Дам олиш кунлари ёғингарчиликсиз ўтади

    Мамлакатимизда 13 октябр 2023 1601

    Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво дам олиш кунлари ҳам сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги матбуот хизмати.

    Узоқ муддат давом этган қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаводан сўнг 11−12 октябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Қора денгиз ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келди. Барча жойларда ёмғир ёғди, айрим жойларда кучли бўлди, тоғли ҳудудларда қорга айланди.

    Баъзи жойларда шамол тезлиги кучайиши кузатилди. Ҳаво кескин совуқлашди.

    Жума куни эрталаб деярли барча жойларда ёғингарчилик тўхтади ва кун давомида республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Фарғона водийсида баъзи жойларда ёмғир ёғади, республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

    13 октбярь куни кундузи ҳаво ҳарорати +10…+15 даража атрофида бўлади. Шанба ва якшанба кунлари кечаси ва эрталаб ҳарорат +3…+6 даражагача пасаяди, кундузи ҳаво аста-секин илиқлашади ва якшанба куни кундузи ҳаво +17…+20 даражагача исийди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

    Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутимайди, 14−15 октябрда кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади.

    Ҳарорат 13 октябрда +10…+12 даража, 14 октябрда кечаси +4…+6 даража, кундузи +14…+16 даража, 15 октябрда кечаси +5…+7 даража, кундузи +17…+19 даража бўлади.