Бу ҳақда АОКАда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.
Президентнинг тегишли қарорига кўра, олийгоҳларда давлат гранти квоталарини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш амалиёти жорий этилди. Эндиликда иккинчи ва ундан юқори курсларда таҳсил олаётган, ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган ижтимоий фаол талабаларга таълим гранти тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган шаклларда тақдим этилади.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган айрим тоифадаги талабаларга қўшимча имкониятлар яратилди. Ушбу тоифадаги талабалар ўзлаштириш кўрсаткичига қараб икки турдаги грантдан фойдаланиши мумкин. Биринчи турдаги грант орқали уларнинг контракт тўлови Давлат бюджетидан тўлиқ қопланади, иккинчи турдаги грантда эса молиявий мустақил олийгоҳларнинг маблағлари ҳисобидан контракт суммасининг маълум бир қисми қоплаб берилади.
Бундан ташқари, ушбу тоифадаги абитуриентлар учун давлат гранти квотасидан ташқари 10 фоизгача қўшимча грантлар ажратилади. Давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизидан юқори натижа кўрсатган абитуриентлар ушбу грантлар орқали ўқишга кириш имкониятига эга бўлади.
Талабалар учун яна бир муҳим янгилик – ўзлаштириш кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлган айрим тоифадаги кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади. Бу имконият орқали ёшларимиз таълим олиш жараёнида молиявий қийинчиликларга дуч келмайди.
Грантларни тақдим этиш жараёни шаффофлик ва холислик тамойилларига асосланади. Барча талабгорлар олийгоҳларнинг расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда ариза топшириши мумкин. Грантларга талабгорлар олийгоҳлар ҳузурида ташкил этиладиган махсус комиссиялар томонидан баҳоланиб, натижалар янги ўқув йили бошланишидан олдин эълон қилинади.