Айнан шу куни инсониятнинг умумий уйи саналмиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳида ташкилотнинг тарихий 80-юбилей сессияси ўз ишини бошлади. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва дунё аҳли учун дастуриламал аҳамиятга эга бўлган теран фикрлар, долзарб таклифлар ва эзгу ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи том маънода янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, халқаро майдондаги обрўси тобора ортиб бораётгани ва глобал муаммолар ечимига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканининг ёрқин намоёни бўлди, десак адашмаймиз.
Дунё ўта мураккаб ва таҳликали даврни бошдан кечираётган, геосиёсий кескинлик, қарама-қаршиликлар ва ишончсизлик муҳити кучайиб бораётган бир шароитда давлатимиз раҳбарининг нутқи мен учун тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликка чорловчи даъват бўлиб янгради.
Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини халқаро институтлар ролининг заифлашаётганига, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётганига қаратди. Юртбошимиз айнан шундай шароитда БМТнинг асосий мувофиқлаштирувчи платформа сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш ва уни ислоҳ қилиш ҳаётий зарурат эканини алоҳида таъкидлади. Ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш ҳақидаги чақириқ дунёнинг аксарият мамлакатлари интилишларига ҳамоҳанг экани шубҳасиз.
Ҳар қандай юксак минбардан айтилган сўзнинг қиммати ва салмоғи унинг ортида турган амалий ишлар билан белгиланади. Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятга янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда эришган улкан ютуқларини намоён этди. Инсон қадри устувор бўлган демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат қуриш йўлидаги қатъий сиёсат ўз самараларини бераётгани аниқ рақамлар ва ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб берилди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизгача камайгани, мактабгача таълим қамровининг 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамровининг эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани – булар шунчаки статистика эмас, балки миллионлаб инсонлар тақдиридаги ижобий ўзгаришлар, оилалар фаровонлиги ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч ифодасидир.
Таълим ва илм-фанни ривожлантириш, ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга қаратилаётган эътибор замирида маърифатли жамият қуришдек эзгу мақсад мужассам. Шу ўринда илгари сурилган Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги кўникма ва қарашларини дунё билан баҳам кўришга ва жаҳоннинг энг илғор ютуқларини жорий этишга интилаётганидан далолат беради.
Президентимиз ўз нутқида Марказий Осиё минтақасининг янги қиёфасига ва унинг халқаро муносабатлар тизимидаги мустаҳкамланиб бораётган ўрнига алоҳида урғу берди. Саккиз йил аввал айнан шу юксак минбардан туриб эълон қилинган Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришдек стратегик мақсадга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Ёпиқ чегаралар, баҳс ва низолар ўтмишда қолгани, ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми бир неча баробарга ошгани Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни ортга қайтмас тус олганини кўрсатади. Минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган қатор янги таклифлар, жумладан, иқтисодий тараққиётга бағишланган халқаро форум ўтказиш, саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича дастурлар қабул қилиш каби ташаббуслар минтақанинг умумий равнақига хизмат қилиши аниқ.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари яна бир бор тинчликпарвар ва муросага чорловчи позицияни намоён этди. Афғонистондаги вазият, Ғазо секторидаги гуманитар инқироз ва Украина атрофидаги можаро юзасидан билдирилган фикрларнинг барчасида муаммоларни фақат сиёсий мулоқот ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этиш зарурлиги устувор ғоя сифатида ажралиб турди. Айниқса, афғон халқининг тинч ҳаётга интилишини қўллаб-қувватлаш ва бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳақидаги чақириқ инсонпарварлик тамойилларига асосланган чуқур ўйланган сиёсат намунасидир.
Терроризмга қарши курашда куч ишлатиш билан бирга, унинг оқибатларидан жабр кўрган инсонларни, айниқса, аёллар ва болаларни тинч ҳаётга қайтаришга эътибор қаратиш ўта муҳим. Ўзбекистоннинг “Меҳр” операциялари орқали орттирган бу борадаги ноёб тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш ҳамда БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очишга тайёрлик билдирилиши мамлакатимизнинг глобал хавфсизликни таъминлаш ишига қўшаётган амалий ҳиссасидир.
Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатлари бугунги куннинг энг ўткир муаммоларидан бири экани барчага аён бўлиб, Орол денгизи фожиаси бунинг яққол мисолидир. Президентимиз ушбу экологик инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламалар барпо этилгани ҳақида сўзлар экан, жаҳон ҳамжамиятини бу эзгу ишларда ҳамжиҳат бўлишга чақирди. Сув ресурслари тақчиллиги муаммосига бағишлаб Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш, иқлим миграцияси бўйича Глобал пакт қабул қилиш каби таклифлар ушбу муаммоларнинг нақадар жиддий эканини ва уларга глобал даражада ечим излаш заруратини яққол кўрсатади.
Замонамизнинг яна бир устувор йўналиши – рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожидир. Бу соҳада мамлакатлар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданиятда сунъий интеллектнинг амалий ечимларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклифи Ўзбекистоннинг “тараққиёт барча учун тенг ва очиқ бўлиши керак” деган позициясини намоён этади.
Нутқ сўнгида илгари сурилган маънавий-маърифий ташаббуслар эса бутун чиқишнинг гултожи бўлди, десак муболаға эмас. Ёшларнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик ғояларини сингдириш мақсадида “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини айнан Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи замирида чуқур рамзий маъно бор.
Зеро, Ўзбекистон азалдан турли маданият ва цивилизациялар туташган, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ўчоғи бўлиб келган заминдир. Яқин ойларда минтақа учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси марказининг очилиши, буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг бой маънавий мероси тақдимотининг БМТда ўтказилиши жаҳон аҳлига ислом динининг асл маърифий моҳиятини етказишда ва уни зўравонлик ҳамда жаҳолат билан тенглаштиришга уринаётган кучларга қарши кучли маънавий жавоб бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи янги Ўзбекистоннинг нафақат ўзи, балки бутун инсониятнинг эртанги куни, тинчлиги ва фаровонлиги учун юксак масъулиятни ҳис этишини яна бир карра намоён этди. Илгари сурилган ҳар бир таклиф пухта ўйлангани, чуқур таҳлилларга асослангани ва энг муҳими, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйгани билан аҳамиятлидир. Эндиликда ушбу аҳамиятли нутқда белгилаб берилган эзгу ғоя ва ташаббусларни мулоҳаза ва мушоҳада қилиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, ҳар бир юртдошимизга етказиш биз, маънавият ва маърифат соҳаси вакилларининг ҳам масъулиятли вазифамиз ҳисобланади.
Муҳайё ИСМОИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тошкент шаҳар бўлими раҳбари


