“Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс иштирокчиларига

    Ҳурматли анжуман қатнашчилари! Қадрли дўстлар! Аввало, Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиз, азизларни “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресснинг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    Дунёнинг узоқ ва яқин давлатларидан ташриф буюрган сизлар каби кўзга кўринган илм-фан ва санъат арбоблари, олим ва тадқиқотчилар, эксперт ва реставраторлар, музейшунос ва бошқа ўнлаб соҳа мутахассисларининг улуғ алломалар диёри бўлган, биринчи ва иккинчи Шарқ ренессансини яратишда улкан ўрин тутган юртимиздаги илмий-маданий мерос намуналарини ўрганишга катта қизиқиш ва эътибор билан қараётгани бизни албатта мамнун этади.

    Бу борада Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ўтказилаётган халқаро анжуманлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

    Конгресснинг бу галги саккизинчи йиғилиши доирасида мамлакатимизда бунёд этилаётган, маданий-гуманитар йўналишдаги мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг жорий ва келажакка мўлжалланган илмий дастур ва режалари муҳокама қилиниши айниқса диққатга сазовордир.

    Бунда буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказишга оид дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлигимиз учун янги имконият ва истиқболлар очиб беради.

    Бу ҳақда сўз юритганда, сизларнинг иштирокингизда тайёрланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилганини таъкидлаш лозим. Ана шу ишларнинг давоми сифатида анжуман кунларида мазкур туркумдаги яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилиши ҳам муҳим маданий ҳодисадир.

    Фурсатдан фойдаланиб, халқимизнинг қадимий ва бетакрор маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган сиз, азизларга, олим ва тадқиқотчилар, ношир ва журналистлар жамоасига, шунингдек, жаҳондаги турли фонд ва коллекцияларда халқимизнинг тарихий ва маданий ёдгорликларини асраб-авайлаб, бизнинг мутахассисларимиз билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган олижаноб инсонларга чуқур миннатдорлик билдираман.

    Биз сизларнинг барчангизни Ўзбекистоннинг чинакам дўстлари деб биламиз ва илмий-ижодий фаолиятингизни юксак баҳолаймиз. Юртимиздаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, биринчи навбатда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эшиклари сизлар учун доимо очиқ.

    Моҳият эътибори билан ўзида Ватанимизнинг шонли ўтмиши, бугунги ҳаёти ва буюк келажагини намоён этишга хизмат қиладиган бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратиб берилади.

    Ишончим комил, Халқаро конгресс доирасида мамлакатимиздаги маданий ёдгорликлар, тарихий-меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар ва китоб фондларини ўрганиш ҳамда уларни асраш ва тарғиб этиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиб, ҳамкорлигимизни ривожлантириш бўйича янги таклиф ва тавсияларни билдирасизлар. Анжуман жараёнида ўтказиладиган барча тадбирлар, ҳурматли олимларимизнинг илмий маърузалари, муҳим ғоя ва ташаббуслари Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий тараққиётига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади, деб ўйлайман.

    Сизларни бугунги нуфузли анжуманнинг очилиши билан яна бир бор қутлар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, илмий ва ижодий фаолиятингизга ютуқ ва омадлар тилайман.

    Жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Ўзбекистонга – тинчлик, дўстлик ва илм-маърифат диёрига хуш келибсиз!

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates