IELTS ва CEFR имтиҳонлари ёшларимизнинг билимини тўғри баҳолай оляптими?

    IELTS имтиҳони мамлакатимизда 1997 йилдан буён ўтказилишига қарамай, нега айнан ҳозир кўплаб ёшларимиз юқори 9.0 балл олмоқда?

    Авваламбор, шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирги кунда мамлакатимизда хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини ўрганишга жуда кучли эътибор берилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 19 майда мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

    Мана шундай эътибор натижасида ҳозирги кунда ёшларимиз миллий сертификатлардан ташқари халқаро имтиҳон турлари IELTS, CEFR ва SAT имтиҳонларини топширишлари осонлашди, имтиҳон топширувчилар сони анча ошди.

    Биринчи навбатда тушунишимиз керак, инглиз тилини ўрганиш бу замон талаби ва ҳозирги кунда инглиз тили, умуман хорижий тилларни ўрганишни асословчи уни кўрсатиб берувчи муҳим, ва айни пайтда ягона йўл — бу халқаро имтиҳонларни топшириб, тегишли сертификатларга эга бўлишдир.

    Халқаро имтиҳонлар нисбатан шаффоф ва адолатли экани, тестологиянинг барча муҳим жабҳаларини ўзида жамлагани ва уларнинг ҳақиқийлиги ҳозирги кунда ҳеч кимда савол қолдирмайди.

    Иккинчидан, мазкур сертификатларга эга бўлган ёшларимиз нафақат чет эл олий ўқув юртларида, балки ўзимизнинг олий таълим муассасаларига ҳам кириш учун имтиёзлар берилган ва бир вақтнинг ўзида хорижий тилни биладиган ёшларимизнинг ишга жойлашиш имкониятлари анча юқори.

    Учинчидан, халқаро имтиҳонлардан юқори балл тўплаган ёшларимизга имтиҳон харажатларининг қопланиши кўплаб имтиҳон топширувчиларни хорижий тилларни ўрганишга ва ўз билимларини дунё тан олган сертификатлар билан мустаҳкамлашга сабабчи бўлмоқда.

    Фақат бир қизиқ ҳолат кўпчилик тил ўрганувчиларга савол уйғотмоқда, IELTS имтиҳони мамлакатимизда 1997 йилдан буён ўтказилишига қарамай, нега айнан ҳозир кўплаб ёшларимиз юқори 9.0 балл олишмоқда?

    Имтиҳон стандартлари шунақа тушганми ёки имтиҳон топширувчиларнинг билим даражаси ошганми? Шахсан ўзимнинг икки нафар шогирдим — Суҳроб Муродов ва Бобуржон Бахтиёров оддий мактаб битирувчилари бўлишига қарамай, IELTSдан рекорд натижа — 9,0ни қўлга киритган. Бундан олдин, 2021 йилда IELTSга тенг C2 натижа ҳам қайд этилган.

    Келинг мана шу саволга атрофлича тўхталайлик ва биринчи навбатда Ўзбекистон тарихида биринчи марта 2021 йилда C2 олган ва кейинчалик IELTSдан 9.0 олган энг ёш имтиҳон топширувчи Суҳроб Муродовнинг фикрларини ўрганайлик:

    «Менинг IELTS ва CEFR имтиҳонларидан юқори балл олишимга асосий туртки бу — мактабда, уйда — ота онам, устозим Муҳаммадхон Солиевнинг бизларга доимий ёрдами ва шу вақтнинг ўзида давлатимиз томонидан берилаётган мотивация деб биламан. Лекин келинглар бироз таҳлил қилайлик, ҳозирги кунда кимлар юқори натижалар оляпти? — кўпчилиги ёшлар эмас, балки камида 10 йил тайёрланган мураббийлар — камида 10-15 марталаб топширгандан кейин олишяпти. IELTS эса ёшлар ва абитуриентлар, умуман олганда олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган ёки миграция қилмоқчи бўлганлар учун тест. Мана шу имтиҳондан юқори баҳо олиш ўқитувчилик маҳоратини ёки билимини кўрсатмайди. Худди шундай кўп йиллик тажрибага эга устозларнинг абитуриентлар учун яратилган имтиҳондан юқори балл олиши, бу умумий баллар олишганини ёки кўпчилик юқори балл олганлигини кўрсатмайди. Дейлик, математика фанидан университет домлалари университет кириш имтиҳонларидан максимал балл олгани бу ёшларимиз математикани зўр ўрганганини кўрсатмагани каби.»

    18-ёшидаёқ бирданига иккита халқаро имтиҳонлар — IELTS дан 9.0 ва SАТдан максимал балл — 1600 олган Бобуржон Бахтиёров буни шундай ифодалайди:

    «Шахсан менинг фикримча, имтиҳон саволлари осонлашган. Мен 2021 йилда биринчи марта имтиҳон топширганимда саволлар нисбатан қийин тузилгандек кўринган эди менга. Яна бир омил, дунёнинг бошқа давлатлари, дейлик Хитой ва Ҳиндистондан фарқли равишда Ўзбекистонда халқаро IELTS имтиҳонининг МЧЖ кўринишидаги хусусий тест марказлари томонидан олиниши, имтиҳонлардан юқори балл олинишига сабаб бўлмоқда. IELTS дан юқори 9.0 балл олганларининг кўпчилиги айнан хусусий тест марказида олинган.»

    Албатта, ёшларимизнинг халқаро имтиҳонлардан юқори балл олиши бу ижобий ҳодиса, ва ўйлайманки, бу хатти-ҳаракатлар янада қўллаб қувватланиши керак. Шу билан биргаликда, мамлакатимизда тест топшириш маданияти — яъни имтиҳон топширувчилари имтиҳон топширишдан олдин тест формати, хусусиятлари билан яхшироқ таниш эканликлари, давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кучли педагогларнинг мактабларимизга қайтиши таълим сифатини ошириш билан бирга, имтиҳон натижаларига ҳам таъсир қилмоқда. Жумладан, президент, ижод ва ихтисослаштирган мактабларда халқаро имтиҳонларда тўпланган ўртача баллари юқори эканлиги, хорижий экспертлар жалб этилган мактабларда ўқиётган ёшларимиз юқори натижаларга эришаётгани фикримизнинг далилидир. Шу ўринда, халқаро имтиҳонларга тайёрлашда хусусий секторнинг ўрни катта. Жуда ҳам кўп ёшлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган ўқув марказларига бориб таҳсил олмоқда. Яқин-яқингача марказлар фақат шаҳар марказларида бўлса, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларида ҳам кўплаб ўқув марказлари ташкил этилди, ва уларни ташкил этишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан субсидиялар ажратилди. Яна бир муҳим омил — ўқув муассасаларида халқаро андозаларга мос Кембриж, Оксфорд ва ММ Пабликейшнс (ММ Публиcатионс) каби нашриётлар китоблари ва интерактив платформаларидан фойдаланиш йўлга қўйилди.

    Мана шу омилларнинг бир вақтнинг ўзида мамлакатимизда бўлиши, 2021 йилдан 2023 йилгача давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ҳукуматдаги алоҳида орган — Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан ягона давлат сиёсати юритилганлиги ҳамда таълимга сўнгги йилларда берилган кучли эътибор ёшларимизнинг халқаро имтиҳонлардан юқори натижа олаётганининг сабаби деб биламан.

    Фақат менинг хоҳишим — бу тил ўрганиш шунчаки ўз йўлида ёки IELTSдан юқори балл олиш русум(мода)га киргани учун бўлмаслиги, аксинча ёшларимизга жаҳон илм-фани ютуқларини ўрганиши, хорижий нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб, қайтганидан кейин мамлакатимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшишларига имкон яратувчи стимул вазифасини бажариши керак, деб ҳисоблайман.

    Муҳаммадхон Солиев,

    Халқаро тоифали инглиз тили ўқитувчиси —

    Буюк Британиянинг Нортгемптон ва Кембриж Университетлари битирувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates