Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти “Оқолтин” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Ў. ўзига тегишли олма боғида меваларни ўғирлаётган вояга етмаган болаларни ушлаб, уларни чайласига олиб келган ва ўғрилик қилгани учун оғзаки койиб танбеҳ берган.
Шу пайт болалардан бирининг отаси боғга келиб, Т.Ў.ни уриб тан жароҳати етказиб, қўл ва оёқларини арқон билан боғлаб “самосуд” қилди.
Ҳолат юзасидан шу йилнинг 8 июль куни боғ эгаси Нарпай туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шунингдек, болаларнинг отаси ҳам жорий йилнинг 6 июль куни Нарпай туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, аризасида қишлоқдоши Т.Ў. нинг олма боғидан олма меваларини ўғирлаган вояга етмаганларни ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказганлигини ва арқон билан боғлаб қўйганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 138 моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2 қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.