Болани эмизиш она соғлиғи учун қандай аҳамиятга эга?

    Саломатлик 15 октябр 2020 19025

    Дунёга келган чақалоқнинг ҳар томонлама соғлом ва дуркун бўлиб улғайишида она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти беқиёс. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неонатологи, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Камола Солиҳова билан суҳбати айни шу мавзуга бағишланади.

    — Она сутининг фарзанд саломатлигида тутган ўрнини қандай изоҳлайсиз?

    — Она сути боланинг соғлом ва баркамол бўлиб ривожланиши учун муҳим озуқадир. Унинг таркибида юздан зиёд фойдали микроэлементлар бор. Улар боланинг тўйиб озиқланиши учун етарли, ҳатто сув ўрнини босади. Қолаверса, она сути иммуноглобулинга бой бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди, чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоялайди, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди.

    Буюк аллома бобомиз Абу Али ибн Сино она сутининг беқиёс фойдали жиҳатларини инобатга олиб, уни қуёш нурига қиёслайди. Замонавий тиббиётда ҳам она сутининг шифобахш хусусиятлари алоҳида эътироф этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чақалоқларни она сути билан боқиш бўйича 10 қадам тамойилини тарғиб этиб келяпти. Жумладан, мамлакатимиз ҳам ушбу ташаббусга қўшилиб, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормоқда.

    — Эмизиш даврининг муваффақиятли ўтиши учун қандай қоидаларга амал қилиш керак?

    — Биринчидан, бола туғилиши билан илк ярим соат ичида болани эмизиш керак. Туғруқ мажмуаларида бу масалага жиддий эътибор қаратилади. Она-бола уйига қайтгач, болани кўкрак сути билан озиқлантириш жараёнини кузатиш, бу борада онага маслаҳат ва тавсиялар бериб бориш патронаж ҳамширалар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бунинг учун сиз, патронаж ҳамширалар қуйидаги муҳим қоидаларни билишингиз шарт:

    - чақалоқни соатга қараб эмас, чақалоқ талаб қилганда (тез-тез) эмизиш керак;

    - янги туғилган чақалоқларни 3-3,5 соат оралиқда озиқлантиришни амалга ошириш мураккаб. Чақалоқнинг ошқозон ҳажми тез-тез ва кам миқдорда озуқа қабул қилишга мослашган, бир вақтнинг ўзида 150-200 милли литр сутни қабул қилиши физиологик тўғри келмайди. Шунинг учун янги туғилган чақалоқ биринчи ойларда кўкракни тез-тез, кеча-кундуз давомида 10-15 мартагача талаб қилади;

    - она ва бола доимо бирга бўлишини тавсия қилинг. Она тафтини ҳис қилиб ухлаш бола руҳияти учун жуда фойдали. Бу она сути яхши ишлаб чиқилишига ҳам катта ёрдам бўлади. Эмизиш пайтида, бир-бирига яқин иккита инсон ўртасида эмоционал алоқа ўрнатилади, бу гўдакка ҳимояланганлик, қулайлик ва хотиржамлик ҳиссини бахш этади. Агар бола ҳафтасига тахминан 150 грамм вазн йиғаётган бўлса, бу унинг кўкракни меъёрида эмаётгани белгиси дейиш мумкин.

    — Болани эмизиш она соғлиғида қандай аҳамиятга эга?

    — Бу она соғлиғи учун ҳам катта фойда келтиради. Аввало, кетма-кет ҳомиладорликнинг олди олинади. Онанинг кўкрак ва бачадон саратони, артрит ва юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли камаяди, шунингдек, эмизикли она ортиқча вазнни тез йўқотади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг таъкидлашича, кўкрак сутининг йўқлиги ёки унинг етишмаслиги шунчаки болани кўкракка нотўғри тутиш ва мунтазам эмизмаслик оқибати, холос. Лактациясиз, яъни сут келмайдиган оналар бўлмайди (95 фоиз аёлларда кўкрак сути меъёрда ишлаб чиқилади).

    Аёлнинг руҳий аҳволи яхши бўлса, оилада соғлом муҳит ўрнатилса, она сути келишида муаммолар бўлмайди, аксинча, турли стресс, чарчоқ онада сут ҳосил бўлишига салбий таъсир кўрсатади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates