Унга мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб:
жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда “Яшил тўлов” хайрия тўловларини “Яшил олам” ва “Яшил тўлов” электрон платформалари орқали амалга ошириш имконияти яратилади;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилган “Яшил тўлов” хайрия тўловлари Яшил хайрия жамғармасида жамланади, бунда “Яшил олам” электрон платформаси орқали амалга оширилган хайрия тўловлари Яшил хайрия жамғармасининг алоҳида ҳисобварағига йўналтирилади;
Яшил хайрия жамғармасида жамланган маблағлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкил қилиш, шунингдек, мамлакатда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;
Яшил хайрия жамғармасига келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланилади.
Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Яшил хайрия жамғармаси ташкил этилади.
Шунингдек, қарор билан:
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси бошқарув кенгашининг таркиби тасдиқланди.
Ихтиёрий хайрия тўловлари бўйича хизмат кўрсатувчи “Яшил олам” ва “Яшил тўлов” электрон платформалари ишга туширилади.
2025 йил 1 июнга қадар Миллий яшил фаровонлик фонди (электрон маълумотлар базаси) шакллантирилиб, унга республикадаги, шу жумладан, давлат ўрмон фондига кирадиган дарахт ва буталар ҳақидаги маълумотлар киритилади ва ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастри юритилади.