Бу йўл мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралдир. Лекин узоқ йиллик қатновлар, Оролбўйининг кескин континентал иқлими туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Шу боис 2021-2024 йилларда 323 миллион долларлик лойиҳа эвазига замонавий қилиб қайта қурилди.
Давлатимиз раҳбари маросимда ушбу йўлнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.
– Энди мамлакатимиз ҳудудларидан халқаро ташувлар масофаси 1 минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камаяди. Бу йўл юртимизни Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланади. Яна бир муҳим жиҳати – “А-380” халқаро йўлагининг Ўзбекистондан ўтган қисмида кунлик транспорт қатнови 3 карра ошади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йўл жаҳон стандартларига ҳар томонлама мос, текис ва равон. У аввало халқимиз, қолаверса, хорижий туристлар ва юк ташувчиларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконини беради.
Аввалроқ “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг бошқа қисмлари таъмирланган эди. Шу йил 29 февраль куни Амударё устида Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган янги кўприк очилди. Бундай ишлар одамлар ҳаракатига қулайлик яратиб, иқтисодий фаоллик ошишига, тадбиркорлик ривожланишига ҳам қўшимча туртки бўлади.
Ҳисоб-китобларга кўра, янги йўл атрофида 200 дан зиёд савдо-сервис объекти ва саноат корхонаси пайдо бўлади. Шунинг ҳисобидан дастлаб 2 мингта, келгусида эса яна 5 мингта иш ўрни ташкил қилинади. Шу тариқа, Қорақалпоғистонда транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 миллион долларга, мамлакатимиз экспорти эса камида 300 миллион долларга ошиши учун мустаҳкам замин яратилади.
Ушбу магистрал йўл ўтадиган Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Нукус, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қораўзак ва Қўнғирот туманларидаги 1 миллиондан зиёд аҳоли ҳаёти ўзгаради.
Президент мазкур лойиҳада иштирок этган қурувчи ва ишчиларга, Осиё тараққиёт банкига, Туркия, Озарбайжон ва хитойлик пудратчиларга, Жанубий Корея ва италиялик консультантларга миннатдорлик билдирди.
– Йўл ва кўприк қуриб, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш энг савобли ишлар қаторида туради. Биз бунёдкор йўлсозларнинг тимсолида ана шундай олижаноб, элнинг дуоси ва раҳматига сазовор бўлиб келаётган заҳматкаш инсонларни кўрамиз. Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган бундай эзгу ишларимиз янада кўпайсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Мазкур 240 километр йўлнинг икки томони – Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани ҳамда “Довуд ота” божхона постида ҳозир бўлганлар телекўприк орқали алоқага чиқди. Президент Шавкат Мирзиёев мамнуният билан йўлнинг очилишига рухсат берди. Ушбу қувончли воқеа билан барчани муборакбод этди.
Маросимда давлат идоралари ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига муҳандислик иншоотларини мониторинг қилиш тизими тақдимот қилинди. Унга кўра, кўприкларнинг муайян нуқталарига электрон узатгичлар ўрнатилади. Улар оқали мустаҳкамлик ва хавфсизлик даражаси, ҳозиргидек белгиланган муддатларда эмас, доимий назорат қилиб борилади. Кундалик меъёрдан ўзгариш сезилса, муаммо тезда аниқланиб, вақтида чора кўрилади. Бу кўприкларнинг узоқ вақт яхши сақланишини таъминлайди.
Шунингдек, бу тизим натижасида маблағ тежалади. 20 га яқин қоғоз шаклдаги ҳисоботлар рақамлаштирилади. Мониторинг маълумотлари 30 йилгача сақланади.
Шундай биринчи лойиҳа Тошкент халқаро аэропортига элтувчи, Бобур кўчасидаги янги йўл ўтказгичда қўлланди. Маросимда ушбу транспорт боғламаси ҳам тўлиқ очилди. Унинг умумий узунлиги 702 метр, эни 46 метр. Шунингдек, 2 та айлана ва 4 та ёйсимон “қанот”лар барпо этилиб, Кичик ҳалқа йўли ҳамда Содиқ Толипов кўчалари билан самарали боғланган. Бу қайрилиб олишга ҳожат қолдирмай, автомобиллар ҳаракатини осонлаштирди. Умуман, ушбу транспорт боғламаси 1 соат ичида 5 мингта, бир кеча-кундузда 132 мингта автомобилни ўтказиш қувватига эга бўлди.
Президент бу тизимни аввал пойтахтимиздаги 114 та кўприкда ва кейинчалик барча кўприкларда татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда кейинги саккиз йилда 2 минг километр йўл қайтадан қурилган, 100 минг километри таъмирланган. Энг муҳими, бунда сифат ўзгармоқда, янги турдаги полимер-бетон, цемент-бетон қопламалар кенг қўлланилмоқда. Натижада йўллардан фойдаланиш муддати 1,5 баробаргача узаймоқда.
Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда келгуси йил яна минг километр йўл қуриш бўйича 10 та йирик лойиҳа режалаштирилган.