Биологик фаол қўшимчалар сертификатлаш маркази аккредитацияси қайтариб олинди

    Марказ қадоғи ва таркиби бўйича маълумотлар дори воситаси билан бир хил бўлган маҳсулотга БФҚ деб ишлаб чиқариш учун рухсатнома берган.

    Ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда дорилар ўрнини босадиган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ), озиқ-овқат қўшимчалари ва бошқа (оздирувчи ёки семиртирувчи) маҳсулотларнинг рекламаси ортиб боряпти.

    Бу эса истеъмолчиларни баъзи ҳолларда шифокор кўрсатмаларига амал қилмай, ушбу маҳсулотларни мустақил равишда истеъмол қилишига олиб келмоқда. Бундай ҳаракатлар инсон саломатлигига салбий таъсир қилиб айрим касалликларнинг янада кучайиши хавфини оширади.

    Рақобат қўмитаси айрим БФҚ маҳсулотларида дориларга хос хусусиятларнинг мавжудлиги ва таркиби дори воситасига ўхшаш эканини аниқлади.

    Хусусан, “Bio max pharm” МЧЖ томонидан “Bio Smekta” биологик фаол қўшимчасини ишлаб чиқариш учун рухсатнома расмийлаштирилган. Бироқ мазкур БФҚ қадоғи ва таркиби бўйича маълумотлар дори воситаси билан бир хил экан.

    "Мазкур ҳолат бўйича Қўмита томонидан Ўзбекистон аккредитация марказини жалб этган ҳолда ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида “Agro kimyo standart” МЧЖ қошидаги “Uni-chem-test” лабораторияси томонидан ушбу маҳсулотни амалдаги техник меъёрларга мувофиқ деб тасдиқлангани маълум бўлди.
    Камчиликлар бўйича ҳужжатлар Ўзбекистон аккредитация марказига юборилди ва “Uni-chem-test” лабораториясининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш сўралди. Марказ томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Agro kimyo standart”нинг сертификатлаштирувчи органи аккредитация талабларини бузганлиги сабабли унинг аккредитация сертификати амал қилиши тўхтатилган", дейилади ахборотда.