Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви бошланди

    Мудофаа вазирлиги тизимида, ҳарбий хизматга чақириш ва ҳарбий хизматни ўташ тизимини ислоҳ қилиш ишлари қай даражада олиб борилмоқда?

    Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда ҳарбий қисмларда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатишга тайёргарлик тадбирлари бошланди.

    Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Мудофаа ишлари бўлимлари фаолиятини рақамлаштириш натижалари ҳамда фуқароларни навбатдаги чақирувда муддатли ҳарбий хизматга чақириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Анжуманда Мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, полковник Отабек Юлдашев, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Қадамбой Саидов, вазирликнинг Марказий ҳарбий-тиббий комиссияси раиси, полковник Нажмиддин Саидқулов, Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Меҳриддин Қўчқоров, Республика Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия полковниги Шерзод Ҳайитов журналистларнинг чақирув масалалари бўйича саволларига жавоб берди.

    Мудофаа вазирлиги мутасаддилари берган маълумотларига кўра, бугунги мамлакатимизда фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш ва ҳарбий хизматни ўташ тизимини ислоҳ қилиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилдан чақирув ёшидаги фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тизими жорий этилган бўлса, мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси тизимининг асоси ҳисобланган “Чақирув” ахборот тизими ишга туширилган.

    Шунингдек, мазкур тизим Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” ва “Хорижга чиқиш паспорти” ахборот тизимлари, идоралараро ҳамкорликни таъминловчи “Электрон ҳукумат” платформаси, Адлия вазирлигининг “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграцияси амалга оширилди.

    Натижада ҳимояланган локал тармоқ орқали мудофаа ишлари бўлимлари ўртасида маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди ҳамда республикамиз ҳудуди бўйлаб барча мудофаа ишлари бўлимлари орқали фуқароларга хизмат кўрсатишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларга барҳам берилди, чақирув даврида шаффофлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш таъминланди, аҳолига “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш турларини электрон тарзда амалга оширишга эришилди. Ушбу тизимнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун барча мудофаа ишлари бўлимлари ахборотни ҳимоялаш воситалари, унинг ишлашини таъминловчи телекоммуникация қурилмалари ва компьютер воситалари билан таъминланди.

    Жорий йилнинг 15 февралидан бошлаб туман мудофаа ишлари бўлимларида муддатли ҳарбий хизматга чақирув тадбирлари, яъни чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий қисмга жўнатиш учун командаларга тайинлаш ишлари бошланди. Қуролли Кучлар сафини жисмонан бақувват ва руҳан соғлом фуқаролар билан бутлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш тартиби икки босқичда ўтказилади:

    бирламчи тиббий кўрик – туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари чақирув пунктларида ҳудудий тиббий комиссиялари томонидан;

    чуқурлаштирилган тиббий кўрик – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармаларидаги йиғин пунктларида ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан.

    Чақирилувчиларни умум жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ҳамда муддатли ҳарбий хизматга тавсия этилиши мудофаа ишлари бўлимларида ўтказилиб, танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун чақирилувчиларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилмоқда.

    Чақирилувчининг тиббий ҳужжатлари, тавсифномалари, шахсий йиғма жилди ва бошқа ҳужжатлари билан танишиб, шикоятлари сўралиб, анамнез йиғилгач, тиббий текширув ўтказилади. Қуролли Кучлар сафини соғлом ва жисмонан бақувват чақирилувчилар билан бутлаш, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан йиғин пунктларида тузилган ҳарбий-тиббий комиссиялар таркибида иштирок этиш учун Мудофаа вазирлиги ҳарбий-тиббий муассасаларидан ҳарбий-тиббий комиссия раислари, жарроҳ, терапевт ва невролог, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари даволаш-профилактика муассасаларидан офтальмолог, оториноларинголог, психиатр, дерматолог ва стоматолог каби мутахассислар тиббий кўрикка жалб этилган.

    МИББ чақирув пунктида ҳудудий-тиббий комиссиялар бир иш кунида 50 нафар, МИБ йиғин пунктида 100 нафар чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказади. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тиббий эксперт ҳужжатларга киритилади.

    Матбуот анжуманида журналистларнинг барча саволларига Мудофаа вазирлиги мутасаддилари томонидан тўлиқ жавоб берилди.

    Мулоҳаза, мунозара, қизғин фикрларга бой бўлган тадбир барча иштирокчиларга бирдай манзур бўлди.

    Гулчеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates