Ҳазорасп темир йўл вокзали янгича қиёфада фойдаланишга топширилди

    Бугун, 7 декабрь куни Хоразм вилоятида “Ҳазорасп” темир йўл вокзали тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

    «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан тубдан реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мувофиқ янгидан барпо этилган мазкур вокзалнинг тантанали очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Собиров, «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти бош директори Шерали Юсупов, фахрий темирйўлчилар, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Бу кўркам вокзал хоразмликлар учун Конституциямизнинг 33 йиллиги ва яқинлашиб келаётган Янги йил байрамига муносиб совғаси бўлди. Тадбирда ҳоким Жўрабек Раҳимов ҳамда Қутлимурат Собиров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва темирйўлчиларнинг тинмай амалга оширган меҳнати туфайли бунёд этилган ушбу замонавий вокзал йўловчилар учун катта қулайлик яратишини мамнуният билан таъкидлади.

    Ташриф буюрган меҳмонлар, фахрийлар ва йўловчилар вокзалда барпо этилган шароитлар билан яқиндан танишиб, бу ерда юртдошларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилганини эътироф этдилар ва темирйўлчиларга миннатдорлик билдирдилар.

    Реконструкция доирасида вокзалнинг асосий биносида парда деворлари тўлиқ янгиланди, ички пол қопламалари демонтаж қилиниб, замонавий материаллар билан алмаштирилди. Шифт ва ташқи фасад қисмларида ғишт териш, сувоқ ишлари амалга оширилди, иситиш тизими тубдан янгиланди.

    Йўловчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида кутиш зали, она-бола хонаси, алоҳида кириш йўлаги, чипта сотиш (касса) хонаси, юқори даражада хизмат кўрсатувчи зал (ВИП-зал) ва персонал хоналари замон талабларига мос ҳолда жиҳозланди. Шунингдек, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилиб, замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланди.

    Реконструкциядан сўнг «Ҳазорасп» темир йўл вокзали бир вақтнинг ўзида 200 нафар, бир кеча-кундузда эса 1000 нафарга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

    Вокзал атрофида яшил майдонлар, гулзорлар, манзарали дарахтлар экилиб, уларни парваришлаш учун замонавий суғориш тизими ўрнатилди.

    Зулхумор АКБАРОВА.

    Фотолар муаллифи Лочин ИБРАГИМОВ

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates