижтимоий тармоқларда фаол жамоатчилигимиз яхши билади, айрим ота-­оналар фарзандлари вояга етмасдан туриб оила қуришига даъватчи бўлиб қолмоқда. Маҳаллалардаги фаолларимиз, турли комиссияларимиз ҳам баъзан эрта турмуш ҳолатларининг олдини ололмай қоляпти.

    Вояга етмаган қизларини унаштираётган, қариндоши билан қуда бўлишни истаб, фарзандларининг келажагига билиб-билмай зиён етказаётган ота-оналар маҳалла тизими билан ҳисоблашмаслиги, ўзлари билганча иш тутиши ҳам, афсуски, мана шундай салбий ҳолатларни кўпайтирмоқда.

    Шундай муаммолардан бири қариндош­лар никоҳи. Мутахассисларнинг қайд этишича, қариндошлик никоҳида бўлган оилалардан туғилган болаларда биринчи авлодда туғма нуқсон ва ирсий касалликлар айрим ҳолларда кузатилмаса-да, кейинги авлодларда мазкур касалликлар намоён бўлиши эҳтимоли юқори ҳисобланади. Шу боис, кўпгина мамлакатларда бундай никоҳлардан юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш бўйича турли нормалар белгиланган. Хусусан, Франция ва Нидерландия кабиларда қисман тақиқлар мавжуд. Унга кўра, ушбу давлатларда тўртинчи даражали қариндошлар никоҳдан ўтишидан олдин белгиланган махсус генетик таҳлилларни топшириши талаб этилади. Япония, Покистон, Туркия кабиларда эса бу масала ҳуқуқ нормалари билан эмас, одат нормалари кўринишида жамиятга сингдирилиб борилмоқда.

    Биз ҳам амалдаги қонунчилик ҳужжатларини бугунги кун талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқяпмиз. Қонунчиликка ўзгартириш киритишни талаб қиладиган омиллар ва шароитларни ўрганиш, унинг заруратини аҳолига тушунтириш орқали муайян ижтимоий муҳит ва шароитни яратиш, жамиятимизда бу каби ўзгариш­лар онгли қабул қилиниши учун комплекс чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга оширишимиз зарур.

    Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фао­лиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида бу йўналишда кенг қамровли вазифалар белгиланган. Фармонга мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди, қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди. Айни пайтда ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича иш олиб боряпмиз.

    Албатта, бу саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси мўътабар оналаримиз, мунис аёлларимиз, оқила қизларимизнинг бахту иқболини кўзлаб қилинмоқда. Зеро, аёлнинг бахт-саодатга эришиши оиланинг, жамиятнинг катта ютуғидир. Аёллари бахтли элнинг эса бугуни ва эртаси фаровон бўлади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Баҳор Хидирова суҳбатлашди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates