Шу ўринда юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, карантин даврида бизнес субъектларига кўмаклашиш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан, жорий йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 000 сўм) 50 фоизгача камайтирилди.
Фаолиятига пандемия салбий таъсир қилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 31 декабргача айрим солиқлар тўланишини фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкони берилди. Бу борада тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида 2020 йил 1 июль ҳолатига 2 827 та тадбиркорлик субъектининг 135 миллиард сўмликдан зиёд солиқларини тўлаш муддати кечиктирилди.
2020 йил 1 июндан 1 сентябргача кичик корхоналар икки турдаги — ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод қилиниб, бугунги кунда ушбу имтиёз асосида мамлакат бўйича 142,5 мингта кичик бизнес вакили 332,8 миллиард сўмлик солиқлардан озод бўлди. Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилиши натижасида 1 681 769 та иш ўрни ташкил этган 328 782 та субъектнинг солиқ юки камайтирилди.
Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоиз камайтирилди. Бунда давлат ёрдами қарийб 15,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бундай мисол ва рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, пандемия даврида берилган имтиёз ва енгилликлар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобида қолган маблағлар уларнинг фаолияти барқарорлигини сақлаб қолишга, иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишига ҳамда ходимларининг иш ҳақларини ўз вақтида беришига моддий асос яратяпти.
Яна бир муҳим жиҳат. 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Ушбу янгилик орқали жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти яратилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида шу муносабат билан зиммамизга ушбу янги тизим имкониятларини барча тадбиркорлар эътиборига етказиш ва ижросини барча ҳудудларда самарали ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Тан олиб айтиш лозим, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган чоралар ижроси барча ҳудудларда бир хил эмас. Шу боис, уларга берилаётган енгиллик ва солиқ имтиёзларининг қўлланилишини назорат қилиш фақат солиқ идоралари вакиллари эмас, балки барча давлат ташкилотлари ва органлари томонидан биргаликда амалга оширилиши лозим.
Президентимиз томонидан янги вазифа, яъни “Солиқчи — тадбиркорга яқин кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди. Унинг моҳияти шундан иборатки, энг аввало, биз иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканини танлаб беришимиз зарур. Ундан кейин эса бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолият кўрсатмаётганларини тикланишига кўмак бериш, бухгалтериясини юритиши, ҳисоботларни тўлдириши ва топшириши, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратилади.
Айни пайтда мутахассисларимиз ушбу тизимни жорий этиш механизми устида иш олиб боряпти.
Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар зиммамизга бугунги қийин шароитда манзилли ишлашни, ҳар бир тадбиркор фаолиятига унинг қийинчилик ва муаммоларини тушунган ҳолда кўмакчи бўлишни тақозо этади. Шу боис, фаолиятимиз эндиликда қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқланди ва қўшимча солиқ ҳисобланди, деб тадбиркорни жазолашга қаратилмайди, аксинча, солиқ қонунчилиги бузилиши нечоғли камайгани ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилгани асосий иш мезонимизга айланади.
Шерзод КУДБИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси