Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яшнобод туман суди 42 ёшли блогер Мурод Махсудовни 7,5 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди, кейинроқ пойтахт судлари матбуот хизмати тасдиқлади, деб ёзади газета.
Муқаддам судланмаган блогер Жиноят кодекси 139-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат), 165-моддаси 2-қисми «б» банди (кўп миқдорда товламачилик) ва 167-моддаси 2-қисми «б» ва «г» бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айбдор деб топилди.
Шу билан бирга, суд Мурод Махсудовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1 ва 2-қисмлари (анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик) бўйича айбсиз деб топди ва реабилитация қилди.








