Фискал институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси эканлиги баробарида, молиявий назорат, бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Фискал институтга талабалликка қабул ҳамда бакалавриат таълим йўналишида ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Институт қуйидаги йўналишларда фаолият олиб боради:
- солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш;
- бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш;
- солиқ органлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
- солиққа тортиш ҳамда молиявий назорат соҳаларида амалий ва фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш, инновацион лойиҳаларни кенг жорий этиш;
- малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини қўллаш асосида ташкил этиш;
- ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларни кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог ходимларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.
Институтга қабул параметрлари белгиланган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрларга бўлган эҳтиёжни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш асосида Давлат солиқ қўмитаси томонидан мустақил белгиланади.
Институтга қабул белгиланган тартибда барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилади.
Институтга хорижий фуқароларни қабул қилиш суҳбат асосида амалга оширилади.
Фискал институт 2021/2022 ўқув йилида таълимнинг қуйидаги бакалавриат йўналишларида талабаликка қабул қилади:
- Солиқ ва солиққа тортиш;
- Бухгалтерия ҳисоби ва аудит;
- Рақамли иқтисодиёт.
Шунингдек, Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети билан ҳамкорликда бакалавриат бўйича 4 йиллик кундузги таълим дастурлари ва магистратура бўйича 2 йиллик кундузги таълим дастурлари асосиди кадрлар тайёрланади.
Таълим кундузги ва сиртқи шаклларда, кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ўқиш муддатлари:
кундузги таълим шакли учун 4 йил;
сиртқи таълим шакли учун 5 йил.
Кириш имтиҳонлари иқтисодий таълим блокидаги фанлардан ташкил топади.
Талабалар учун қуйидаги қулайликлар тақдим этилади:
- битирувчиларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади;
- ўқув жараёнида таълимнинг масофавий шакллари ҳам қўлланилади;
- икки йил давомида инглиз тили чуқурлаштирилган ҳолатда ўқитилади;
- талабалар турар жой билан таъминланади;
- Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети билан ҳамкорликдаги таълимнинг 3-4 босқичлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида амалга оширилади;
- дарс машғулотларига вазирлик ва идораларнинг етакчи амалиётчи мутахассислари жалб этилади;
- ўқув жараёнининг якуний босқичи солиқ органлари маъмурий биноларида ташкил этилади;
- таълим жараёни Фискал институтнинг энг замонавий кампусларида ташкил этилади, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.