Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ташкил этилган мазкур тадбир болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат муаммоси, ушбу муаммони бартараф этиш бўйича давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан кўрилаётган чоралар, бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган «2021 йил Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили» доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Юксак савияда ўтказилган ушбу халқаро тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилотининг бош директори Гай Райдер, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси бош директори Шарран Барроу, Халқаро иш берувчилар конфедерацияси бош директори Суарес Сантос, Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо 187 давлатдан 4 мингга яқин вакиллар иштирок этди.
Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо давлатлардан фақатгина Ўзбекистон қисқа муддатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бутунлай бартараф этиш борасида амалга оширган ишлари, меҳнат соҳасидаги халқаро стандартларга тўлиқ риоя этаётган давлат сифатида халқаро ва минтақавий даражадаги йирик ташкилотлар қаторида тадбирнинг очилиш маросимида кириш сўзи билан иштирок этди.
Тадбирда Сенат Раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар сингари, меҳнат муносабатларини халқаро нормалар асосида тартибга солиш борасида ижобий натижаларга эришилганлигини таъкидлади.
Бу борада биринчи навбатда миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, институционал базани ривожлантириш, мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини қайд этди.
Хусусан, 2019-2021 йиллар давомида бу борадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги, ҳар йили Халқаро меҳнат ташкилотининг ўртача иккита конвенцияси ратификация қилинаётганлиги, бу соҳада болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик чораларининг кучайтирилганлиги самарали чоралардан бири бўлганлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда, муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этишда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ҳамда ҳудудий комиссияларнинг ташкил қилинганлиги, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилганлиги бу соҳадаги ишларни самарали мувофиқлаштириб бориш имкониятини яратган.
Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда кўрилаётган чоралар самарали бўлганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кучли сиёсий иродаси ҳамда мавжуд муаммоларга тизимли ёндашув асосида кўрилган чоралар натижасида сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилди. Ушбу натижалар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Тадбир давомида халқаро конференция иштирокчилари томонидан болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда мамлакатимизда амалга оширилган ишлар юксак баҳоланди. Соҳада эришилган натижалар мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, шунингдек Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги йўли тўғри ва самарали эканлиги ўз тасдиғини топди. Миллий қонунчиликни халқаро стандартларга имплементация қилишдан тортиб, бу борадаги ишларга барча идораларни жалб этиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ўз самарасини берди, - дейди Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер.
Қисқа вақт ичида болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берган Ўзбекистон тажрибаси бугунги кунда барча давлатларга ўрнак бўлади. Кучли сиёсий ирода, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, шунингдек самарали халқаро ҳамкорлик натижасида меҳнат муносабатлари тизими жаҳон андозаси даражасига кўтарилди, - дейди Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бош директори Шаран Барроу.
Халқаро тадбир ўз ишини 20 майга қадар давом эттиради, унда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари бўйича маъруза билан қатнашиб, фикр алмашиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.