Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишeр Навоий ижодий мeросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кeнг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишeр Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Буюк шоир ва мутафаккир, халқпарвар давлат арбоби Мир Алишер Навоийнинг бебаҳо мероси эл-юртимиз маънавий ҳаёти ва дунё адабиёти ривожида алоҳида муҳим ўрин тутади. Ул зотнинг муборак сиймоси умрини Ватан ва халқ саодати учун бахш этишни ҳаёт маслаги деб биладиган фидойи шахсларни тарбиялашда барча даврлар учун юксак идеал намунаси бўлиб хизмат қилади.

    Сўнгги йилларда улуғ аждодимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди, жумладан, халқаро илмий экспедициялар ташкил этилди, шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиш ва нашр этиш ишлари давом эттирилмоқда.

    Буюк гуманист, адолат ва эзгулик куйчиси, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт ҳомийси Алишер Навоийнинг умумбашарий аҳамиятга эга ўлмас меросини янада теран тадқиқ этиш, халқимиз ва жаҳон аҳлини бу улкан бойликдан ҳар томонлама баҳраманд этиш мақсадида:

    1. Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида 2025 йилни «Алишер Навоий йили» деб номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    2. Алишер Навоий ижодий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси)нинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

    Алишер Навоий меросини ўрганиш ишларини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида юртимиз ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, ушбу мавзуда янги илмий, бадиий ва оммабоп асарлар яратиш, хориждаги навоийшунос олим ҳамда ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилида нашр этиш чораларини кўриш;

    Навоий сиймоси тасвирланган, унинг шахси, илмий-маърифий мероси, давлат арбоби сифатидаги фаолиятига бағишланган кўргазмали ахборот воситаларини тайёрлаш, медиамаҳсулотлар ва аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштиришни таъминлаш;

    Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги элчихоналари, ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти, инсонпарварлик ғояларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида илмий анжуманлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этиш;

    мазкур жараёнда вазирлик ва идоралар, илмий ва ижодий, маърифий муассасалар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш;

    ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, чора-тадбирларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро грантлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилишини ташкил этиш, маблағларнинг тақсимланиши ва сарфланишини назорат қилиш

    4. Алишер Навоийнинг беназир ижодий меросини кенг оммалаштириш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Республика комиссияси Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар ўз вақтида самарали амалга оширилишини ташкил этсин, бу борада идоралараро ҳамкорликни таъминласин. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти Республика комиссиясининг ишчи органи этиб белгилансин.

    5. Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номлангани муносабати билан Навоий вилояти ҳокимлиги:

    Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2025 йил 8-9 февраль кунлари буюк бобомиз таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан маҳаллий ва хорижий олимлар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилик иштирокида «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий халқаро симпозиуми ва навоийхонлик тадбирларини юқори савияда ўтказиш чораларини кўрсин;

    «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ ҳолда сўлим боғ ва хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этсин;

    Бадиий академия, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Маданий мерос агентлиги билан биргаликда Навоий шаҳрида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» боғида Алишер Навоийнинг ҳайкали ва «Хамса» достонлари мавзусидаги рамзий дарвозаларни ўрнатиш ҳамда мемориал музей ташкил этиш чораларини кўрсин;

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси билан биргаликда ҳар йили алоҳида режа асосида Алишер Навоий ижодига бағишлаб ижодий кечалар, танловлар, китоблар нашри ва тақдимоти ҳамда илмий-адабий анжуманлар ўтказсин. Ушбу тадбирларга талабалар, ёш ижодкорлар ва иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш, уларни муносиб рағбатлантириш орқали «Навоий вилояти тажрибаси»ни йўлга қўйсин.

    6. Фанлар академияси:

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Навоий давлат университетида 2025 йил 10-15 октябрь кунлари «Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилишини таъминласин. Бунда халқаро конференцияни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан тенг улушларда қопланиши белгилаб қўйилсин;

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда «Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш» мавзусида республика танлови, шунингдек, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда «Навоийхонлик кечалари»ни ташкил этсин.

    7. Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, у яшаган даврнинг маърифий-адабий муҳити, шоирнинг устоз ва замондошлари, издошлари ҳақида ҳикоя қилувчи асарларни қайта нашр этиб, олий таълим муассасаларида Алишер Навоий қўлёзмаларининг кўргазмалари ҳамда асарларининг тақдимотларини ўтказсин.

    8. «Навоий кон-металлургия комбинати» акционерлик жамиятининг Алишер Навоий ҳаёти ҳамда ижодий фаолиятига бағишланган бадиий кинофильмни молиялаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Кинематография агентлиги 2026 йил якунига қадар навоийшунос олимлар, етук сценарийчи ва режиссёрлар, актёрлар ва соҳа мутахассислари иштирокида ушбу бадиий фильмни яратиш, унинг тантанали премьерасини ташкил этиш чораларини кўрсин.

    9. Ташқи ишлар вазирлиги Республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган алоҳида режа асосида Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.

    10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Алишер Навоий ҳаёти, унинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти ҳамда жаҳон адабиёти ва тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, шунингдек, корхона, ташкилотлар ва меҳнат жамоаларида кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этсин.

    11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Алишер Навоий ҳаёти ҳамда ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

    12. Мазкур қарорда назарда тутилган чоратадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

    13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.


    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

    Тошкент шаҳри, 2025 йил 7 февраль

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates