Инфляцияни жиловлаш, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини барқарор ушлаб туриш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Лекин аҳоли даромадининг катта қисмини аслида дори-дармонга сарфлаётгани қайд этилди.
«Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими?
Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти», – деди Президент.
Рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш бўйича ишламаган марказ, туман, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг келажаги йўқлиги қайд этилди.
Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиши, катта-катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз бу ишларнинг аҳволини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилди.
Мисол учун, охирги беш йилда ошқозон касалликлари 1,5 баробар қисқарган бўлсада, Қашқадарё ва Навоийда деярли ўзгариш бўлмаган. Яккабоғда шифокорларга бўлган мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда эса 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ.
Шифокорларимиз аҳолига, айниқса, болаларга ҳалигача антибиотикларни пала-партиш қўллаб келаётгани танқид қилинди. Туманларга тушиб, шифохона ва поликлиникадаги врачларга қайси дори мумкин, қайси бири мумкин эмаслигини ўргатиш ишлари суст.
Бошқа бир мисол, буйрак касалликларининг улуши Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда республика кўрсаткичидан 40-50 фоизга юқори.
Мазкур ҳудудларда бу касалликлар йиллар давомида камаймасдан келаётгани Урология маркази ва Нефрология маркази раҳбариятини хавотирга солиши, улар пастга тушиб, буйрак касалликларининг олдини олишни ўргатиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.









