Фахрий журналистларга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони топширилди

    Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Янги Ўзбекистон журналистикаси: устоз-шогирд анъаналари давом этади” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    – Ушбу тадбиримизни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳузуридаги Фахрий журналистлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил қилдик, – деди уюшма раиси Олимжон Ўсаров. – Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг ва изчил, холис ёритилишида ОАВ вакиллари жамиятимизнинг кўзгуси вазифасини ўтамоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу борада ёшларга муносиб устозлик қилиб келаётган фахрий журналистларнинг меҳнатини эътироф этиш муҳим. Чунки бугун нафақат марказий, балки ҳудудий нашрларимизда ҳам маҳорат мактаблари фаолияти йўл қўйилган бўлиб, уларда ўз соҳасининг етук журналистлари, хусусан, нуронийларимиз ёшларнинг соҳадаги билим ва тажрибасини оширишда беқиёс хизмат қилмоқда.

    Давра суҳбатида Фахрий журналистлар кенгаши раиси Жаббор Раззоқовнинг “Фахрий журналистлар кенгашининг устувор вазифалари”, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидовнинг “Маҳорат мактаби: устоз ва шогирд анъаналарининг янги талқини” мавзусидаги маърузалари тингланди. Фахрий журналист Шароф Убайдуллаев бугунги замонавий журналистикада “устоз-шогирд” анъаналарининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    – Янги Ўзбекистоннинг қиёфаси шаклланди. Шунга мувофиқ матбуоти ҳам янгиликка интилиши керак, – деди Фахрий журналистлар кенгаши раиси, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Жаббор Раззоқов. – Бу борада давлатимиз раҳбари журналистларга имконият яратмоқда. Ҳудудларга расмий ташрифлари давомида журналистлар билан учрашиб, уларнинг фикри билан қизиқмоқда, уларга ишонч билдирмоқда. Икки йилдан бери уюшма ҳузурида кенгашимиз фаолиятини йўлга қўйдик. Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни ёритишда, таҳлил қилишда, ишонаманки, нуроний журналистлар ҳам фаол қатнашади.

    Тадбир сўнггида устоз журналистлардан бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates