Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 7 июн 2021 2482

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Мамлакатда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш, ўз бизнесига эга оилаларни кўпайтириш мақсадида:

    1. Қуйидагилар республикада замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

    замонавий иссиқхона хўжаликларини биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш ва зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш;

    иссиқхона хўжаликлари учун уруғ, кўчат ва ўғитларнинг инвесторлар томонидан доимий етказиб берилишини ташкил этиш;

    ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари учун тўлиқ агросервис хизматларини кўрсатиш, малакали агрономларни бириктириш ҳамда замонавий лабораторияларни ташкил этиш;

    хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари ишчиларини ўқитиш орқали соҳа бўйича етарли кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш;

    иссиқхоналар ҳосилдорлигини ва самарадорлигини йил давомида ҳосил олиш амалиётини жорий этиш орқали ошириш.

    1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий ва маҳаллий инвесторлар (кейинги ўринларда – инвесторлар) томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг (кейинги ўринларда – ташаббускор аҳоли) талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб:

    ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар (кейинги ўринларда – иссиқхоналар) барпо этиш;

    қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (кейинги ўринларда – уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    1. Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилсин. Бунда, лойиҳа доирасида:

    а) давлат шериги:

    қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларини инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратади;

    уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (жумладан газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортилишини таъминлайди;

    мазкур қарорнинг 4 ва 5-бандларида кўрсатилган имтиёзларни тақдим этади;

    б) инвесторлар:

    лойиҳа-олди ва лойиҳа ҳужжатларининг (ТИА, чизмалар ва бошқалар) тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

    уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилишга оид лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларини “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда ишлаб чиқади;

    давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади;

    уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб шартномада келишилган муддатгача етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотиш ва ҳисобини юритиш ишларини амалга оширади;

    давлат шериги ва ташаббускор аҳоли билан тузилган шартномалар шартларига амал қилади;

    уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддат ва миқдорда хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва ташаббускор аҳоли фаолият юритаётган уй-иссиқхона мажмуасини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати тугагандан сўнг давлат шеригига ўтказилган ҳолда бепул тарзда ташаббускор аҳолига белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди;

    в) ташаббускор аҳоли:

    уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддатгача тузилган шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади;

    келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида (ижара шартномасининг амал қилиш муддатига) бепул қабул қилиб олади ҳамда келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

    1. Белгилансинки:

    а) ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;

    б) ташаббускор аҳоли ва инвесторларнинг талаблари ҳамда имкониятларидан келиб чиқиб, улар ўртасида тузилган шартнома асосида иссиқхоналар қурилиши уларнинг хонадонлари ва томорқаларида томонларнинг ўз маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

    в) уй-иссиқхона мажмуалари қурилиши учун:

    инвесторларнинг ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар жалб этилади;

    ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини (газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортиш ишлари маҳаллий ҳокимликларнинг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари буюртмалари асосида амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида “Эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш” йўналиши учун назарда тутилган марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан молиялаштирилади;

    г) иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4742-сон қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилади.

    1. Қуйидагилар:

    уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинсин;

    иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинсин;

    иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилсин.

    Бунда, импорт қилинадиган товарларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши тўғрисида экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан берилади.

    1. Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича туман ҳокимликлари, инвесторлар ва ташаббускор аҳоли ўртасида тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг намунавий шаклини тайёрлаб, икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этсин. Бунда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг намунавий шаклига уй-иссиқхона мажмуасидан инвесторларнинг фойдаланиш муддати ҳамда уй-иссиқхона мажмуасида турар жой ва иссиқхонанинг майдонига оид ва бошқа шартлар киритилади.
    2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда:

    уй-иссиқхона мажмуалари қурилиши учун қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларини аниқласин;

    битта майдонда камида 100 та уй-иссиқхона мажмуасининг жойлаштирилишини назарда тутган ҳолда, уларнинг жойлаштирилиши бўйича манзилли дастур лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган манзилли дастур асосида инвесторларга уй-иссиқхона мажмуалари қурилиши учун ер майдонларининг белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминласин.

    1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги уй-иссиқхона мажмуалари учун ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини (газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортиш ишларини молиялаштириш мақсадида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан маблағлар ажратилишини таъминласин.
    2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

    а) Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагилар бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

    хорижий компаниялар ва малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда Бухоро туманида “Замонавий иссиқхона хўжалиги” кўргазмали семинарини ташкил этиш ҳамда унинг доирасида соҳадаги муаммо ва ечимларга қаратилган халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш;

    иссиқхона хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уруғчилик, навчилик, лаборатория ва логистика масалаларини қамраб оладиган кластер тизимини жорий қилиш;

    соҳадаги олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида замонавий иссиқхона хўжалигини ташкил этиш, уларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усулларини ўқитишни йўлга қўйиш;

    б) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик танлови доирасида “Энг илғор иссиқхона хўжалиги” номинациясини жорий этсин;

    в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда замонавий иссиқхона хўжаликларининг аҳамияти, имкониятлари ва қулайликларини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилсин. Бунда иссиқхона ва уй-иссиқхона мажмуалари фаолиятини ёритиш ҳамда кенг тарғиб этишга бағишланган кўргазмали нашрлар ва услубий қўлланмаларни яратиш ҳамда аҳолига тарқатиш чораларини кўрсин.

    Ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.

    1. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маҳалла”, “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар” ва маҳаллий телеканалларда замонавий иссиқхона хўжаликларини қуриш, ресурс тежовчи илғор технологияларни кенг жорий этишга оид махсус кўрсатувлар ташкил этилишини ҳамда мунтазам намойиш этиб борилишини таъминласин.
    2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишда масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М.Холхўжаев белгилансин.

    Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 7 июнь

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates