Эри ва қайнотаси томонидан мажбуран машинада олиб кетилган аёлга ҳимоя ордери берилди

    Ижтимоий ҳаёт 25 ноябр 2022 1700

    Эр ва қайнотага нисбатан тергов ишлари бошланган.

    Кеча ижтимоий тармоқларда Косон туманида истиқомат қилувчи 2 нафар эркак автомобилига аёл кишини мажбурлаб олиб кетгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Косон тумани ҳокимлиги маълумот берди.

    "Видеодаги машинага мажбуран ўтказиб олиб кетилган аёл 2000 йилда туғилган М.А бўлиб чиқди. Унинг турмуш ўртоғи ва қайнотаси уни Тошкентда кўчада ушлаб, куч ишлатиб, машинага солиб, Косон туманида бирга яшаган хонадонига олиб келган.

    Ҳолат Косон тумани ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ва Ички ишлар бўлими назоратига олинган бўлиб, кеча мазкур оила вакиллари билан профилактик суҳбат ўтказилди. Шунингдек, фуқаро М.А. билан оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Озода Парпибоева шахсан учрашиб, мулоқот қилди. Ҳозирда аёлдан тушунтириш олинган ва унинг эри ва қайнотасига нисбатан тергов ишлари бошланган.

    Бундан ташқари, фуқаро М.А билан суҳбат ўтказилиб, ҳимоя ордери берилиши таъминланди ва тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, унинг хонадонига бориб яшаш шароитлари ўрганилди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда", дейилади хабарда.