«Ўздавкарантин» ҳамда «Россельхознадзор» хизматлари ўртасида олиб борилган музокараларнинг навбатдаги натижаларига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Россия Федерациясига Фарғона вилоятидан қуритилган маҳсулотлар экспортига рухсат берилди.
Мазкур келишувга қадар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги фитосанитар ҳолатни чуқур ўрганиб, тақиққа сабаб бўлган капр қўнғизи билан боғлиқ таҳлилларни олиб борган эди. Ҳудудда бундай карантин объекти мавжуд эмаслиги қайд этилган илмий хулосалар Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизматига тақдим этилган.
Шу билан бирга энди Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорт жараёнида қўшимча талаб киритилди. Яъни Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади, деб хабар беради «Ўздавкарантин» инcпекцияси матбуот хизмати