Тиббиёт кенг қамровли соҳалардан бири. Айнан шунинг учун ҳам ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур соҳада муҳим чора-тадбирлар, лойиҳалар амалга оширилади. Экологик муаммолар, айрим касалликларнинг ёшариши соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришни, айниқса, болалар гематологияси, онкологияси йўналишида диагностика ва даволашнинг замонавий стандартларини кенг жорий қилишни талаб қилади.
Маълумотларга кўра, болалар орасида саратоннинг олдини олиш кўп ҳолларда имконсиз бўлганлиги сабабли, унинг юкини камайтириш ва касаллик кечишининг натижаларини яхшилашнинг энг самарали стратегияси — ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйиб, самарали далилларга асосланган даволашни йўлга қўйишдир.
Бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида пойтахтимизда “Далилларга асосланган ҳаракат” мавзусидаги болалар онкологияси ва гематологияси бўйича I халқаро конгресси ўтказилмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида онкологик касалликлар сабабли эрта ўлимни 2,5 баробарга қисқартириш вазифаси белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 майдаги қарорида эса 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш кўзда тутилган.
«Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева конгрессдаги нутқида "бу ерга биз ягона мақсадни кўзлаб, ўғил-қизларимизнинг ҳаётига зомин бўлаётган энг оғир касалликлардан бирини енгиш учун йиғилдик. Ҳар бир бола яшашга ҳақлидир. Болалар келажакда соғлом бўлиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни ишга солиш бизнинг бурчимиздир", деб таъкидлади.
— Давлатимиз раҳбарининг “Онкологик, гематологлик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда онкологик, гематологлик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларни диагностика қилиш, даволашни жорий қилиш белгиланган, — дейди Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров, — Бугунги конгрессда айни йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди. Қувонарлиси, тадбир баҳона соҳада фаолият юритаётган дунё олимлари билан бир даврада жам бўлиб, фикр алмашдик. Гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири. Тиббиёт марказимизда суяк кўмиги трансплантациясининг илк амалиётлари бошланган.
Бугун Республикамизда болалар онкологи касаллиги бўйича мутахассислар етарли эмас. Шу боис соҳа учун замонавий диагностика, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ЖССТ, Халқаро болалар онкологияси жамияти, Европа онкология мактаби билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда айни масалаларга ҳам алоҳида урғу берилди.
— Авваламбор онкологик касалликлар нафақат бизнинг юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам энг оғир турдаги касаллик ҳисобланади, — Республика Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази болалар жарроҳи Тожиддин Мустафоев. — Бир йилда Республикамизда 26 мингдан зиёд одамда хавфли ўсма касаллиги аниқланса, шундан 3 фоиздан ортиғи болалар ҳиссасига тўғри келади. Болалардаги хавфли ўсма касалликлари баъзи бир жиҳатлари билан катталарда учрайдиган шундай касалликдан фарқ қилади. Конгресс мазкур йўналишдаги вазифаларни бажариш, муаммоларга ечим топишда тажриба алмашиш майдонига айланди дейиш мумкин. Конгресс Ўзбекистонда болалар саломатлигини муҳофаза қилишни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.
Айтиш жоиз, болалар онкологияси ва гематологияси соҳасида тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, диагностика ва даволашнинг замонавий стандартларини, бошқариш усуллари ва молиялаштириш механизмларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш давр талаби. Халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, энг сўнгги илм-фан ютуқлари, илғор диагностика ва даволаш усулларини муҳокама қилиш, тиббий ёрдам сифатини ошириш мақсадида ташкил этилган конгресс болалар саратонини даволашда илғор халқаро ва инновацион амалиётларни жорий қилишни ҳам кўзда тутади.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири