Бош айланишига қандай омиллар сабаб бўлади?

    Саломатлик 17 август 2022 4179

    Кўз олди қоронғулашиб, бош айланиши кўпчилик учун таниш ҳолат. Бироқ, ҳамма ҳам унга етарлича эътибор беравермайди. Айримлар эса қони камайиб кетганлигини айтиб, гемоглобин миқдорини ошириш пайида бўлади.

    Аслидачи? Бош айланиши қандай омиллар сабабли юзага келади?

    Ушбу саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ғофуров жавоб берди.

    — Бош айланиш касаллик эмас, балки кўплаб неврологик, психологик, юрак-қон томир тизими ҳамда қулоқ хасталиклари фонида пайдо бўлиши мумкин бўлган аломатдир, — дейди шифокор.

    Аслида ҳар қандай соғлом инсон проприоцептив, кўриш ва вестибуляр тизимлар юборган импульслар ёрдамида тана мувозанатини сақлайди. Агар бош мияга юборилаётган ана шу импульслар бузилса, у атрофидаги предметларни худди айланаётгандек ҳис этади. Натижада эса одамнинг боши айланади.

    Айтиш керак, бу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган 80 дан ортиқ сабаблар мавжуд.

    Улардан бири эса мия фаолиятининг бузилиши ҳисобланади. Хусусан, миядаги хавфли ўсмалар, бош суяги жароҳати, мия қон томирлари фаолиятининг бузилиши, умуртқа бўйин қисмининг лат ейиши ва умуртқа чурраси шулар жумласидан.

    Қолаверса, кучли чарчоқ, қаттиқ ҳаяжонланиш, эмоционал ҳолатнинг кескин ўзгариши оқибатида ҳам бош айланади. Шу билан бирга, вестибуляр нервнинг вирусли инфекциялари ёки лабиринтит сабабли ҳам ушбу ҳолат кузатилади. Бу пайтда бемор қулоғида шовқин, оғриқ пайдо бўлиб, эшитиш қобилияти сусаяди ёки бутунлай йўқолиши ҳам мумкин.

    Шу сабабли бундай бош айланишига беэътибор бўлмаслик лозим. Чунки мазкур ҳолатда касаллик белгиларсиз бошланиб, инфекциянинг мияга ўтиб кетиш хавфи юқори.

    Шунингдек:

    - артериал қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши;

    - қонда қанд миқдорининг пасайиши;

    - инсульт;

    - организмнинг сувсизланиши;

    - вегетатив дистониялар;

    - сурункали кечувчи камқонлик;

    - юрак касалликлари ва яна бир қанча хасталиклар ҳам ушбу ҳолатга сабаб бўлади.

    Айниқса, тўсатдан ҳолсизлик, кўриш ёки эшитиш, нутқнинг бузилиши билан кечадиган бош айланишига беэътибор бўлмаслик керак. Чунки бу вазият инсульт хасталигидан дарак беради. Агар беморнинг нутқи ўзгариб, юз симметрияси бузилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.

    Ўтирган жойдан турганда қисқа вақтли ортостатик бош айланиши эса кўпинча организмда суюқлик етишмаслиги билан боғлиқ. Агар сувсизланиш бўлмай, бош айланиши кузатилса, унга юрак ритмининг бузилиши ёки юрак етишмовчилиги сабаб бўлиши мумкин.

    Шунингдек, бош айланиши билан бирга, кучли бош оғриғи, юришнинг қийинлашиши, кўнгил айниши ва қусиш, ҳушдан кетиш, ҳаво етишмаслиги, бўйин мускулларининг тортишиши ҳамда талвасалар кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш лозим, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates