Қайд этилишича, ушбу ҳолатларга ЎзЛиДеП томонидан қатъий муносабатлар билдирилиб, депутатлар томонидан мутасадди идораларга депутатлик сўровлари киритилмоқда.
Аммо юқоридагиде ҳолатларнинг такрорланаётганлиги партия депутатларини хавотирга солмоқда. Жумладан, куни кеча Боёвут тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан фермерларга зўравонлик ишлатиши, ер участкаларини топшириш тўғрисида кўрсатма бериши ҳолатлари айрим мансабдорларнинг ноқонуний хатти-харакатларини кўрсатмоқда.
Содир этган хатти-ҳаракатлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида кескин танқидий муҳокама этилган ва Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ураловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.
Шу билан бирга, партия фооллари ҳудудларда фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашув, уларга зўравонлик қилиш, мол-мулкларини эркин тасарруф этишга тўсқинлик қилиш ҳолатларини кескин қоралаб, мансабдор шахсларни қонунларга риоя этишга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини бу борада қатъий назорат ўрнатишга чақирмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси, 65-моддаси, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаларида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч зўравонликка, инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.